Маданий мерос агентлигининг асосий вазифалари белгиланди

706

“Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5150, 19.06.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, Маданий мерос агентлиги моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Қарорга кўра:

— соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари Агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланади;

— моддий маданий мерос объектига етказилаётган зарар ҳақидаги ҳолат бўйича хабардор бўлган пайтдан бошлаб давлат назоратининг дастлабки натижалари 24 соат ичида Агентлик расмий сайти орқали жамоатчиликка маълум қилинади;

— асрашга доир ишларни режалаштириш ва амалга оширишнинг барча босқичларини илмий-техник тадқиқ этиш учун ҳар бир объектнинг ўзига хослиги ва ҳолатидан келиб чиқиб, Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари тузилади;

Агентликка туризм ва спорт вазирининг тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

2023 йил 1 январдан:

● моддий маданий мерос объектлари ва музейлар соҳасидаги давлат хизматларининг айримлари электрон шаклда кўрсатилади;

● давлат хизматлари учун тўловларни электрон шаклда амалга ошириш орқали квитанция талаб қилиш бекор қилинади;

● Агентлик масъул ходимлари ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб этилган мутахассислар, экспертлар томонидан тегишли кўчмас мулк ва кўчар ашёлар шахсан экспертизадан ўтказилади;

● экспертиза ўтказиладиган манзил, вақт ва маълумот учун телефон рақамлари ҳамда давлат хизмати кўрсатиш натижаси ҳақида СМС юбориш орқали аризачи хабардор қилинади;

● давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилади.

🗓 2022 йил 1 январдан намойиш объектлари рўйхатига киритилган намойиш объектларида чипталар савдосини тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилмаган ҳолда амалга ошириш назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш деб баҳоланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Агентлик Президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги ПФ–6199-сон фармони билан ташкил қилинган.