Пиёз арзон… деҳқон меҳнати-чи?

1706

Шу кунларда бир қоп пиёз сотган киши уни елкасига қўйиб, харидорнинг автоуловигача элтиб бераётганига, «қоқи» баҳосидаги маҳсулотдан қутулганидан хурсанд эканига бот-бот гувоҳ бўляпмиз.

– Томорқамнинг 4 сотихига кузги пиёз эккандим, – дейди пастдарғомлик деҳқон Сулаймон Холиқов. – Ҳосил мўл бўлди. Аммо бозорда бу маҳсулот ниҳоятда кўплигидан ўн қопини бошқаларга илтимос қилиб, ҳар килосини кўтарасига 500 сўмдан сотдим.
Дарвоқе, бугун пиёз экиб, пушаймон бўлганлар оз эмас. Сабаби уни етиштиришга сарфланган харажат ва меҳнат ўзини оқламаяпти.
Хўш, пиёз мўл бўлганига ҳалол меҳнат қилиб, юқори ҳосил кўтарган деҳқон айбдорми? Нега бир йили картошка, иккинчи йили пиёз, бошқа пайт картошка қиммат бўляпти? Айб ердами, деҳқондами ёки табиатда?
Биз шундай саволлар билан тажрибали деҳқонларга мурожаат қилдик.
– Кетмонни далада қолдирсанг, дастаси кўкариб кетадиган заминимиздан фойдаланишда пухта режалаштириш йўқ, – дейди Пайариқ туманидаги «Фаррух» фермер хўжалиги раҳбари Озод Саримсоқов. – Бу тизим аҳоли эҳтиёжларини мониторинг қилишда, талабдан ортиқчароқ маҳсулот етиштириш чораларини кўришда оқсаяпти. Ана шундай палапартишликлар ҳар йили қайсидир маҳсулот қимматлашб кетишига сабаб бўляпти. Устига-устак, фермерларга ва деҳқон хўжаликлари эгаларига ҳудуд эҳтиёжи, экспорт талаби ва захира тизими ­бўйича маслаҳат берадиган ташкилот йўқ. Ҳали кўрасиз, бу йил кузда сабзи арзон, пиёз қиммат бўлади. Бугун бирорта мутасадди кузги аҳволни башорат қилолмайди.
Зеро, ҳозирги вазият рақамларни эмас, ҳақиқий аҳволни ва натижаларни аниқлаштириб олишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда мутасаддиларнинг фикри қандай экан? Ушбу саволимизга улардан жавоб кутиб қоламиз.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»