Амал курсиси… ором курсиси эмас

739

Ҳокимлик тизимида ишлайдиганлар «меҳмон тадбири» деган иборани жуда яхши тушунишади. Унга тайёргарлик кўришни эса баъзилари магистраль йўлларни ободонлаштиришдан тортиб, янги ишга тушаётган корхонанинг очилиш маросимини уюштиришу 3-4 нафар гапга чечан кишиларни сўзлатишдан иборат деб билишади. Шундай қилинса, уларнинг наздида ҳаммаси рисоладагидек бўлади, раҳбарларга гўёки ўша тадбирларга қай даражада тайёргарлик кўрганига қараб баҳо берилади.

Табиийки, бу «ура-ура»чилик ва ҳайбаракаллачилик замонларидан қолган иллатлардир. Аслида бугунги кун раҳбарлари бошқача йўл тутишлари лозим. Улар Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек «Аҳоли бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун нима қилиняпти? Қанча одам ишли бўлди? Яқин орада яна қанчаси ишли бўлади? Қишлоққа ишлаб чиқариш, қўшма корхоналар кириб келишига нима тўсқинлик қиляпти? Қандай қилиб табиий газ, узлуксиз электр энергия таъминотини йўлга қўйса бўлади?» деган оғриқли муаммоларга ечим излаши, тунни кунга улаб ишлаши керак. Ишлаганда ҳам сидқидилдан «Нима қилсам, эл менинг фаолиятимдан қониқади?», деган ўйда ҳаловат билмай ишлаши зарур.
Давлатимиз раҳбарининг кадрлар салоҳиятидан кўнгли тўлмагани бежиз эмас. Чунки ҳозирги давр мавжуд муаммоларни ҳал этишни ҳамда 10, 20, 50 йилдан кейинги режалар билан яшашни талаб этмоқда. Амалда эса…
Амалда баъзан юқоридан келган топшириқни бажаришдан нарига ўтмайдиган «намунали ижрочи раҳбарлар»га кунимиз қолаётгандек.
Бир йиғилишда «истиқболли ­лойиҳалар» ибораси маъносини билмаган туман ҳокими хуноби ошиб, «Бу нима дегани?», дея залдагиларга юзланди. Хўш, шу оддийгина иборани тушунмаган раҳбардан қандай натижа кутиш мумкин?
Йирик ташкилот раҳбарининг столи устида бир уюм газетани кўриб, «Оламда не гаплар?», деб сўрадим. Унинг «Мабодо мени газета ўқийди деб ўйласангиз, хато қиласиз. Мен фақат охирги бетдаги таъзияларнигина ўқийман, холос!», деган жавобидан ҳангу манг бўлиб қолдим. Айни чоғда, бир журналист сифатида «Ҳар ҳолда, газетани қўлига олар экан-ку!», дея шукр қилдим.
Шунақа бошлиқлардан яна бирининг олдига кирганимда, у мени хушламайроқ кутиб олган, салом-аликдан сўнг «Агар обуна масаласида келган бўлсангиз, ёрдам беролмайман, мажбурий обуна бекор қилинган», деган эди.
Китоб ўқишни-ку аллақачонлар тарк этгандекмиз, энди газета ҳам ўқимай қўйсак, аҳволимиз не кечади? Баъзида ўқимишли ва кўринишидан дуппа-дуруст раҳбарлар билан суҳбатлашиб, давлатимизнинг бугунги сиёсатига оид билимлари ҳаминқадарлигидан афсусланасиз. Уларнинг бевосита ўз фаолиятларига тааллуқли қарор ва фармонлар мазмун-моҳиятидан бехабарликларини қандай тушуниш мумкин? Одатда бундай бошлиқларнинг нутқлари ярим русча, ярим ўзбекча бўлади. Фикрларини қисқа ва лўнда қилиб тушунтириб беришолмайди. Аслида китоб-газета ўқимасликнинг оқибати бу ҳам.
Шу ўринда австриялик ёзувчи Стефан Цвейгнинг қуйидаги фикрларини эслашни жоиз топдим: «Мен китоб ўқишни билмайдиган ва шу важдан маънавият оламидан ажралган одамнинг аҳволини тасаввур қилолмадим. Гаранг одам биров гапириб бергани бўйича мусиқанинг сеҳрли кучини англамаганидек, мен ҳам бутун умри давомида биронта китоб ўқимаган инсоннинг фикрлаш тарзини англай олмадим».
Эндиликда ҳар қачонгидан ҳам маънавиятли, одоб-ахлоқли ва маърифатли раҳбарларга эҳтиёж кучаймоқда. Раҳбар маънавиятли, ташкилотчи ва ташаббускор бўлса, қўл остидагилар унга эргашадилар. Керак бўлса, унинг юриш-туришидан, муомаласидан, ҳатто кийиниш маданиятидан ўрнак оладилар. Шу тариқа бошлиқнинг яхши фазилатлари ходимларга ҳам ўтади. Таъбир жоиз бўлса, раҳбарнинг бу борадаги ўрни оиладаги отанинг нуфузини эслатади. Болага ҳар қанча насиҳат қилманг, у эшитганини эмас, кўрганини қилади. Бинобарин, панд-насиҳат қилиш эмас, ибрат бўлиш яхши натижа беради.
Аҳён-аҳён бўлса-да, ижтимоий тармоқларни «гуллатаётган» сўконғич раҳбарларни кўриб ёқа ушлайсан киши. Маърифатли инсон сўкинишни ўзига асло эп кўрмайди. Мажлисбозликка ва сўкинишга зўр бериш айрим валломатлар учун оддий ҳолга айланиб қолаётгани ниҳоятда ачинарли ҳолдир.
Ўтган ҳафта Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида «Андижонга келишимиздан мақсад – одамларнинг дардини таҳлил қилиб, аниқ режаларни белгилаш, аҳоли жон бошига даромадни ошириш, маҳаллаларда шароитни яхшилаш. Ҳамма натижаларга танқидий қарашимиз керак. Андижоннинг бирини икки қилиш учун яна қандай «ўсиш нуқталари» бор, одамларни қийнаётган нима муаммолар бор, деб савол қўйиб, уларга чора топиш зарур. Бунинг учун ижро органи раҳбарлари ва депутатлар дунёқарашини ўзгартириши керак. Агар улар дунёқарашини ўзгартириб, фидойи бўлиб ишласа, ҳамма соҳа ўзгаради», деган эди.
Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бошқаларни аҳоли муаммоларига қулоқ тутиб ва янгича фикрлаб, фидойилик билан фаолият юритишга чорлаётган бир пайтда ҳали ҳам кун чиқишию ботишини пойлаб ишлаётган раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириш фурсати келди. Мен ҳар сафар шу ҳақда ўйлаганимда «Халқ ғамидан ­бошқа ташвиши бўлмаган маънавиятли ва маърифатли раҳбарлар қайдасиз? Тезроқ кўриниш беринг!», дегим келади.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист