Мулоқот шакллари

609

Тил – алоқа воситаси. Одамларнинг бир-бири билан мулоқоти, турли маълумотларни ўзаро алмашиш тил билан амалга оширилади. Ҳар бир шахснинг жамиятда тутган ўрни, муваффақияти, обрўси унинг мулоқотга қай даражада кириша олиш қобилиятига ҳам бевосита боғлиқ.

Илмий тадқиқотларга кўра, мулоқотнинг муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўлиши ахборотни етказиб бериш воситалари ва йўлларига боғлиқ. Ахборотлар вербал, новербал ва паравербал йўллар орқали узатилади. Вербал алоқа воситаси, бу – тил, сўздир. Инсонлар хабарларни етказишда сўз ва тилдан фойдаланади. Тил орқали инсоний тушунча, фикр ва ҳиссиётлар ифода этилади.
Мутахассислар фикрича, тил ягона алоқа воситаси эмас. Ахборотларнинг 35 фоизи вербал усулда, 65 фоизи эса новербал (мимика, тана ҳаракати, назар солиш, масофа сақлаш, ўзини тутиш, кийиниш) ва шунингдек, паравербал воситалар – интонация, товуш, сўзлашув тезлиги орқали етказилади. Ўзаро мулоқотларда новербал воситалар алоқани тўлдиради. Масалан, «Ассалому алайкум», деймиз ва жилмайиб қўямиз. Новербал белгилар оғзаки ахборотга мос бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, «Сизни кўрганимдан хурсанд­ман», десак-да, четга қараб қовоғимизни уйишимиз мумкин.
Баъзан новербал восита вербални тўлдиради («жим» дейилганда кўрсаткич бармоқ лабларга теккизилиши мумкин). Новербал хатти-ҳаракатлар мулоқотни тартибга солишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бош ирғаш, назар солиш билан суҳбатни тугатиш ёки давом эттириш мумкин. Баъзи ҳолатларда новербал воситалар вербалнинг ўрнини эгаллайди. Масалан, ёш болаларнинг ўйинчоқни кўрсатиши «уни олиб бер», деган маънони билдиради.
Паралингвистика – нутқий мулоқот билан бирга фикр, хабар, мақсадни ифодалашда қатнашувчи имо-ишора, оҳанг, мимика, гавда ҳаракатларини ҳам ўрганадиган соҳа. Паралингвис­тик воситалар шароитга қараб нутқни маълум меъёрга келтириш, хусусан, ихчамлаштириш, адресантнинг мақсадини аниқ ифодалаш вазифасини бажаради.
Паралингвистик воситалар ҳар бир кишилик жамиятида коммуникацияда табиий равишда нутқни кузатиб борувчи ва тўлдириб келувчи иккиламчи восита бўлган.
Товуш тили инсоният тарихида кишиларнинг ҳайвонот дунёсидан ажралиб чиқишига, жамият бўлиб бирлашишига, ўз тафаккурини такомиллаштиришига, ижтимоий ишлаб чиқаришни ташкил қилишига, табиат кучлари билан муваффақиятли кураш олиб боришга ва шу тариқа ҳозирги замон тараққиёт даражасига етишига ёрдам берган кучлардан биридир. Новербал воситалар эса доимо нутқ билан биргаликда қўлланиб, унга ёрдам берувчи иккинчи даражали восита бўлиб келган. Чунки фикр ўзининг муайян моддий асосига (қиёфасига) эга бўлиши керак. Ана шу моддий асос (қиёфа) нутқдир. Нутқ фақат фикр ифодаловчи воситагина эмас, балки ­фикрни шакллантирувчи восита ҳамдир.
Нутқий мулоқот деганда мулоқот жараёнида лисоний вербал ва новербал воситаларнинг ҳамкорликда ишлатилиши тушунилади. Шундай қилиб, нутқий мулоқотни оддий нутқдан – лисоний имкониятларнинг муайян моддий шаклда воқеланишидан – фарқловчи муҳим омил сифатида мураккаблигини ва унинг вербал ҳамда новербал воситаларнинг ўзаро уйғунлашувидан иборат бўлган бутунлик эканлигини кўриш мумкин.

Нигора Шодмонова,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси