Ваъдалар бериб…

19

ёхуд Човканчакка қачон эътибор қаратилади?

Паркент туманида Човканчак деган қишлоқ бор. Йўлингиз тушиб, кўчаларини ораласангиз, бу ердаги аҳволдан, шароитдан, аҳолининг турмушидан дилингиз хуфтон бўлиши аниқ. Беихтиёр хаёлингиздан «воажаб, ҳали ҳам шундай қишлоқлар борми?», деган ўй ўтади…

Келинг, гапни муқаддимасидан бошлайлик.
Паркент туманининг «Қирғизовул» МФЙ ҳудудига қарашли Човканчак қишлоғида айни пайтда 80 дан ортиқ хонадонда 600 нафарга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг асосий даромади деҳқончилик, чорвачилик ва кунлик ишлардан.
Қир-адирлар оралиғида жойлашган ушбу қишлоқда табиий газ, ичимлик суви йўқ. Маҳалла гузари, сартарошхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини излаб овора бўлмай қўяқолинг. Энг ачинарлиси, бу ердан туман марказига транспорт қатнови ҳам йўлга қўйилмаган. Йўловчи таксилар бор. Аммо улар ҳам ҳушига келса – юради, келмаса – йўқ. Баҳор-ёз кунлари бир амаллаб, туман марказига бориб келса бўлади, бироқ қишнинг қаҳратонида марказ тугул, бир-икки чақирим жойга бориш ҳам човканчакликлар учун катта муаммо. Аҳоли бир неча маротаба транспорт масаласида мутасаддилардан ёрдам сўраган, афсуски, бу мурожаат ҳам эътиборсиз қолган.
Қишлоқда ҚВП йўқ! Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади. Шундай кезларда қишлоқ аҳли туман марказидан «тез ёрдам» чақиради. У эса бир-икки соатда етиб келади. Ана энди, жони оғриб турган одамнинг ҳолини тасаввур қилаверинг…
Човканчакликлар бирор- бир сабаб маҳалла идорасига бормоқчи бўлса, салкам ўн беш чақирим йўл босиши керак. Чунки иккита қишлоққа битта маҳалла идораси хизмат кўрсатади. Шу боис, МФЙ ­раиси бу ерга деярли келмайди. Муаммолар хусусида бош қотирмайди.
Қишлоқ йўллари ҳаминқадар, ўнқир-чўнқир, таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Шу вақтгача асфальт ётқизиш у ёқда турсин, ҳатто ямалмаган ҳам.
Электр токи дейсизми? У ҳам сал қаттиқроқ шамол турса, ўчиб қолади. Қишлоқда биронта электр устаси бўлмагани боис, авария ҳолатини бартараф этиш учун тумандан масъуллар келгунича анча вақт ўтади.
180 ўринга мўлжалланган 32-умумтаълим мактабида ҳозирги кунда 82 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Шарт-шароит эса… Ичимлик суви йўқ. Хоналар ва жиҳозлар эскириб кетган. Отлиққа йўғу пиёдага қайда, деганларидек, бутун қишлоқда йўқ интернет мактабда нима қилсин?.. Мактаб директорининг таъкидлашича, масъулларнинг «тез орада нафақат мактабни, балки бутун қишлоқни интернет билан таъминлаймиз», деганига ҳам анча бўлибди. Болалар боғчаси ҳақида гапириш ортиқча. Чунки қиш­лоқда боғчанинг ўзи йўқ. Болаларнинг куни кўчада ўтмоқда.
Хуллас, қишлоқдаги аҳволга ачинасан, киши. Лекин одамлар ҳадеб турмушидан нолиб, кунда-кунора мутасаддиларни хуноб қилаётгани йўқ, қийинчилик­ларни ­сабр-тоқат билан енгмоқда…
Дарвоқе, маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ўтган уч-тўрт йил мобайнида Паркент туманида ­шароити Човканчакникидан анча яхши қанчадан-қанча ­қишлоқлар «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури доирасида кўрк очди. Гарчи ҳолати яхши бўлса-да, бир нечта мактаблар капитал таъмирланди.
Аммо Човканчак ­масъулларнинг ҳамон ёдидан чиқиб қолмоқда… Аҳоли эса қачонлардир «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури доирасида Човканчакда ҳам шароит яхшиланишидан ­умидвор…
Қишлоқ оқсоқоллари бир неча маротаба мутасаддиларга юзланган. Муддаони тушунтиришган. Охир-оқибат масъулларнинг «келаси йил бўлади», деган ваъдасини олишган. Лекин «келаси йил»дан ҳамон дарак йўқ. Ҳозирча бу ердаги муаммолар «ўрнатилган тартибда» кўриб чиқилмоқда, холос…
Мутасаддилар бунга не дер экан?

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»