Мактабга боғланган кўнгил

480

Баъзи кишилар пенсияга чиққанидан кейин ҳам кексаликка бўй бермай, меҳнат фаолиятини давом эттиришади. Билагида куч-ғайрати, кўнглида эзгу орзу-тилаклари жўш ургани туфайли янада унумлироқ ишлаб, оиласига ва жамиятга наф келтиришади.

Омон Абдураҳмонов ана шундай тиниб-тинчимас инсонлар сирасидан. У сўлим Бахмал туманида туғилиб ўсди. Отаси изидан бориб, ўқитувчилик касбини танлади. Россиядаги педагогика институтларидан бирини битириб келгач, бир мунча муддат мактабда муаллимлик қилди, сўнгра туман халқ таълими бўлимида рус тили ва адабиёти бўйича методист бўлиб ишлади.
Омон Абдураҳмонов ўқувчилар билан доимо мулоқотда бўлиб турмаган педагог ўзида бор билим ва тажрибани бой бериши мумкинлигини теран ҳис қиларди. Шу боис, қаерда ва қайси лавозимда ишламасин, асл касбини унутмади. Қўшимча равишда мактабдан дарс олиб, ўқувчиларга сабоқ беришга интилди.
Қисқаси, у 47 йиллик меҳнат фаолиятининг нақд 25 йилини бевосита ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлади. 2019 йили пенсияга чиққач, Фориш туманидаги ўқитувчилар етишмайдиган 71- ҳамда 72-мактабларда рус тили ва адабиётидан сабоқ бера бошлади.
– Мен рус тилининг асл хусусиятидан келиб чиқиб, ўғил-қизларимизга ҳар бир сўзнинг маъносини ўзбек тилидаги таржимасига қиёслаган ҳолда ўргатишга ҳаракат қиламан, – дейди Омон Абдураҳмонов. – Бу усул ёшларни мустақил фикрлашга ундайди. Масалан, 8-9-синфларга мўлжалланган ўқув режасига биноан, ватанпарварлик мавзуси бўйича машҳур ижодкорлардан Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан», Расул Ҳамзатовнинг «Турналар», Константин Симоновнинг «Мени кутгил» шеърлари мазмунини ўқувчиларга сўзма-сўз, бандма-банд тушунтир­япман. Натижада уларда ушбу асарларга қизиқиш ортиб, айрим қисмларини ёд олишмоқда. Қалбларида урушга нафрат уйғониб, тинч­ликни қадрлаш, Ватанни севиш ҳисси кучаймоқда.
Жонкуяр муаллим дарс мавзуси бўйича таянч сўзлар билан ишлашни ҳам муҳим ҳисоблайди, ўзга тилда саломлашишдан тортиб, мавзуга тааллуқли ҳар бир сўзнинг маъносини ўқувчилар онгига сингдиришни бирламчи вазифалардан бири, деб ҳисоб­лайди. Зеро, бу ҳозир биринчи ўринга қўйилаётган педагогикадаги инновация талаби ҳамдир. Унинг фикрича, инновация – янгилик, аввало, ўқувчининг онгу-шуурини ривожлантиришдан бошланади.
Омон ака таълим соҳасидаги ­сўнгги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида ҳам ўз нуқтаи назарига эга. Унинг фикрича, ўқитувчи ­фаолиятига муайян даражада салбий таъсир кўрсатувчи талаблар кўпаймоқда. Бу эса унга нисбатан чекловларни келтириб чиқариши мумкин. Ваҳоланки, ўқитувчининг бош вазифаси сабоқ бериш. Шундай экан, у эркин бўлиши, бемалол ­фикрлаши ва мустақил хулосалар чиқариши лозим.
– Отам 16 ёшида саводсизликни тугатиш курсини битириб, қишлоқда биринчи профессионал педагог сифатида иш юритган, – дейди қаҳрамонимиз. – Ўтган асрнинг 30-йилларида Бахмалдаги Сўфи, Қорасув қишлоқларида кексаларга, тенгдош­лари ва ёшларга сабоқ берган. 1962 йили, аниқроғи, 52 ёшида эса Самарқанд давлат университетининг тарих-география факультетини сиртдан тугатган. Ярим асрлик меҳнат стажига эга педагог сифатида доимо «Ўғлим, ўзингдаги билимни имконинг борича ён-атрофингдагиларга улаш!», дер эди. Менинг ҳозирги фаолиятим отамнинг ўгитларига мос келади. Ўзимдаги ҳаё­тий таж­рибани, педагогик билим ва қарашларни ўқувчиларга етказсам, дейман. Қолаверса, рус тилини ўрганишга талаб ва эҳтиёж ҳам катта.
Омон ака бундан икки йил олдин ­қадрдон қишлоғидан 200 чақирим наридаги туманга бориб ишлашга чоғланганида тураржой ва йўл харажатлари билан боғлиқ қийинчиликлар бор эди. Бироқ у ўзига қўшимча ҳақ тўлашларини сўрашга истиҳола ва андиша қиларди. Буни қарангки, Президентимиз Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида айнан шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бошқа туманга бориб ишлаётган ўқитувчиларнинг иш ҳақига 50 фоиз, бошқа вилоятда ишлаётганларникига 100 фоиз устама ҳақ белгиланиши зарурлигини уқтирди. Табиийки, бундай рағбат педагогларни руҳлантирмоқда. Энг муҳими, вилоятнинг талай билим даргоҳларидаги айрим фанлардан мутахассис-ўқитувчилар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар эндиликда ички имкониятлар ҳисобига ижобий ечим топмоқда.
Омон Абдураҳмоновнинг оиласини ўқитувчилар сулоласи, деб бемалол айтиш мумкин. Негаки, фарзандларидан Салтанат биология, Маърифат инглиз тили фани муаллимаси. Хосият, Йўлдошбек ва Азизбек нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда.
Пенсионер муаллимнинг Бахмалдан Фориш туманига бориб ишлаётгани эса касбдошлари ва ёш педагоглар учун ҳам ўзига хос ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Менинг назаримда, рус ёзувчиси Антон Чеховнинг «Фидокор кишилар қуёшдек зарур. Улар жамиятнинг энг шоирона ҳаётбахш элементи бўлиб, бошқаларга ҳаяжон, таскин берадилар ва яшартирадилар», деган сўзлари худди Омон Абдураҳмонов сингари устозларга нисбатан айтилгандек.

Абдусаттор
СОДИҚОВ