Аҳолини рўйхатга олиш қанчалик муҳим?

786

Ривожланган мамлакатларда аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилади. Ўзбекистонда бу тадбир илк бор 1897 йилда, охирги марта эса 1989 йилда амалга оширилган. Ўша кезлари республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишидан иборат бўлган. Шундан кейин аҳоли бирор марта ҳам тўлиқ рўйхатдан ўтказилмаган.

2015 йил 10 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюцияси қабул қилинди. Унда БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиши зарурлиги белгилаб қўйилди. Юртимизда ҳам мазкур жараёнга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Бу борада ҳукуматнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатимизда 2023 йили ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқични қамраб олади. Аҳолини рўйхатга олиш орқали уларнинг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлиги даражаси, меҳнат ресурс­­лари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари бўйича батафсил маълумотлар тўпланади. Жон бошига тўғри келадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисоб-китоб қилинади. Ўз ­навбатида, миграция тўғрисидаги аниқ маълумотлар ­шакллантирилади.
Жараённинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаштириш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Турар ва нотураржойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегиш­ли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш, таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистоннинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.
Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, аҳолини рўйхатга олишга доир якуний маълумотлар уч тилда расмийлаштирилади. Натижалари 2025 йил 1 декабрга қадар расман чоп этилади ва эълон қилинади. Жараённинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

Акмал ҚОБИЛОВ,
Тошкент шаҳар Статистика
бошқармаси мутахассиси