Янги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул квоталари тасдиқланди

667

2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Қабул 22 июлгача давом этади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

“2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди

Қарор билан 2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича тасдиқланди.

бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

• кундузги таълим шаклига – 113 530 нафар;

• сиртқи таълим шаклига – 37 675 нафар;

• кечки таълим шаклига – 6 550 нафар;

магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 900 нафар;

Ўзбекистондаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 500 нафар.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 22 июнидан 22 июлига қадар (22 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча 2 000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.

Бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида педагогика йўналишлари бўйича Ургут тумани учун қўшимча 100 та давлат гранти асосидаги мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилади.

Абитуриентлар тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин.

Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида тиббиёт факультети ташкил этилади ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан соғлиқни сақлаш соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 12 ноябрдаги ПФ–6110-сон Фармон билан 2021/2022 ўқув йилидан Гулистон давлат университети, Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти ва Навоий давлат педагогика институтида тиббиёт факультетларини ташкил қилиш белгиланган.