Давр билан ҳамнафас қаламкаш

1289

Наманган вилоятининг сўлим ва гўзал Тўрақўрғон шаҳрида яшовчи фахрий журналист Қодиржон Абдукаримов матбуот оламига ўтган асрнинг 50-йиллари охирида кириб келган. Бунга 5-синфда ўқиётган кезлари маҳаллий газетага муҳаррирлик қилаётган ҳамқишлоғи Усмон Миржалиловнинг назарига тушгани туртки бўлди. Унинг топшириғи билан «Синфимиз аълочилари» сарлавҳали илк мақоласини ёзди. Уч кундан сўнг бу мақола «Ҳосил учун» газетасида чоп этилди.
Ўшандан буён орадан олтмиш йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, Қодиржон Абдукаримовнинг қўлидан қалам тушгани йўқ.

* * *

1971 йили Тўрақўрғон туманида «Машъал» газетаси чоп этила ­бошланди. Унга муҳаррирлик Фазлиддин Мирзаев зиммасига юклатилди. Қодиржон эса адабий ходим лавозимида иш бошлади. Икки ойдан сўнг қишлоқ хўжалиги бўлими мудирлигига ўтказилди. У бўлимни моҳирона ­бошқаришдан ташқари, ўнлаб оммабоп мақола, лавҳа ва очерклар ёзди.
1973 йили вилоят миқёсида чиқадиган «Наманган ҳақиқати» газетасига ишга ўтди. Бу таҳририятда ҳам қобилияти, фаоллиги ва ишчанлиги билан обрў қозонди. Айниқса, танқидий-таҳлилий чиқишлари билан элга танилди.
Ўша йили кузда Қодиржон йўлланма бўйича икки ой юртимиздаги нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири саналмиш «Совет ­Ўзбекистони» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетаси таҳририятида бўлиб, малака оширди. Шу жараёнда ушбу нашр бош муҳаррири, кўплаб роман, қисса ва ҳикоялар муаллифи Мақсуд Қориев, бўлим мудири, таниқли шоира Эътибор Охуновага шогирд тушиб, ижодий сабоқ олди. Бундан ташқари, Худойберди Тўхтабоев, Усмон Юсупов, Самар Нуров, Шароф Убайдуллаев каби машҳур ёзувчи ва журналистлар суҳбатларидан баҳраманд бўлди. Улардан турли соҳаларга доир мақола, лавҳа, репортаж ва очерк ёзиш сир-асрорларини ўрганди.

* * *

1974 йилнинг ёзи адоғида бир гуруҳ журналистлар Косонсой туманида янги газета очишга жалб этилади. Вилоят раҳбари қарорига кўра, «Наманган ҳақиқати» ходимларидан Саидаҳмад Насимхонов «Косонсойнома» газетасига муҳаррир, Умрзоқ Ботир масъул котиб, Қодиржон Абдукаримов қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, шунингдек, вақтинча муҳаррир ўринбосари этиб тайинланди.
– Биз Косонсойга етиб боргач, туман раҳбарларига учрашдик, – деб эслайди ўша даврларни Қодиржон Абдукаримов. – Улар таҳририят учун алоҳида бино ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланганини айтишди. Айни чоғда, ижодий жамоани ўзимиз шакллантиришимиз мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди. Шу боис мен ўша ерлик кекса журналист Бозорбой Каримовнинг хонадонига бориб, вазиятни тушунтирдим. Устоз фаолиятимизни йўлга қўйиб олгунимизча бизга ёрдамлашадиган бўлди. Хуллас, ўзаро ҳамкорликда газетанинг нишона сонини чиқардик. У мутасаддиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам манзур бўлди. Бундан руҳланиб, таҳририятга ёш ижодкорларни тўплашга киришдик. Истеъдодли ўқитувчилардан Каримжон Охунов ва Ваққосхон Мамадалиев дастлабки ходимларимиз бўлишди. Биз «Косонсойнома»нинг тамал тошини биргаликда қўйганимиздан узоқ йиллар фахрланиб юрдик.

* * *

1985 йил февралида Қодиржон Абдукаримов халқ таълими бўлими мудири Жалолиддин Маҳмудов ҳузурига туман Болалар марказида «Ёш ижодкорлар» тўгарагини очиш таклифи билан кирди. Мудир жўяли таклифни маъқуллади ва тўгаракка раҳбарлик қилишни ташаббускор журналистнинг ўзига ишониб топширди. Ахси, Бураматут, Хўжанд, Шаҳанд қишлоқларида жойлашган мактабларнинг бадиий ижодга қизиқувчи ўқувчилари тўгаракка аъзо бўлдилар. Фаол қатнашчиларнинг ижодларидан намуналар даврий нашрларда узлуксиз ёритиб борилди.
Йил охирида вилоят кутубхонасида Фарғона водийсидаги навқирон қаламкашларнинг кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда тўрақўрғонлик ёшлар иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Ўшанда ҳайъатга ҳозир таниқли шоир ва ёзувчига айланган Абдусаид Кўчимов раислик қилганди. У Қодиржонни эришган ютуқлари билан табриклар экан, «Сиздек ташкилотчи ҳамкасбларимиз борлигидан фахрланамиз», деган эди.

* * *

Қодиржон Абдукаримов ҳозир ҳам журналистлик фаолиятини давом эттириш баробарида ижтимоий, тарихий, маданий ва маърифий мавзуларда асарлар яратишга ҳаракат қилаётир. Жумладан, 2015 йили Наманган муҳандислик-технология институтининг 30 йиллигига бағишланган «Муқаддас даргоҳ» китоби чоп этилди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, «Келажак авлод фидойилари» тўплами нашрдан чиқди. Институтнинг жонкуяр профессор-ўқитувчилари ҳақидаги очерклар, таниқли шоир-ёзувчилар билан учрашувлар таассуротлари ва бадиий лавҳалар жамланган бу китоб ҳам ўқувчилар томонидан илиқ қарши олинди. Тиниб-тинчимас ҳамкасбимизнинг «Тоғ сеҳри» деб номланган навбатдаги рисоласи эса тоғ кишилари тўғрисидаги лавҳаларга бойлиги билан ажралиб туради.
Заҳматкаш журналист Қодиржон Абдукаримов яқинда Поп туманининг Қурама тоғлари бағрида ясланган Чоркесар қишлоғида ижодий сафарда бўлиб қайтди. У мусаффо ҳаволи бу гўшанинг ноёб табиати, маҳаллий аҳолининг ўзига хос ҳаёти ва турмуш тарзи, урф-одатлари, ўша ҳудудда жойлашган ва ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири бўлмиш Парда Турсун номи билан юритиладиган машҳур сиҳатгоҳнинг бугунги фаолиятини бадиий лавҳаларда акс эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Эзгу ниятини амалга ошириш учун тоғликлар билан гурунглашиб, кексаларнинг эсдаликларини ёзиб олди. Шунингдек, муассаса мутасаддилари ва дам олувчилар фикрларини ўрганди. Эндиликда барча маълумотларни таҳлил қилиб, шу асосда «Ватаннинг сўлим бир гўшаси» номли китобни ёзишга киришди.
Бир умр журналистиканинг қаттиқ нонини ҳалоллаб еган фахрий журналист Қодиржон Абдукаримов ҳамон давр билан ҳамнафас бўлиб яшамоқда. Ёш ҳамкасблари ҳар қанча ўрнак олса арзийдиган тажрибаларини янада такомиллаштириб, ижодий бисотини янги-янги асарлар билан бойитмоқда.

Ҳамид ФОЗИЛ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси