Кунлардан бир куни…

369

Таҳририятдан: бу йил ўзининг олтмиш ёшини қаршилаётган ёзувчи, шоир ва таржимон Оллоёр Бегалиев меҳнат фаолиятини дастлаб «Гулхан» журнали таҳририяти ва «Чўлпон» нашриётида бошлади. Сўнгра МТРК ва «Бекобод ТВ»да муҳаррирлик қилди. Бугунга қадар ўнлаб мультфильмларни, Элчин Сафарлининг 9 та, Жожо Моеснинг 3 та романини, «Дониш­лар ҳикмати» афоризмлар тўпламини ўзбекчага таржима қилди. Бундан ташқари, ўзининг «Сеҳрли уйқу», «Ёлғонга ишонган дарахт», «Бир булоқ бор», «Рангин қорлар», «Жин чалган жувон», «Бекободлик самурай», «Яхшилик занжирлари» каби асарларини адабиёт мухлислари эътиборига ҳавола этди. 1993 йилда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Усмон Носир номидаги мукофотига лойиқ кўрилди, 1999 йили эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Серқирра ижодкор сўнгги пайтларда онлайн-таржимонлик билан шуғулланиб, телеканаллар учун ҳажвий миниатюралар сценарийларини ёзмоқда. Шунингдек, замонавий ўзгаришларга бағишланган ­достонини ниҳоясига етказмоқда.

Йўқолган ва йўқотиладиган одамлар

Бир куни ҳофиз укам Турдиали Бобожонов менга:
– Бугун телевидение ходимлари «Меҳр кўзда» кўрсатувини тасвирга олиш учун Бекободга келишаркан, сиз ҳам боринг, – деди.
– У ерда нима қиламан?
– Бирорта йўқотиб қўйган одамингиз бўлса, топишда ёрдам беришади.
– Йўқотган одамларим йўқ, аммо йўқотмоқчи бўлганларим кўп. Хўш, шунга ҳам ёрдам бериб юборишармикин?, – сўрадим мен.

Ҳазилга ем бўлган келишув

1999-2000 йилларда кетма-кет ҳажвия, ҳикоя, фельетон, памфлет ва мақолалар ёзиб, цензурадан холи «Ҳуррият»ни тинимсиз «бомбардимон» қила бошладим. Бу газетанинг ҳар икки сонидан бирида мақолам бериларди.
Охунжон Мадалиев вафот этганида «Ҳофизнинг етим сози» номли китобча битдим. Уни олдин газеталарда чиқариб олиш ниятида икки-учта таҳририятга тақдим этдим. Ҳамкасбларимиз асарни «Яхши нарса экан, чиқарамиз!», деб олиб қолишарди-ю, кейинчалик «Цензура рухсат бермади», деган важ асосида қайтариб беришарди.
Мен бу ҳақда «Ҳуррият»нинг бош муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммадга айтдим. Сўнгра:
– Агар шу мақолани чиқарсангиз, газетани ҳозирги ададидан 500 дона кўпроқ чоп эттиринг. Уларни киоскларга ўзим тарқатиб чиқаман. Пулини гонорар ҳисобидан узаман, камлик қилса, қолганини нақд тўлайман, – дедим.
Хуршид ака ҳазиллашиб сўради:
– Ухлайсизми ўзи ё автобусда ёзиб келасизми?..

«Йиртиқ калишда келайми?»

1997 йили «Ўзтелерадиокомпания»да ишлардим. Дафъатан тобим қочиб қолди. Шифокор қабулида бўлгандим, у бир нечта дори ёзиб берди. Моддий ёрдам сўраб, ишхонадан 400 сўм олдим. Ёзувчилар уюшмасидан ҳам моддий ёрдам сўрагандим, хўжалик мудири уст-бошимга синчков назар солиб, «Ёрдамга муҳтож одамга мутлақо ўхшамайсиз-ку», деди. Бу гап­дан жаҳлим қўзиб, «Демак, сизнинг олдингизга йиртиқ калишда келишим керак экан-да!», дея чиқиб кетдим.
Ўша хонадаги бошқа бир йигит ортимдан етиб олиб, қўлимдан ушлади.
– Пул менинг қўлимда-ку! Бу ёққа юринг, – деб аризамга қўл қўйди-да, сейфдан 400 сўм олиб узатди. – Оз бўлсаям, кўп ўрнида кўрасиз.
Дарвоқе, ўша пайтлар менинг маошим олти минг сўмга яқинлигини эътиборда тутсак, бу маблағ унчалик катта эмасди. Шу боис «Журналистларни қўллаб-қувватлаш нодав­лат фондига мурожаат қилсам-чи?.. Ҳар қалай, мен унинг нашри саналмиш «Ҳуррият»нинг фаол муаллифлариданман-ку!», деган ўйга бордим.
Эртаси куни фонд ҳамраиси Хуршид Дўстмуҳаммадга учрашдим. У киши аризамнинг тепасига бериладиган пул миқдорини ёзиб, имзо чекди. Мен кассадан роппа-роса уч минг сўм олдим.

«Ўлма, деҳқон!»

Шекспирнинг ­Пастернак таржимасидаги «Ромео ва Жульетта» асари дебочасини ўзбекчага ўгириб, Иброҳим Ғафуровга кўрсатдим. Шу асно бошқа таржималар хусусида ҳам анча гаплашдик. Мен янги чиққан «Римлик аёл» романида таржимон «мужик» сўзини «деҳқон» деб нотўғри ўгиргани, оқибатда бош қаҳрамон бўлмиш аёл навбатдаги хушторини «Қойил, сен чинакам эркак экансан!», дея мақтаган жойи ўзбекчада «Сен чинакам деҳқон экансан» бўлиб қолганини айтдим.
Иброҳим ака тиззасига уриб, ­«Э-э, ўлма деҳқон!», деди. Сўнгра креслосига ётиб олгудек бўлиб, елкасини учирганча, роса кулди.

Оллоёр БЕГАЛИЕВ