Ойдин манзиллар маликаси

1131

…Мактаб давридаёқ қалбимда шеъриятга ҳавас уфурган эди. Ҳали пишмаган, хом сатрларни қоғозга кўчириб, «шеър ёздим» деб, туман газетасига чопардим. Аҳён-аҳёнда шеърларим чоп этилса, дунёларга сиғмай кетардим.

Ўша вақтларда Китоб тумани «Ғалаба» газетаси бош муҳаррири Суҳроб Рустамов менга ўхшаган ҳаваскор «шоира»ларга маслаҳатлар берар, шеърият бўлими мудири Зебо Раҳимовага шеърларимизни кўриб чиқишни тайинларди.
Зебо опа исмига мос зебо ва назокатли эди. Бир куни таҳририятга бориб, Зебо опанинг хонасига секин мўраладим. У истараси иссиқ, талабаларга хос кийинган бир қиз билан суҳбатлашиб ўтирарди. Мен журъатсизгина эшикни тақиллатдим. Мени кўргач, опанинг чеҳрасига ҳар доимгидек табассум ёйилди ва ичкарига таклиф қилиб, сўради:
– Бу қизни танийсанми?
– Йўқ.
– Инобат энг яхши шогирдларимдан, у Тошкентда, журналистика факультетида таҳсил оляпти. Кейинги сонда унинг бир туркум шеърларини чоп этяпмиз.
Ўшанда ёши мен тенги кўринган, пойтахтдаги ижодий муҳитдан баҳраманд бўлаётган шоира қизнинг нигоҳидаги мағрурлик менга ғалати туюлган эди.
Икки-уч кун ўтгач, Инобат Нормуродованинг газетада босилган шеър­ларини ўқиганимдан сўнг унга муносабатим бутунлай ўзгарди. Унга нисбатан қалбимда ҳурмат уйғонди. Энди газета-журналлардан унинг шеърларини топиб ўқийдиган, уни суриштирадиган бўлдим. Икки-уч йил ўтиб, мен ҳам пойтахтга келдим ва Инобатни қидириб топдим. У мени илиқ кутиб олди…
Инобатнинг ёш шоира сифатида элга танилиб, халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиеванинг тавсияси билан 1991 йилдаёқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганига жуда ҳавас қилгандим.
Инобат Нормуродова оилали, тўрт нафар фарзанди бўлишига қарамай ҳамиша изланишда, ижод билан банд эди. У «Шарқ юлдузи» журналида таниқли ёзувчи ва шоирлар билан бирга фаолият кўрсатарди. Бир куни Инобат Ўзбекистон телевидениесининг «Сиёсат» бўлимига ишга ўтганини айтиб қолди. У янги ишхонада ҳам изланишдан тўхтамади.
Дейдиларки, интилганга толе ёр. 1992 йилда аввалига муҳаррир, ­кейинчалик катта муҳаррир ва сиёсий шарҳловчи вазифаларида жонли эфирда кўрсатув олиб борадиган ижодкор ўз устида ишлади, изланди, устозлардан ўрганди. Инобат 1992 йил 8 декабрь, яъни Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси қабул қилинган кундан бошлаб, ҳозиргача Ўзбекистон каналидаги «Ҳаётимиз қомуси» кўрсатувини гўзал тарзда тайёрлаб келмоқда. Парламент шакллангандан то ҳозирги кунгача «Парламент ҳаёти» (Парламент вақти) кўрсатувларида Олий Мажлис фаолиятини энг узоқ вақт ёритган журналист сифатида депутатлар, сенаторлар билан суҳбатлар қилиб, мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнларни тўғридан-тўғри эфирга узатиб келмоқда.
Инобат ҳаёт мактабида қайнаш билан бирга, Юридик университетда ҳам таҳсил олди, журналистика соҳасида олган билимларини сиёсий билимлар билан бойитди. Сайловлар, ҳукумат тадбирларида иштирок этиб, ўз касбининг устасига айланди.
Баъзиларни касби билан туғилади, дейишади. Инобат Нормуродова ҳам ана шундайлардан бири. Бўлмаса, у айнан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида дунёга келмаган бўлар эди.
Ҳа, у шеър нафаси, сўз нафаси билан уйғонди. У «Соғинч соҳили», «Кўнгил қушлари» номли шеърий тўпламларида ўзининг ҳаёти, кўнгли, орзу ва мақсадларини ўзгача услубда сатрларга жойлаб қўйган.
Инобат Нормуродова ижодий муҳитга интилганларга озуқа бера оладиган маънавий устоз, яқин дўст сифатида ўзига ҳайкал қўя олган қатъиятли, ҳавас қилса, арзигулик ижодкордир. Мен уни, балки шу жиҳатлари учун қадрларман…

Марям АҲМЕДОВА,
журналист