Президентга мактублар

1884

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай ­лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Ёруғ кунлар қадри

Ассалому алайкум, муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизнинг юртимиз хотин-қизларига бўлган чексиз меҳр-эътиборингиз, турмушнинг оғир зарбаларидан, ҳаётнинг аччиқ синовларидан эсанкираб, тушкунликка тушиб қолган биз каби аёллар дардини чуқур ҳис этиб, ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзаётганингиз сабаб ёруғ кунларга қандай етиб келганимни баён этиш мақсадида қўлимга қалам олдим.
Навниҳол келинлик даврим – 23 ёшимда биринчи бор жарроҳлик столига ётдим. Менга саратон касаллигининг биринчи босқичи ташхиси қўйилган эди. Кўпам касалликнинг фарқига боравермайдиган ёшда эмасманми, «ҳа, энди ўтиб кетади-да», деб хаёл қилибман. Йўқ, бу дард осонликча «жон берадиган» хилидан эмас экан. Бошимдан нималар ўтгани ёлғиз Аллоҳга-ю, ўзимга аён.
Кейин билсам, менга теккан дард синовларнинг бошланиши экан. Кўп ўтмай, ўт пуфагимда муаммолар юзага келди. Иккинчи бор жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказишга мажбур бўлдим. Бир хасталик иккинчисини бошлаб келишда давом этарди. Шифохона иккинчи уйимга айланганига қарамай, саломатлигим баттар ёмонлаша бошлади. Навбатдаги кўриклар ортидан қўйилган ташхисдан сўнг бир буйрагимдан айрилишга тўғри келди.
Гапнинг сираси, мана шундай ўта оғир дамларда ёнимда туриб, далда берганлардан бир умр қарздорман. Аммо аҳволимни кўра-била туриб, мендан юз ўгирган яқинларим ҳам бўлди. Вазият шу даражага келдики, оиламиз дарз кетиб, энди икки фарзандимга ҳам ота, ҳам оналик қила бошладим.
Умид ўрга, умидсизлик гўрга тортади, деган гап бекорга айтилмаган экан. Борган сари умидсизлик, ишончсизлик, ҳаётдан ҳафсаласизлик кайфияти мени ич-ичимдан кемира бошлади. Иккинчи гуруҳ ногирониман, ишга ярамайман, икки фарзанд камолга етяпти – шу ҳолатимда уларни тарбиялаш, едириб-кийдиришнинг ўзи бўладими? Ҳолимдан хабар олувчилар бўлгани билан, қўлдан берганга қуш тўймас, дейдилар…
Қўлимда гулдек ҳунарим бор эди. Бир пайтлар тикув машинасини гуруллатиб, теварак-атрофдан келадиган буюртмаларни ўз вақтида адо этиб юрардим. Аммо путурдан кетгудек бўлсанг, ҳунаринг ҳам фойда бермас экан. Аслида, ғурбатга тўла ҳаётимда ўзгариш бўлиши кўп жиҳатдан моддиятга бориб тақаларди. Чунки рисоладагидек даволаниб, оёққа туришим учун катта маблағ керак эди.
Ана шундай кезларда давлатнинг кўмагини, эътиборини чинакамига ҳис этдим. Даволанишим учун тўлиқ имконият яратиб берилди. Аста-секин оёққа тура бошладим. Ўйласам, буларнинг барчаси Сизнинг мен каби минглаб аёлларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун бутун тузилмаларни оёққа турғизганингиз, моддий ва маънавий кўмакни аямаслик учун катта имкониятларни ишга солганингиз меваси экан.
«Аёллар дафтари»га мени ҳам биринчилар қатори киритишди. Шарт-шароитимни қайта-қайта ўрганишди, ўзим севган ҳунарим – чеварликни бошлашим учун имконият яратишга эътибор қилишди. «Сен уддалайсан, ҳаммаси яхши бўлади», деган даъват қулоқларинг остида янграйверса, ўзингга бўлган ишончинг ортар экан. Қаровга муҳтож бўлиб ётган кезларим тасаввур ҳам қилолмасдим – эндиликда давлат кўмаги билан 30 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига хонадонимда чеварликни йўлга қўйдим, маҳалладаги ўзим каби ўндан ортиқ ишсиз қиз-аёлларга иш бердим.­ ­Шукрки, тиккан маҳсулотларимизга харидорлар топиляпти. Ўтган йили нафақат Андижон, қўшни вилоятлардан ҳам буюртмалар олиб, уларни етказиб бердик. Трикотаж маҳсулотлари ички бозорга чиқариляпти. Айрим кунларда буюртмалар кўпайиб, икки сменада иш ташкил этишга ҳам тўғри келяпти.
Шундай пайтларда бошимдан ўтган кунларимни кўз олдимдан ўтказиб, Аллоҳга шукроналар айтаман. Шунақа яшаса ҳам бўлар экан-ку, дейман ўзимга ўзим. Ишхонам уйда, рўзғорим бут, кўнгил хотиржам, муҳими, фарзандлар тарбиясига ҳам кўп вақт ажрат­япман. Буларнинг барчаси учун, энг аввало, Сизга ташаккур билдираман.
Мана шундай яхши, ёруғ кунларга етиб келганлигим,
ҳаётда ўз ўрнимни топишга куч ва мадад бераётганингиз
учун Сиздан чексиз миннатдорман. Ҳамиша эл бахтига
бошингиз омон бўлсин.

Ҳурмат билан,
Эъзоза Қўчқорова
Андижон вилояти
Балиқчи тумани
Хўжаобод қишлоғи

ҚИЗЛАРИМ ЎҚИМИШЛИ БЎЛИШИНИ ИСТАЙМАН

Ассалому алайкум, қадрли Шавкат Миромонович!
Мен чекка бир қишлоқда камсуқум турмуш кечириб келаётган ожиза қизингизман. Тақдиримдан нолимайман. Зеро, ҳаёт менга сув келса симириб, тош келса кемириб яшашни ўргатди.
Ўн тўққиз ёшимда турмушга чиқдим. Эгнимга оқ либос кийганимда орзуларим бир дунё эди. Қўша қариш, ували-жували бўлиш, асосийси, бахтли яшашни ният қилгандим. Минг шукр, турмуш ўртоғим Отаназар оға жуда яхши инсон эди. Бир-биримизни тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшадик. Қайнана-қайнатам мендан розилиги боис синглимни ҳам келин қилишди.
Аммо… орадан кўп ўтмай турмуш ўртоғим оққон касалига йўлиқди. Бедаво дард уни орамиздан олиб кетди. 26 ёшимда қўлимда бир-биридан ширин учта қизалоғим билан қолдим.
Ота-онамга, оғаларимга минг раҳмат, ота уйимдан бошпана беришди. Фарзандларим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб туну кун меҳнатдан қочмадим. Ғўза ягана қилдим, пахта тердим, шоли кўчатладим, фермер хўжаликларида ёлланиб ишладим. Кўп қийинчиликларни кўрдим.
Ўз ҳаётимни таҳлил қилиб, атрофдагиларни кузатиб, бир нарсани англадимки, ўқимишли инсоннинг турмуши бироз енгил кечар экан. Қўлингда ҳунаринг бўлса ҳам қийинчиликларни осонроқ енгаркансан. Шу боис қизларимга кичкиналигидан яхши таълим олишлари учун шароит яратиб бердим.
Катта қизим Мухлиса Урганч тиббиёт коллежини тамомлади. Мақсади – олий маълумотли шифокор бўлиб, одамларга шифо улашиш. «Ҳеч кимнинг отаси бедаво дардга йўлиқиши, ҳеч бир қиз мен каби етим қолишини истамайман, саратонга даво топаман», дейди.
Сизнинг хотин-қизларга эътиборингиз, қўллаб-қувватлашингиз, илмли-билимли аёллар сафини кенгайтиришга қаратилган тадбирларингиз, ташаббусларингиз туфайли бу йил қизим эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга қўшимча давлат гранти асосида ОТМларга қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиш учун тавсиянома олди. Ўзи ҳам жуда пухта тайёрланяпти.
Подшоҳлар Аллоҳнинг ердаги сояси, дейишади. Сиз минглаб тақдирларга ёруғлик олиб кирган соҳибкаромат инсонсиз.
Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ бўларкан. Сизнинг оталарча меҳрингиз, халқимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганингиз, имкониятлар яратиб бераётганингиз натижасида бизнинг оиламиз ҳам рўшнолик кўра бошлади.
«Аёллар дафтари»да боқувчисини йўқотган аёл сифатида рўйхатга киритилдим. Тез-тез хабар олиб туришади. Бир неча марта моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари олдик. Асосийси, 40 ёшимда мен ҳам ҳунар ўргандим. Бизга бепул тикув машинаси беришди. Ўртанча қизим Севинчой қишлоғимиздаги малакали тикувчига шогирд тушди. Ҳозир иккаламиз бир-биридан чиройли кўйлаклар тикяпмиз.
Бундан ташқари, жамоатчилик асосида ишга жалб қилиндим. Маҳалланинг ободлигига ўз ҳиссамни қўшяпман. Ойлик маошларимга эса қизларимга китоблар олиб беряпман.
Умуман, ҳаётимиз тобора яхшиланиб боряпти. Менда ва қизларимда эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Фарзандларим олий ўқув юртларида таҳсил олиб, зиёли инсонлар бўлиб, юртимизга хизмат қилишни бошлашса, Сизга яна хат ёзишни кўнглимга тугдим. Насиб қилса, у хатимда фақат Сиз туфайли эришган бахтли ҳаётим ҳақида ҳикоя қиламан.

Ҳурматли Президент!
Ўзбек халқининг, ўзбек онасининг, ўзбек аёли, ўзбек қизининг
бахтига соғ-омон бўлинг! Ота-онам, оиламиз билан сизни дуо қиламиз!
Камоли эҳтиром ила,
Гулнора ТОҒОНОВА
Хоразм вилояти
Қўшкўпир тумани
«Хонобод» маҳалласи

Бахт нашидаси

Ҳаётга келсанг-у, одамдек яшамасанг, бошинг ташвишдан чиқмаса, ўзингни қўярга жой тополмай қоларкансан. Айниқса, бошқа аёллар сингари бахтинг кулмаса, дардингни эшитадиган бир яқининг бўлмаса… бундай кезларда бошингни қайси деворга уришни билмай, жонинг ҳалак бўларкан. Очиғи, охирги вақтларда яшашдан умид узгандим ҳисоб.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сиз бошлаган хайрли ишлар мени яна ҳаётга қайтарди.
Болаликдан ота меҳрига зор бўлиб ўсдик. Онам синг­лим иккимизни катта қилиб, турмушга узатгунча не-не азобларни бошидан ўтказмади дейсиз. Афсуски, менинг қисматим болаларимнинг ҳам бошига тушди…
Доно халқимиз топиб айтганидек, қиз бола палахмон тоши. Қаерга отса, ўша ерга тушади. Яхши ниятлар билан бир йигитга турмушга чиқиб, онамнинг уйида бирга яшай бошладик.
Афсус, умр йўлдоши танлашда адашган эканман. Хўжайиним ҳеч қаерда ишламаслиги етмаганидек, кунда-кунора жанжал кўтарарди. Бу орада фарзандлар ­дунёга келди. Болаларим туғилгач, ҳаётимиз изга тушиб кетар, деб ўйлаган эдим. Аммо ундай бўлмади. Ўзимни калтаклашига-ку, чидардим, лекин бегуноҳ гўдакларни аёвсиз савалашига ортиқ бардошим етмади, ажрашишга ариза бердим. Ҳозир уч нафар вояга етмаган фарзандимни ёлғиз ўзим тарбиялаяпман. Болаларимнинг отасидан ҳеч қандай алимент олмаймиз. Ундан шикоятимиз ҳам йўқ.
Ёшлигимда оёғимдан операция бўлганим боис 2019 йилга келиб ҳаракатланишга қийнала бошладим. Бора-бора умуман юролмай қолдим. Бир томонда оғир дард, бир томонда вояга етмаган фарзандларнинг ғам-ташвиши… Азоб-уқубат жонимдан ўтгач, туман хотин-қизлар қўмитаси раисидан ёрдам сўрадим. Мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати билан аввал «Темир дафтар», кейин «Аёллар дафтари»га рўйхатга олиндим. Уларнинг ташаб­буси ва кўмагида тиббий кўрикдан ўтдим ва менга икки томонлама ­коксартроз ташхиси қўйилди ва оёғим операция қилинди. Пандемия даврида мунтазам озиқ-овқат ва моддий ёрдам олиб турдик.
Ҳозир туманимиздаги «Ногиронлар жамияти»да рўйхатда тураман. Уларнинг ёрдами билан иккинчи оёғимни операция қилишга тайёргарлик кўряпмиз. Минг қатла шукр, ҳозир ўзим юряпман.
Ҳурматли Юртбошим!
Рўзғор ташвишлари билан бўлиб, бирор марта ўзимга тузукроқ қарай олмаганман. Қачон янги либос олиб кийганимни ҳам эслай олмайман. Ўзимни ўққа-чўққа уриб, топган пулларим дори-дармондан, болаларнинг еб-­ичишидан ортмаган. Фарзандларим тенгқурлари каби хоҳлаганини еб, хоҳлаганини кия олмас, чунки бунга қурбимиз етмасди. Аммо бугун вазият ўзгарди. Яхшилар кўмаги билан бизнинг хонадонга ҳам файз кирди. Юзимизга табассум инди.
Айни вақтда иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўйича нафақа оламан. Бундан ташқари, вояга етмаган уч фарзандимга маҳалладан нафақа тайинланган. Соғлиғимни тиклаб, бутунлай оёққа туриб кетсам, режаларим ­бисёр. Тирикчиликнинг айби йўқ, ҳайдовчилик гувоҳномам бор. Насиб қилса, бирор-бир машинани ижарага олиб, таксичилик қилиш ­ниятим бор. Муҳими, фарзандларимни ҳалол едириб-­ичириш ниятидаман. Уларни ўқитаман, касб-ҳунарли қиламан. Токи мендек азоб чекишмасин.
Сўзимнинг поёнида Сизга чексиз миннатдорлик билдираман. Биздек хокисор аёлларни ўз ҳолига ташлаб қўймай, қўллаб-қувватлаётганингиз учун бугун ҳаётимизнинг янги саҳифалари очилмоқда. Биз ҳам бошқа аёллар қатори бахт нашидасини сурмоқдамиз. Ҳаммаси учун ташаккур, жаноб Президент!

Ҳурмат билан,
Гулбаҳор ШАРИПОВА
Тошкент шаҳри
Бектемир тумани

ДАРДДАН ҲАМ, ҚАРЗДАН ҲАМ ҚУТУЛДИМ

Ассалому алайкум,
ҳурматли Президент!
Инсоннинг боши «тош»дан деса, ишонмасдим. Кўргилик кишини не кўйларга солишини ўз бошимдан ўтказдим. Ҳаммасига қўл силтаган чоғимда, турмушимизга нур олиб кирган Сиз бўлдингиз.
Бўйи етган қизим хасталаниб, ётиб қолди. Шифокорлар ташхисидан эсим оғди ҳисоб. Саратонга чалинган навниҳолимга боримни бердим. Куйган ҳам, ўртанган ҳам ўзим бўлдим. Нима ўтган бўлса, ўзимдан ўтди. Онани яратгунча тошни ярат, ­дейишарди момолар. Кўз ўнгимда кундан-кун сўлиб бораётган фарзанд қаршисида ичим куйиб, адо бўлди.
Фарзандимни тупроққа топширгач, ўзим ҳам ётиб қолдим. Нафасим бўғзимга тиқилади. Шифокорлар зудлик билан юрагимда жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлигини айтишди. Битта клапан мутлақо ишдан чиққан экан. Касал боқиб, тутдек тўкилган оиламиз шундоқ ҳам қарзга ботганди. Пешона экан, дея тақдирга тан беришдан ўзга иложим қолмади.
Оиламиз андуҳга чўмган ўша кунларда хонадонимизга ишчи гуруҳ вакиллари ташриф буюришди. Шароитимиз билан танишиб, мени «Аёллар дафтари»га киритишди. Бир ҳафта ўтмай туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари вилоят шифохонасига ётқизишди. Тошкент шаҳридан келган жарроҳларнинг мураккаб амалиётидан сўнг ҳаётга қайтдим.
Азиз Юртбошим!
Сиз туфайли яшашдан чарчаган бир мушфиқ аёлнинг турмушига файз кирди. Дардимдан ҳам,
қарзимдан ҳам қутулдим. Келин тушириш тараддудини бошлаб юбордик. Сизга минг таъзим,
юртимиз, элимиз бахтига омон бўлинг!

Эҳтиром билан,
Саодат САТТОРОВА
Самарқанд вилояти
Жомбой тумани
«Ногоҳон» маҳалласи