Журналистлар Касаба уюшмалари Федерацияси эътиборида

464

   27-июнь оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Касаба уюшмалари Федерациясида ОАВнинг турли йўналишларида фаолият юритаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари учун байрамона тадбир ташкил этилди. Унда Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  раиси Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровлар иштирок этди.

Жамиятимизда сўз эркинлигини таъминлаш, аҳолига ҳаққоний ахборотларни ўз вақтида етказиб бериш, бир сўз билан айтганда,  халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиш йўлидаги масъулиятли ва машаққатли жабҳада журналистларнинг беқиёс ўрни бор. Журналистнинг ҳақиқат йўлида тебратган қалами жамият фаровонлиги учун хизмат қилса,  ошкора айтган сўзи камчиликларни тузатишга, хатоларни бартараф этишга ёрдам беради. Шу маънода уларни жамиятнинг “шифокорлари”га ўхшатиш мумкин.

Қудратилла Рафиқов  байрам муносабати билан журналистлар ва соҳа вакилларининг меҳнатини эътироф этар экан, ҳеч ким уларчалик халққа яқин эмаслигини, бу имкониятдан юртимиз тараққиётини илдамлатиш йўлида тўғри ва самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Шундан сўнг, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан устоз журналистлар билан бирга, телевидение, радио, газета ва интернет нашрларида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига байрам совғалари топширилди.

–Охирги йилларда юртимизда ошкоралик, сўз эркинлиги сезиларли даражада ривожланди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Ахмаджон Мелибоев. – Бу журналистларга дадиллик, қатъият билан бирга ўз сўзига масъулиятни ҳам оширади. Бугунги тадбирда журналистикани бир соҳа деб оладиган бўлсак, ҳамкасбларимиз билан Касаба уюшмаларининг шу соҳа вакилларига ғамхўрлигини ҳис қилдик. Демак, Касаба уюшмалари янги замонга мос ҳолда ўзининг маънавий қиёфасини намоён этмоқда. Жойларда журналистларга дам олиш сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилаётгани эса ҳамкасбларимизга бўлаётган эътибор сифатида бизни хурсанд қилмоқда.

Тадбирда сўз олганлар касб байрами муносабати билан ўзларининг энг яхши тилакларини билдиришди.

Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch”