Намангандан 170 нафар фуқаро ишлаш учун Амурга жўнаб кетди

238

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Россия Федерациясининг «Поволжское Строителное Предприятие» масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви асосида жорий йилнинг май ойида Агентликнинг минтақавий филиалларида қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар иштирокида танлов ўтказилган эди.

Наманган вилоятида ушбу танловдан муваффақиятли ўтиб, тиббий кўрик натижалари ижобий чиққан 170 нафар фуқаро бугун, 29 июнь куни Наманган халқаро аэропортидан Россиянинг Амур вилоятида Космодром атрофидаги қурилиш объектларида ишлаш учун жўнаб кетди.

Тадбирда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Истиқболли авлод» ННТ вилоят бўлимлари, ИИБ масъул ходимлари томонидан вақтиналик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларга ўз йўналишлари бўйича тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилиб, соҳаларга оид буклет, тарқатма материаллар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу фуқароларни карантин манзилига жойлаштириш, рўйхатга олиш, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент, 3 маҳал овқат, ётоқхона, махсус кийим харажатлари иш берувчи томонидан қопланади.

Маълумот ўрнида, Наманган вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 1361 нафар фуқаронинг Туркия, Саудия Арабистони, Россия Федерацияси, Литва ва Корея Республикаларида бандлиги таъминланган.