Россия ташқи ишлар вазирининг Туркияга келиши кутилмоқда

640

        Туркия расмий манбааларининг хабар беришича, эртага 30-июнь куни Туркия  ташқи ишлар вазири Мевлуд Човуш ўғли ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Анталияда учрашиши кутилмоқда. 

Россия ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида айтилишича, Лавров ва Човуш ўғли Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, шунингдек, Афғонистон, Украина, Марказий Осиё, Шарқий Ўрта денгиз ва Қора денгиздаги вазиятни муҳокама қилиши қайд этилган. Бундан ташқари, учрашувда томонлар Сурия ва Ливия масалаларида  ҳам ўзаро фикрлашадилар.

Асосий масала эса бу Туркия ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожалантириш мавзуси бўлиши таъкидланмоқда. Маълум бўлишича, жорий йилнинг январ-апрель ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан  22,5 фоизга ошган ва  9 миллиард 100 минг АҚШ долларига етган.

Баёнотда икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техник ва юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик, Кovid-19га қарши кураш, Sputnik V вакцинаси,  ундан фойдаланиш ҳамда  ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниши   режалаштирилмоқда.

Зебо НАМОЗОВА тайёрлади