Ўзсаноатқурилишбанк акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди  

971

Жорий йилнинг 29 июнь куни “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ акциядорларининг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда йиғилиш кун тартибига кўра, банк фаолиятининг асосий йўналишлари акс этган 12 та масала кўриб чиқилди.

Йиғилишда сўзга чиққан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув Раиси С.Аннакличев 2020 йилда асосий эътибор банкни трансформация қилишга, хусусан 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига асосан муассасани хусусийлаштириш бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ, банк фаолиятини мижозларга йўналтириш ҳамда унинг инвестицион жозибадорлигини оширишга биринчи даражали вазифа сифатида қаралганлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, “Green banking” хизматларини ташкил қилишда махсус технолог, эколог каби мутахассислар ишга олинди. Ҳар бир бизнес учун яшил маҳсулотлар жорий қилинди.Кредит блоки фаолиятини йўлга қўйиш ишлари якунига етказилди. Кредитлашнинг андеррайтинг тизими ишга туширилди.

Аҳоли учун 58 турдаги хизматлар мавжуд бўлган янги JOYDA мобил иловаси ва унинг таркибида маркетплейс савдо майдончаси ишга туширилди.

Ҳар бир йўналиш бўйича даромад ва харажатларни аниқлаш, уларни режалаштиришни автоматлаштиришга мўлжалланган Бюджетлаштириш дастурий тизимининг биринчи босқичи ишга туширилди. Тизим учун маълумотлар базасини яратиш ишлари якунланди.

“WAY4” платформасида VISA, Mastercard, UnionPay, JCB халқаро тўлов тизимлари карталарига хизмат кўрсатиш ва уларни муомалага чиқаришга мўлжалланган янги процессинг маркази ишга туширилди. Ҳисоботлар шакллантиришни автоматлаштириш мақсадида DWH маълумотлар омборини ташкил қилиш қарийб якунланди. Йиғилишда трансформация доирасида амалга оширилган ишлар карантин чекловларига қарамасдан салмоқли ютуқларга эришиш имконини берганлиги ҳам айтиб ўтилди.

2020 йилда банк тарихида илк бор юқори даражада, яъни 798 млрд. сўм соф фойда олиниб, республика банклари орасида 2-ўринга сазовор бўлинди.

Активлар рентабеллиги халқаро меъёрларда белгиланган
1,5 фоиз ўрнига 1,9 фоизни, капитал рентабеллиги 12,1 фоизни ташкил қилди.

Операцион самарадорлик, яъни харажатларнинг даромадга нисбати кўрсаткичи янада яхшиланиб, 25,6 фоизни ташкил қилди. Мижозларга 18,2 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди.

Йиғилишда акциядорлар Банкни 2021-2023 йилларда ривожлантириш стратегияси доирасида белгиланган жорий йилги режалар билан таништирилди. Унга кўра, 2021 йил сўнгига қадар Банкнинг барча филиаллари ихчам сотув каналларига айлантирилади. Мижозларга мўлжалланган янги CRM ва кредит конвейер тизимлари, тадбиркорлар учун “JOYDA Business” дастури ишга туширилади. Ягона МФОга ўтиш амалга оширилади.

Халқаро молия корпорациясидан 75 млн. доллар, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкидан
50 млн. доллардан устав капиталига конвертация қилинадиган кредит линиялари жалб қилинади. Банк соф фойдаси 1,2 баробарга оширилади. Йиғилишда, шунингдек муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Банк Ахборот хизмати