Жиззах шаҳрида “Sambhram” университети ташкил этилди

677

Ҳукумат қарори (401-сон, 29.06.2021 й.) билан Жиззах шаҳрида “Sambhram” университети ташкил этилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

“Sambhram” университети (Ҳиндистон) нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш Университетнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан биридир.

Университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида инглиз, рус тиллари ва давлат тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари Университет томонидан белгиланади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Қарорга кўра, Университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратилади. Бунда талабаларнинг 5 фоизини бепул ўқитиш, 5 фоизига 50 фоизли, 10 фоизига 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этилади.