4 млрд. сўмлик матоларнинг ноқонуний айланмаси фош этилди

980

Товар-моддий бойликларни юртимизга турли яширин йўллар билан олиб киришга ҳамда давлат бюджетига тушиши лозим бўлган божхона тўловларини қинғир йўллар билан тўламасликка бўлган уринишлар божхоначилар томонидан ўз вақтида бартараф этилмоқда.

ДБҚ ахборот хизматининг хабар беришича, Андижон вилояти божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимининг тезкор маълумотларига асосан, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда пост ходимлари иштирокида божхона постига вилоятда фаолият кўрсатувчи масъулияти чекланган жамият номига хорижий мамлакатдан олиб келинган матолар божхона кўригидан ўтказилди.

Текширув давомида, божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган божхона юк декларацияси асосида ўтказилган божхона кўриги натижасида умумий қиймати 3 млрд. 859 млн. сўмлик матолар божхона тўловларини тўламаслик мақсадида ҳужжатларда кўрсатилмаганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.