Музқаймоқ истеъмол қилиш борасидаги зарур талаблар ва фойдали тавсиялар берилди

21

СЭО хизмати музқаймоқ истеъмол қилиш борасидаги зарур талаблар ва фойдали тавсиялар берди.

«Музқаймоқлар ёзнинг иссиқ кунларида инсонлар томонидан севиб истеъмол қилинадиган, чанқоқбосди, озуқавий қийматга эга сут маҳсулотларидан саналади.

Музқаймоқлар Вазирлар Маҳкамасининг 407-сонли «Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган тартибда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган турғун ва кўчма савдо нуқталаридан сотилишига рухсат этилади. Юмшоқ (фрезерли) музқаймоқлар фақат турғун савдо нуқталарида сотилиши шарт.

ЁДДА ТУТИНГ!

кўча-кўйларда белгиланмаган жойларда сотилаётган музқаймоқлар, айниқса фрезерли ускуналарда тайёрланган музқаймоқларни харид қилманг;

эриб қолган, бутунлиги бузилган музқаймоқларни сотишга рухсат этилмайди.

САЛОМАТЛИК УЧУН ЖУДА МУҲИМ:

хавфсизлиги кафолатланмаган, сақлаш ва савдо қоидаларига риоя этилмаган ҳолда сотилаётган музқаймоқларни истеъмол қилиш натижасида овқатдан заҳарланишлар, ўткир юқумли ичак касалликлар келиб чиқиши мумкин;

музқаймоқлар сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари мавжуд бўлганида савдо қилинишига рухсат этилади. Қадоқланган музқаймоқлар талаб этилган ҳароратда музлатгичларда сақланиши шарт;

музқаймоқларни харид қилишда уларнинг сақлаш шароити, қадоғи ва ундаги истеъмол муддатига доимо эътибор бериш керак;

музқаймоқ сотувчилар тиббий кўрикдан ўтишлари ва махсус кийим билан таъминланиши шарт» дейилади тавсияларда.