Болалар футболи: ПОЙДЕВОР МУСТАҲКАМ БЎЛМАС ЭКАН…

9

Шу кунларда футбол бў­йича Европа чемпионати давом этмоқда. Бир ойдан бери ишқибозлар футболдан гурунг қиляпти. Афсуски, терма жамоамиз Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида яна қоқилди. Муваффақиятсизликнинг эса сабаблари кўп… Ҳозир у ҳақда эмас, балки футбол пойдевори хусусида суҳбатлашсак… Жумладан, Ўзбекис­тонда болалар футболига қандай эътибор қаратилмоқда?

Маълумки, давлатимиз раҳбари футболни ривожлантиришга қаратилган икки муҳим ҳужжат – 2018 йил 16 мартда «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ҳамда 2019 йил 4 декабрда «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир вилоятда вилоят футбол академиялари фаолияти йўлга қўйилди.
Қашқадарёда «Насаф», «Машъал», «Шўртан» футбол клубларининг академиялари мавжуд бўлиб, Президент қарорига кўра, ташкил этилган вилоят академияси улардан бир поғона юқори бўлиши керак.
Хўш, аслида ҳам шундайми?
Бизга маълум бўлишича, вилоят футбол академияси ўз базасига эга эмас. Яъни вилоят футбол маҳорат мактаби Қарши компьютер технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежининг стадиони ҳамда биноларидан ижара асосида фойдаланиб келмоқда. Машғулотлар коллеж стадиони ва Қарши шаҳридаги «Бинокор» ўйингоҳида ўтказилади.
Қашқадарё вилояти футбол маҳорати мактаби (вилоят футбол академия­­си) директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Нурали Султонов билан мавжуд шароитлар ҳақида суҳбатлашдик.
– Вилоят футбол маҳорати мактабида, халқ тили билан айтганда, «академия»да бугунги кунда 154 нафар бола таҳсил олмоқда, – дейди Нурали ака. – Еттита гуруҳга 22 нафардан бола қабул қилинган. Бироқ бизда ўқиш истагини билдирганлар кўп. Шу боис, ҳар бир гуруҳ учун камида 150-160 нафардан бола имтиҳон топширади. Имтиҳонларнинг шаффоф ва холис ўтиши учун жараёнларни Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вилоятдаги ­бошқармалари мутахассислари кузатиб боришади. Ота-оналар эса видеокузатув камералари орқали барчасини кўриб туришади. Мактабимиз коллеж биноси, унинг стадиони ва ётоқхоналаридан ижара асосида фойдаланиб келяпти. Бундан ташқари, фаолият кўрсатмаётган касб-ҳунар коллежи биносининг ярми Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтига берилган. Собиқ коллеж биносини вилоят маҳорат мактаби балансига ўтказиш ҳақида вилоят ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган. Айни пайтда мазкур масаланинг ижобий ечимини кутяпмиз. Қашқадарё – футболни ривожлантириш, моҳир «чарм тўп» усталари тайёрлаш бўйича ўз ўрни, ўз мактабига, ўзининг фидойи ва тажрибали мураббийларига эга ҳудуд. Буни биргина «Насаф» мисолида кўриш мумкин. Бизда ҳам машғулотлар асосан «Насаф» тактикаси, унинг ўйин фалсафаси бўйича олиб борилади. Мен Андижон, Наманган вилоятидаги футбол академияларида яратилган шароитларга ҳавас қиламан. Ҳатто Андижондаги футбол маҳорати мактаби Осиё футбол конфедерациясининг икки юлдузли академиясига айланган. Агар коллеж биноси балансимизга ўтказилса, бизда ҳам шароит яхшиланармиди?..
Мана, футбол академиясидаги ҳақиқий аҳвол. Кўзга кўринмас, ўта долзарб муаммо ўз ечимини кутмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари мутасаддиларга футболга эътибор ва талабни кучайтириб, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси (ФИФА) рейтингида кучли 50 таликка кириш вазифасини юклаган. Ҳозирда эса терма жамоамиз ФИФАнинг миллий жамоалар рейтингида 80-поғонадан ҳам пастда. Демак, қоғозда эмас, амалда ҳали кўп ишлар қилиниши керак… Бунинг учун, биринчи навбатда, болалар футболидаги ҳолатдан мутасаддилар хабардор бўлиши керак. Ҳолбуки…

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»