Ичкиликбозлик иллати илашса…

1365

Сархуш одам ҳовлига кириб, катталарни излай бошлади. Ҳеч ким бўй кўрсатмади, сўрида ўйнаб ўтирган ўғлигина қуралай кўзларини дадасига тикиб турарди. Хонтахта устига бир шиша ароқни қўйиб, ўғлини «Иномжон, бери кел», деб чақирди. Бола ҳадиксираганча дадасининг ёнига келиб ўтирди. Дадаси бир пиёла ароқни ичди-ю, газакни оғзига солиб, афтини буриштирди. Иккинчи пиёлани олаётганида ўғлидан:

– Болам, катта бўлсанг ким бўлмоқчисан, – деб сўради.
– Катта бўлсам, сизга ўхшаган одам бўламан, – деди у.
Боланинг бийрон тилларидан чиққан бу сўзлар сархушни севинтирди, албатта.
– Ҳа, ота ўғил, ота ўғил, ҳа бизга ўхшаб кейин нима ишлар қилмоқчисиз?
Бола тийрак, ҳавасманд кўзларини сузиб, «Катта одам бўлсам, сизга ўхшаб ҳар куни кўп-кўп ароқ ичаман. Кейин маст бўлиб, хотинимни ураман, сизни эса ҳовлида қувиб юраман!.. Сиз бобомни ҳовлида қувасиз-ку-а?!…».
Пиёладаги ароқ қултуми гўё суяк каби томоққа қадалди. Мурғаккина бола оғзидан чиққан сўзлар эркакнинг аввалги соғлом, тинч ва хотиржам кунларини қайтиб берди… Ичкиликка муккасидан кетиб, қилган хатоларини, айбларини анг­лаб етди… Фарзандининг бу гаплари унга бир умрлик улкан сабоқ бўлди, дарс бўлди… Ичкиликдан нафратланди, уни ёмон кўриб кетди… ва бу қалтис йўлдан қайтди…
…Ароқ таркибидаги сивуш ёғи мия учун энг катта оғу ҳисобланиши тиббиётда ўз тасдиғини топган. Яқинда таҳририятга бир аёл қўнғироқ қилиб, муттасил ичкилик ичиш оқибатида эрининг касалликларга тез-тез чалинаётганидан шикоят қилди. Хўш, алкоголизмнинг сабаб ва омиллари нималар билан боғлиқ? Умуман, бунинг давоси борми? Мана шу каби саволларимизга шифокор-нарколог Абдували Раббимов билан бўлган мулоқотимиз давомида жавоб изладик.
– Виртрунг деган машҳур олим сурункали алкоголизмни вабодан кейинги даҳшатли касаллик деб атаган. Иш тажрибамизда баъзан шундай ҳолатлар бўладики, ичкиликка муккасидан кетган баъзи одамлар: «Доктор, мени боғлаб бўлсаям бу дардимни даволанг», дейишади. Уларнинг кўпчилиги ўзларининг хатти-ҳаракатларини изоҳлаб, «ўзим билмаган ҳолда ичкилик сотиладиган жойга, дўконга чиқиб кетяпман», деган гапни айтишади.
– Сурункали алкоголизм таъсирида организмда энг кўп азият чекадиган орган, бу – жигар дейилади тиббиётда. Айтинг-чи, ичкиликбозлик туфайли организмда яна қандай салбий ўзгаришлар бўлиши мумкин?
– Сурункали ичкиликбозлик, энг биринчи навбатда, организмнинг курашувчанлигини, турли инфекцион касалликларга бўлган иммунитетини сусайтиради. Масалан, ичкилик таъсирида соғлигини йўқотаётган организмнинг сил хасталигига йўлиқиш эҳтимоли юқори. Яқинда олимлар ўтказган тадқиқотлар ичкиликка муккасидан кетганларнинг жигари ичмайдиганларникига нисбатан бир неча баробар оғир эканлигини кўрсатган. Цирроз билан хасталанган ҳар 100 нафар беморнинг 13-15 нафарини фақат алкоголиклар ташкил этиши тиббиётчилар томонидан аниқланган. 158 нафар сурункали ичкиликни бошдан кечираётган кишининг 58-60 фоизи эндокринологик жиҳатдан носоғлом деб топилган. Алкоголизмнинг 3-босқичида соматик ўзгаришлар тузалмайдиган даражага етади ва алкоголь истеъмоли тўхтатилганда ҳам сақланиб қолаверади. Улар оғир даражадаги кардиопатия, гепатит, жигар циррози, панкреатит, атрофик гастрит билан ифодаланади.
– Алкоголизмнинг ирсият ва иқлим, ёш ва жинс билан боғлиқ томонлари қай даражада ўрганилган?
– Ўтган асрнинг иккинчи ярмида ҳар 10 нафар ичувчи эркакка 1 нафар ичувчи аёл тўғри келарди. Ўша пайтда Англияда бу кўрсаткичлар тенгга-тенг эди. Ҳозирги кунга келиб эса кўплаб ғарб мамлакатларида ҳар 10 нафар ичувчи эркакка 7-8 нафар аёл тўғри келмоқда. 15000 нафар сурункали ичкиликбозликка йўлиққан киши ўртасида ўтказилган тадқиқотларга кўра, улардаги бу муаммонинг наслий томонлари жуда кам фоизни ташкил этиши маълум бўлган. Ҳар қандай соғлом одам ҳам «Мен пияниста эмасман, кам-кам ич­япман-ку», деган фикр билан ҳар куни ичкилик ичиб, сурункали алкоголизмга йўлиқиб қолиши мумкин. Алкоголизмнинг психоген ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ томонлари жуда кўп. Алкоголизмнинг иқлим шароитлари билан боғлиқ томонларига тўхталадиган бўлсак, сурункали ичкиликбозлик шимолий минтақаларда нисбатан кўпроқ кузатилган.
– Агар аёл сурункали ичкиликбозликдан азият чекаётган бўлса-чи?
– Мен бу саволингизга шундай жавоб бермоқчиман: икки оёғи ва қўллари йўқ бўлган болаларни тасаввур қилинг. Бундай ногирон, имконияти чекланган болаларнинг оналарини суриштирсангиз, кўпинча, улар муттасил равишда спиртли ичимлик ичиб келган бўлиб чиқади. Аёллар ичкиликбозлиги энг катта ва даҳшатли хатоликдир.
Спиртли ичимлик таъсирида туғилган ҳамма болалар ҳам ногирон, хаста туғилмаслиги мумкин. Лекин бу салбий иллат боланинг умри давомида қачондир ўзини намоён қилади, албатта.
– Сўнгги саволим: сурункали ичкиликбоз­ликни даволаса бўладими? Қандай қилиб буни бартараф этиш мумкин?
– Алкоголикларни дори-дармонлар билан даволаш жараёнида уларга руҳан далда бериш жуда ҳам муҳим. Беморни мунтазам меҳнат билан банд қилиш унинг даволаниши йўлидаги энг мақбул даволардан бири саналади. Даволаниш давомида беморнинг иродаси ва бемор қариндошларининг далдаси уйғун бўлса, албатта, ўз самарасини беради.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Дилафрўз ЭГАМБЕРДИЕВА,
журналист