Митти «Оловқуш» қўшиғи

832

ёхуд Уллибибидан Коммунага айланган қиз жасорати

Ривоятларга кўра, қақнус – ўт ичида туғилиб ўсган парранда. Хоразмликлар уни оловқуш дейишади. Мен элимизнинг ардоқли санъаткори Коммуна Исмоиловани ана шу афсонавий қушга ўхшатаман. Чунки унинг истеъдоди ҳамда илк ижодий фаолияти оловли ва алғов-далғовли даврларда сайқал топган.
1942 йили халқ артисти Гавҳар Раҳимова республика раҳбарияти таклифига биноан, фронтдаги жангчиларга хизмат кўрсатадиган хотин-қизлар ҳарбий ансамблини тузади. Таркиби 16 нафар аёлдан иборат ушбу жамоа аҳли жанггоҳларга бориб, концертлар бера бошлайди. 1943 йил февралида унинг сафига хоразмлик 15 ёшли Коммуна Исмоилова ҳам қўшилади.
Ёш Коммуна урушнинг қўрқинчли даҳшатларини бошидан кечира бошлайди. Унинг кўз ўнгида 500-600 нафар аскар ­жангга кириб кетар, орадан уч-тўрт соат ўтгач, атиги 60-70 нафари майиб-мажруҳ ҳолда қайтиб келарди. Оғир йўқотишлардан санъаткор ўзбек аёллари ҳам қаттиқ изтироб чекишарди. Лекин нима бўлишидан қатъи назар, ўз ­бурчларини сидқидилдан адо этиб, жангчилар ва қўмондонлар олқишига сазовор бўлишарди.
Қўшиқчи аёллар гуруҳи 1945 йил 23 февралда биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган дивизияда бўлади. Бошига ўзбек қоракўлчилари совға қилган сур телпак, эгнига калта камзул кийган генерал юртдошларимизни қаттиқ соғинган экан. Шу боис, уларни қувонч-ла қарши олаётиб, дилида борини яшириб ўтирмайди. «Бугун паловхонтўрани мусулмончасига ошамлаб ер эканмиз-да», деб ҳазиллашади. Ош ейилаётган пайтда эса «Уруш тугаб, Тошкентга қайтсам, катта тўй қиламан. Сизлар уйим тўрида ўтирасизлар», дейди. Тамаддидан сўнг Коммунадан Муқимий ғазалига басталанган «Маҳвашим» ашуласини айтиб беришини сўрайди.
«Генерал ерга тўшалган сомон устида ёнбошлаганча, «Маҳвашим»ни сел бўлиб тинглар, ашула тугагани ҳамоно кўзларини оҳиста очиб, «Синглим, шу қўшиқни яна айт, илтимос!», дер эди. Ўшанда мен бу ашулани кетма-кет беш марта куйлаганман», дея эслаганди кейинчалик Коммуна ая.
Даста иштирокчилари маршал Жуков қўмондонлиги остидаги мудофаа фронтида концерт бераётиб, мудҳиш воқеанинг шоҳиди бўлишди. Қўққисдан фашист самол­ётлари уларнинг устига қузғундай бостириб кела бошлади. Ҳозиргина қўшиқ куйлаётган Коммуна ҳам бошқалар қатори окоп ичига шўнғиб, бошини чангаллаганча юзтубан ётиб олди. Бир маҳал устига қандайдир оғир нарса келиб тушди. У қўрққанидан додлаб юборди. Бироқ ҳеч нарса портламади. Ўзига келиб, бундоқ қараса, бояги нарса катта қоп экан. Аскарлар уни дарҳол Коммунанинг устидан олишди. Кейин эҳтиёткорлик билан очиб, не кўз билан кўришсинки, қопга чиройли қизнинг мурдаси, беш-олтита тирик кучук ва мушукча, бирталай варақалар солинган экан. Қиз шўрликнинг аъзойи бадани моматалоқ бўлиб кетган, ҳайвонларга балоям урмаганди. Варақаларга эса «Хонимлар, аскарларингизни таслим бўлишга кўндиринг. Йўқса, бошингизга мана шу яҳудий қизнинг куни тушади», деган жумлалар битилганди.
Коммуна аёвсиз қийноқларга солинган қизнинг жасадини кўриб, руҳан талвасага тушди. Варақаларни жаҳл аралаш ғижимлаб, четга улоқтирар экан, ичида нимадир туғён урди. Сўнгра беихтиёр «Олға бос, олға бос, доим олға бос», деган сатр билан бош­ланувчи ашулани айта бошлади. Зум ўтмай бошқа аёллар ҳам унга жўр бўлишди. Бу қўшиқ аскарларни душманга қарши ҳужумга илҳомлантириб юборди.
Март ойи охирида ўзбекистонлик санъаткор аёллар 2-Белоруссия фронтига қайтишади. Бу пайтда собиқ Иттифоқ ичкарисида уруш деярли тугаб, жанглар душман босиб олган Европа мамлакатларида бўлаётган, Ғалабадан дарак берувчи муждалар тобора кўпайиб бораётган эди. Аммо ансамбль ­аъзолари манзилга етиб келишганида, уларни Собир Раҳимовнинг адъютанти Леонид Юсупов хомуш қаршилади (бу йигит таниқли давлат ва сиёсат арбоби Усмон Юсуповнинг ўғли бўлиб, асл исми Асқар эди). У Гавҳар Раҳимованинг қўлига генералнинг илма-тешик бўлиб кетган ва қонга беланган кителини тутқазаркан, «Оғамиздан айрилиб қолдик», деб ҳўнграб юборди.
Штаб ичкарисида Собир Раҳимовнинг боши мажақланган жасади ётқизиб ­қўйилган экан. Ўзбек қизлари унинг тепасига бориб оҳу нола чека бошлашди. Коммуна ҳам «Оғажон, кўзингизни очинг. Ахир Тошкентда тўй қилмоқчи эдингиз-ку», дея ўксиб-ўксиб йиғлади…
Кўриб турганингиздек, Коммуна Исмоилова санъат оламига ўта оғир дамларда кириб келган. Урушдан кейин Хоразм мусиқали драма театрида, Ўзбек ашула ва рақс ансамблида, Ўзбек давлат эстрадасида, Ўзбек давлат филармониясида, Ўзбекистон телевидение ва радиосининг ўзбек халқ чолғулари оркестри ҳамда мақом ансамб­лида яккахон хонандалик қилди. Шунинг­дек, Тошкент давлат санъат институтида, Тошкент санъат коллежида, Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида ишлади. Санъатдаги сабоқларни буюк санъаткорлар Комилжон Отаниёзов, Юнус Ражабий, Фахриддин Содиқов, Гавҳар Раҳимовалардан олди. Сўнг­­ра уларнинг изидан бориб, ўзи ҳам Азим Муллахонов, Дилором Қаюмова, Зулайҳо Бойхонова, Мавлуда Асалхўжаева, Шарофат Тожибоева, Муножот Тешабоева каби ­кўплаб шогирдлар етиштирди. Соҳадаги фидокорона хизматлари эвазига «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Эл-юртга миллий мақомлар, мумтоз ашулалар ва замонавий қўшиқлар ижрочиси сифатида танилди.
Шу ўринда «Бу машҳур санъаткорга нима сабабдан Коммуна исми қўйилган?», деган савол туғилиши мумкин. Бу ҳақда у менга қуйидагиларни сўзлаб берган эди:
– Асл исмим Уллибиби бўлган. Ҳозир ҳам барча қариндошларим мени шу исм билан чақиришади. Унинг «Коммуна»га айланишининг эса машъум тарихи бор. Отам Қурбонбой Исмоилов «Инқилоб қуёши» (ҳозирги «Хоразм ҳақиқати») газетасида масъул котиб бўлиб ишлаётганида бошига қора булутлар соя сола бошлабди. Ҳамкасбларидан бири НКВДга «Қ.Исмоилов руҳоний, мутаассиб одам, совет жамиятига ёт унсур. Шу сабабли уни жазолашингизни сўрайман», деб чақув хати ёзиб берибди.
Тўғри, отам художўй, намозхон, лекин илғор фикрли, янгиликни қўллаб-қувватловчи инсон бўлган. Изига тушишганини пайқаган куни уйга келиб, «Агар биров Уллибибининг исмини сўраса, Коммуна денг­лар ва бундан кейин уни шу исм билан чақиринглар», деб тайинлайди. Бу гапни яқин қариндошларимиз бўлмиш қўшниларимизга ҳам айтиб чиқади. Ўша тунда НКВДчилар унинг қўлига кишан солиб олиб кетишади. Тонггача «Сен совет ­тузуми душманисан. Айбингни бўйнингга ол», деб сўроқ қилишади. Отам эса, «Қанақасига душман бўлай. Ахир мен шу тузумни яхши кўрганим учун қизимга Коммуна исмини берганман», деб туриб олади. Терговчи эрталаб ёрдамчисига бизнинг уйга бориб, менинг исмимни билиб келишни топширади. Орадан икки соатлар ўтгач, ёрдамчи қайтиб келиб, «Бу одамнинг гапи рост экан», дейди. Ўша куни етти ёт бегона кишилар қўшниларимиздан сўраб-суриштиришганида, улар ҳам отам ўргатиб қўйганидек, «Бу қизалоқнинг исми Коммунахон», деб жавоб беришади. Муддаосига эришолмаган терговчи отамни қўйиб юборибди. У уйга келгач, мени ҳалинчакдан олибди-да, «Отасини балолардан асраб қолган, ширин қизим!», дея ўпиб-эркалаб, роса йиғлабди…
Раҳматли Коммуна Исмоилованинг бу сўзлари ҳар биримизни ўтган асрнинг 30-40 йилларида авж олган қатағонлар даҳшатларини теран ҳис этишга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукрона келтириб яшашга ундайди.

Эрпўлат БАХТ