Зиёлилар «Қашқадарё соҳили»да мароқли ҳордиқ чиқаришмоқда

7

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раёсатининг қарорига мувофиқ, бу йил Қашқадарё вилоятида 578 нафар педагогни соғломлаштириш режалаштирилган. Январь – июнь ойларида уларнинг 265 нафари сўлим «Қашқадарё соҳили» санаторийсида соғлиғини тиклади.
Яқинда ушбу гўшада бўлиб, у ерда ҳордиқ чиқараётган устозлар билан суҳбатлашдик.

– Қарши шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бераман, – дейди Шоҳиста Жабборова. – 20 йиллик меҳнат фаолиятим давомида биринчи марта имтиёзли, бепул йўлланмадан фойдаландим. эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига раҳмат!
– Шаҳрисабздаги 6-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида 40 йилдан буён она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман, – дейди Соҳиба Зикирова. – Муассасамиз касаба уюшма қўмитаси менга санаторийга имтиёзли йўлланма ажратилганини айтганда бошим кўкка етди. Бу маскандаги шароит ҳам, хизмат кўрсатиш сифати ҳам аъло даражада экан. Мириқиб ҳордиқ чиқардим, маънавий-маърифий тадбирлардан олам-олам таассурот олдим.
– Мен остеохондроз ва чурра каби хасталиклардан азият чекардим, – дейди Деҳқон­обод туманидаги 55-мактаб директори Маҳмуд Қурбонов. – Мазкур сиҳатгоҳдаги муолажаларнинг нафи тегди. Санаторий директори Икром Раҳимовнинг ҳар бир дам олувчига алоҳида эътибор қаратиши, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаши ва ишни юқори савияда ташкил этиши бизни мамнун этди.
Касби туманидаги 57-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Панжи Маҳмудовнинг айтишича, у 34 йиллик тажрибага эга. Илгари оёқ оғриғидан кўп азият чеккан. Яқинда самарали меҳнатлари эвазига имтиёзли равишда дам олиш имконини берувчи йўлланмага эга чиққан. Санаторийдаги муолажалар шарофати билан ўзини қийнаб келаётган дарддан фориғ бўлган.
Шу тумандаги 11-давлат ихтисос­лаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси Нигора Эргашева бултур Онлайн олимпиаданинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритганди. Шунга мувофиқ, унинг устози – она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Сарвиноз Комилжонованинг хизматлари юқори баҳоланди. Чунончи, унга «Қашқадарё соҳили» санаторийсида дам олиш учун йўлланма тақдим этилди. У Касби чўлларида иссиқ тобора забтига олаётган кунларда салқин гўшада мириқиб ҳордиқ чиқариб, соғлиғини анча тиклаб олди. Эндиликда янги ўқув йилидан эътиборан ўн чандон шижоат билан ишлашга ҳозирлик кўрмоқда.
– Яккабоғ туманининг Қишлиқ қишлоғидаги мен ишлайдиган 28-мактаб рейтинг кўрсаткичларига кўра, юқори ўринларда туради, – ­дейди Ойбаланд Бекмуродова. – Рости, шу пайтгача нуқул иш-иш дея, ҳордиқ чиқариш, кўнгил ёзиш нималигини буткул унутиб қўйгандим. Ҳозир санаторийда жамоадошим Дилбар Бердиева билан бирга дам оляпман. Физиотерапик муолажалар фойдасини ҳозирданоқ сездик. Шунингдек, Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларини томоша қилдик, кечқурунлари фаввораларнинг жилоланишидан, оромбахш мусиқалар ва ҳамкасбларимиз ўртасида ўтказилган баҳрибайтлардан завқ олдик…
Миннатдорлик туйғулари ила йўғрилган дил сўзларини бошқа дам олувчилардан ҳам эшитдик.
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»