Фарғонада инспекторга 100 АҚШ доллари ва 950.000 сўм пора берган ҳайдовчи қўлга олинди

496

Жорий йилнинг 29 июнь куни Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Э.Хайитов, Бешариқ туман марказида хизмат олиб бораётган вақтда «Нексия» русумли автомобиль ҳайдовчисини тўхтатган. Ҳайдовчи Р.М. автомобилни мастлик ҳолатида бошқарганлигини аниқлаган ва маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.

Ҳайдовчи Р.М. ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний чора кўрмаслик ва автомобилини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига маъмурий материалларни кўриб чиқиш инспектори И.Сиддиқовга 2.000.000 (икки миллион) сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.

Шундан сўнг И.Сиддиқов вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган ҳайдовчига қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ходимнинг билдиргисига асосан 2021 йил 29 июнь куни соат 15:30 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.М. маъмурий материалларни кўриб чиқиш инспектори И.Сиддиқовга 100 АҚШ доллари ва 950.000 сўм (тўққиз юз эллик минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда ушланган. Бу ҳақда ЙҲХББ маълум қилди.