Россия тиббиёт университетининг Тошкент филиали очилмоқда

553

Бугун, 1 июль куни Президентимизнинг “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжатга кўра, соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, халқаро таълим стандартларини жорий этиш, тиббий хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш, тиббиёт амалиёти, таълими ва илмий тадқиқотлари ўртасидаги интеграцияни таъминлаш, даволаш-ташхислаш жараёнига илғор ютуқларни ва инновацияларни татбиқ этиш мақсадида юртимизда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ:

📌соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун муҳим илмий-амалий муаммоларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш;

📌тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган замонавий таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини жорий қилиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни рағбатлантириш;

📌тиббиёт ва тиббиёт илм-фани соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш;

📌таълим ва фаннинг узлуксизлиги ҳамда узвийлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мажбурий интеграциялашув ҳисобига мутахассислар, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

📌таълим ва илмий фаолиятнинг тиббий ва фармацевтик фаолият билан чуқур интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;

📌хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан таълим ҳамда тиббиёт илми соҳаларида узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлаш филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Филиал таълим фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди.