Янги очилаётган Россия тиббиёт университети филиали талабаларининг 40 фоизгача бўлган қисми давлат гранти асосида таҳсил олади

398

Президентимизнинг «Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида қабул параметрлари, мазкур олий таълим муассасаси битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, қарорга кўра, Филиалга йиллик қабул параметрлари тармоқ ва ҳудудлардаги тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, Россиядаги университет билан келишилган ҳолда Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Шунингдек, мақсадли буюртма бўйича кадрларни тайёрлаш, жумладан, филиал битирувчиларининг келгусида иш билан таъминланиши бўйича шартлар абитуриентлар ва манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишувларга мувофиқ аниқланади.

Бундан ташқари, давлат гранти асосида таҳсил олган филиал битирувчилари юртимизнинг давлат тиббиёт муассасаларида камида 5 йил ишлаш шарти билан ишга тақсимланади.

Таъкидлаш лозимки, филиалга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган талабалар ва ординатура тингловчиларини давлат грантлари бўйича ўқитиш:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар йили ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

пуллик-шартнома асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;

Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадли бадаллари ва хайрия ёрдамлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грант маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, филиал таъминоти учун бюджет ажратмалари 2021 йилда мамлакатимизнинг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратилади. 2022 йилдан бошлаб эса юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.