Абдулазиз Камилов АҚШ Мудофаа вазири билан учрашув ўтказди

904

2021 йилнинг 1 июль куни Вашингтон шаҳрига Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида келган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Учрашув чоғида Пентагон раҳбари вазир Абдулазиз Камиловни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклади.

Музокараларда мудофаа йўналишидаги, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Турли даражалар ва йўналишлардаги мунтазам мулоқот сабабли сўнгги йилларда Ўзбекистон — Америка алоқалари ижобий ўсиш суръатларини касб этаётганлиги, амалий мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилди.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг Ўзбекистон томонидан кўп йиллардан буён қўллаб-қувватланаётганлигини олқишлади ҳамда ушбу мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига интеграциясига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.