Туркия элчиси ОАВ ходимлари билан учрашди

1044

Бугун Туркиянинг фавқулодда ва мухтор Элчиси Олган Бекар ўзбекистонлик ОАВ ходимлари билан бир пиёла чой устида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ва келгуси режалар ҳақида мулоқот уюштирди. Унда журналистлар, экология, тадбиркорлик, олий таълим, туризм ва бошқа мавзулардаги ҳамкорлик масалаларига оид саволларига Элчи жанобларидан атрофлича жавоб олишди.

Дунёга янада очилаётган мамлакатимизнинг Туркия давлати билан амалга оширган ўзаро иқтисодий савдо айланмаси ҳажми 2020 йил пандемия шароитида 2 миллиард АҚШ долларидан ошган бўлса, 2021 йилнинг 4-5 ойи давомида 3 миллиарддан кўпроқни ташкил этган. Йил охиригача эса бу рақамлар янада ортади.

Қувонарлиси, мамлакатимиз аҳолиси туристик саёҳатлар мақсадида энг кўп ушбу мамлакатга йўлланма олмоқда. Ишлаш учун кетаётган меҳнат мигрантлари бўлган юртдошларимиз сони ҳам кўп. Демак, мазкур давлат билан алоқаларимиз ва унинг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга.

Мулоқотда кузда ўтиши кутилаётган Тошкент кинофестивалига Туркиядан ҳам қатор машҳур актёрлар келиши, таълим йўналишида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ва масъул идоралар билан келишувлар устида ишланаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, меҳнат мигрантлари масаласи бўйича ҳам икки давлат масъуллари ўзаро ҳамкорликда ишлашга келишиб олингани, турк тадбиркорларининг юртимизда дуч келаётган муаммолари тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида ижобий ҳал этилаётгани эътироф этилди.

Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”