АҚШ Давлат департаментининг Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузасида Ўзбекистоннинг позицияси яхшиланди

1

Жорий йилнинг 1 июль куни АҚШ Давлат департаменти ҳар йили анъанавий тарзда тайёрланадиган Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузасини эълон қилди.

Қоида тариқасида, маърузада давлатлар 3 та тоифага ажратилади, яъни:

1-тоифа – давлат идоралари одам савдосини бартараф этиш бўйича минимал стандартларга тўлиқ амал қиладиган мамлакатлар;

2-тоифа – давлат идоралари минимал талабларни тўлиқ бажармаган, аммо ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун салмоқли ҳаракатларни амалга оширадиган мамлакатлар;

3-тоифа – давлат идоралари минимал талабларга тўлиқ риоя қилмайдиган ва ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун жиддий ҳаракатларни амалга оширмайдиган мамлакатлар.

Шунингдек, ҳисоботда 2- ва 3- тоифадаги давлатлар ўртасида оралиқ –

«2-тоифадаги давлатларнинг назорат рўйхати» ҳам мавжуд.

Эълон қилинган мазкур маърузада жаҳондаги 192 та давлатда ушбу соҳадаги вазият чуқур таҳлил этилган, йўл қўйилган камчиликлар билан бир қаторда, эришилган натижалар ҳам инобатга олинган.

Маърузада Ўзбекистон ўз позициясини яхшилаб, «2-тоифадаги давлатларнинг назорат рўйхати»дан чиқарилиб, 2-тоифадан ўрин олди, яъни давлат идоралари минимал талабларни тўлиқ бажармаган, шу билан бирга ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун салмоқли ҳаракатларни амалга оширадиган мамлакатлар қаторида қайд этилди. Бу ҳақда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси маълум қилди.

Маълумот учун айтиш мумкин, АҚШ Давлат департаментининг 2018 йил июнда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон рейтинги энг ёмон 3-тоифадан «2-тоифадаги мамлакатларнинг назорат рўйхати»га кўтарилган эди.

2020 йилги ҳисоботда АҚШ Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистонни алоҳида тилга олиб, «Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган катта саъй-ҳаракатлари минтақадаги мамлакатлар учун янги стандартни белгилаб бермоқда», – дея ушбу муаммони бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берган эди. Хусусан:

– пахта терими вақтида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш (шунингдек, талабалар, ўқитувчилар ва соғлиқни сақлаш ходимларини тизимли жалб этиш), пахта терувчиларга бериладиган мукофот суммасини ошириш, ихтиёрий меҳнатни рағбатлантириш учун меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш;

– халқаро кузатувчиларнинг монеликсиз текшируви учун имконият яратиб беришни давом эттириш;

– териладиган пахтанинг мажбурий ҳажмларини давлат томонидан белгилаш тизимининг бекор қилиниши, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича олий даражадаги Миллий комиссия таъсис этилиши шулар жумласидандир.

Жорий йилги ҳисоботда Ўзбекистон одам савдосига барҳам бериш бўйича катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганлиги, хусусан, Миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар, фуқаролик жамияти фаоллари билан ҳамкорлик ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш бўйича текширувлар сонининг ортганлиги, мамлакатимизда одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва қонуний жавобгарликка тортиш борасидаги ишлар сезиларли кўпайганлиги ҳам ижобий баҳоланган.

Ҳисоботда Ўзбекистон рейтингининг ижобий томонга ўзгариши мамлакатимиздаги инвестицион муҳитнинг янада яхшиланишига ва натижада халқаро бренд корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, АҚШ ва Европа давлатларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Ҳисоботда Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш бўйича тавсиялар ҳам акс эттирилган.