Журналистлар «уюшмаси» уйғонди(ми?)

14

Бир неча йиллардан буён на борлиги ва на йўқлиги сезиладиган, фақат касб байрами-ю соҳага доир халқаро тадбирлар доирасидагина «йўталиб» турадиган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, кўпчилик ҳамкасблар эътироф этаётганидек, ҳақиқатан ҳам уйғонибди.

Куни кеча Уюшма Миллий матбуот марказида ташкил этган тадбирда бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.
«Янги Ўзбекистон журналистикаси: замонавий ёндашувлар ва анъаналар давомийлиги» мавзусида кечган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, босма ва интернет нашрлар, телерадио­каналлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда кечган давра суҳбатида босма нашрлар – газета ва журналларнинг бош муҳаррирлари «Янги Ўзбекистон журналистикаси: долзарб вазифалар ва замонавий ёндашувлар», «Миллий журналистика: ривожланиш йўллари, муаммолар ечими», «Миллий журналистиканинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш тамойиллари», «Тележурналистика ва давр талаби» каби мавзуларда маъруза қилишди.
Қайд этилганидек, янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситаларида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор вазифа бўлиб келмоқда. Бу ҳақда сўз бораркан, аввало, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани кучайтириш мақсадида кейинги тўрт йилда 12 та қонун ҳужжати қабул қилингани, медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгилангани таъкидланди.
Айни вақтда нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар сони тобора кўпаймоқда. Айниқса, ҳозирги кунни интернет журналистикасисиз тасаввур қилиш мушкул. Республикамизда фаолият юритаётган 1893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизини интернет нашрлари, веб-сайтлар ташкил этаётгани бунинг яққол исботидир.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар соҳада юксак малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллари институтларининг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтишди.
Давра суҳбатида эришилган ютуқлар билан бирга соҳа вакиллари илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга дуч келаётгани ҳам эьтироф этилиб, уларни биргаликда бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Муҳими, кўтарилган масалалар ва уларнинг ечимига доир таклифлар уюшма ­оммавий ахборот воситаларининг бошини қовуштираётганидан далолатдир.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»