Вакцина коронавирусдан ҳимоялайди(ми?)

19

Афсуски, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият яна кескинлашди. Аслида, шундай бўлиши ҳам тайин эди. Чунки қўшни мамлакатларда коронавирус билан боғлиқ вазият яхши эмас. Қолаверса, мамлакатлараро авиақатновлар ўтган йилгидан камроқ чекланди. Юртимизга кириб келаётганлар сони ҳам, юртимиздан чиқиб кетаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Туркия, Ҳиндис­тон, Россия ва яна кўплаб мамлакатлар… Хуллас, Ўзбекистон дунёдан узилиб яшай олмайди.

Яна бир сабаб – ўзимизнинг бепарволигимиз. Ҳамма кўриб-билиб турибди: бозорларда, дўконларда, оммавий тадбирларда, тўй-ҳашамларда, жамоат транспортида оралиқ масофага ҳам, ниқоб тақишга ҳам эътиборсиз бўлиб қолдик.
Натижа шу бўлдики, ҳар суткада 500 нафарнинг нари-берисидаги ватандошимиз коронавирусни юқтириб ола бошлади. Аҳволнинг яқин орада ўнгланишига эса ҳеч қандай кафолат йўқ. Буни куни кеча Тошкентда коронавирус юқтирган беморлар даволанувчи марказлар «Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуаси базасида, «Универсал» ва «Ёшлик» базаларида қайта фаолият бошлагани ҳам тасдиқлаб турибди.
Расмий маълумотга кўра, 2021 йилнинг 1 июлида Ўзбекистонда 495 нафар киши коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Коронавирус инфекцияси қайд этилганларнинг умумий сони эса 111648 нафарни ташкил этмоқда.
Шу боис, 25 июнь куни Ўзбекистонда эпидемиологик вазият оғирлашиши ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига асосан Респуб­лика махсус комиссияси қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди. Аммо бу чора-тадбирларнинг эпидемиологик вазиятни ўнглашда қанчалик самара бериши номаълум. Аммо шуниси аёнки, сўнгги пайтларда кўпгина мамлакатларда яна қатъий локдаун ҳолатини жорий этиш чақириқлари ­янграй бошлади.
Вазият сизу биз ўйлагандан ҳам жиддий. Бутун дунёда коронавируснинг аввалгисидан тажовузкор янги-янги штаммлари пайдо бўлмоқда. Масалан, июнь ойининг ўрталарида Ўзбекистонда ҳам аниқланган коронавируснинг дельта-варианти ҳиндча штамм бўлиб, Буюк Британия штаммидан (альфа-вариант) сўнг тарқала бошлади. Вируснинг ушбу тури 100га яқин мамлакатда аниқланди ва тарқалиш жараёнида мутацияга учрашда давом этмоқда. Aнглия Соғлиқни сақлаш департаментининг маълумотларига кўра, ушбу штамм «альфа» штаммига қараганда 1,6 баробар юқумлироқ бўлиб, 2,26 марта кўпроқ касалхонага ётқизилишга, 1,45 баравар кўпроқ реанимацияга тушишга сабаб бўлмоқда экан. ЖССТнинг маълумот беришича, коронавируснинг дельта-варианти альфа-вариантига нисбатан 60 фоиз фаолроқ. Мутахассислар ҳозирда мавжуд вакциналар билан эмланиш ушбу штаммга қарши самарали бўлиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.
Яна бир ташвишли ҳол шуки, коронавирус инфекцияси дастлаб катта ёшли инсонларда кўпроқ кузатилиб, Ўзбекистонда ҳам пандемиянинг илк даврларида ёш болалар деярли COVID-19га чалинмаган эди. Сўнгги маълумотларга қараганда, коронавируснинг янги тўлқини ёш болаларнинг ҳам касалланишига сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова билан яқинда уюштирилган суҳбат одамни ўйлантириб қўяди. «Афсуски, сўнгги вақтларда болалар орасида ҳам касалланиш ҳолатлари тез-тез аниқланмоқда. Жумладан, шу йилнинг апрель ойида «103» хизмати орқали 131 нафар бола хасталик белгилари билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган. Май ойида бу рақам 152 нафарга етган бўлса, июнь ойининг 28 санасига қадар 316 нафарни ташкил этди.
Айни пайтда шаҳар «103» хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 3900-4000 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Сўнгги 10 кун ичида (19-28 июнь кунлари) эса болаларда коронавирус касаллиги белгилари билан 203 та чақириқ келиб тушди. Шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ва ушбу вирусга ПЗР тести топшириб, мусбат натижа қайд этилган 18 ёшгача бўлган 191 нафар бемор болага сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар «103» хизмати орқали Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилди», дейди Насиба Маҳмудова.
Хўш, бутун дунёга ёпирилган бу балони даф этиш учун нималар қилиш керак?
Кўпчилик мутахассислар вакцинация коронавируснинг оғир асоратларидан асраб, вируснинг аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олади, дея таъкидлар экан, шундай фикрни илгари сурмоқдалар: «COVID-19га қарши эмлаш пандемияни жиловлашга ёрдам беради. Вакциналар иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, сизга юқиши мумкин бўлган вирусларга қарши курашда иштирок этади. Биз эмлаш орқали нафақат ўзимизни, балки атрофимиздагиларни ҳам ҳимоя қиламиз. COVID-19ни келтириб чиқарадиган вирус жуда осон юқади. Фикримизча, аҳолининг 60-70 фоизида ушбу касалликка қарши иммунитетни ­шакллантирмай туриб, унга қарши самарали кураша олмаймиз. Шу ўринда дунё бўйича касалланганларнинг 3-5 фоизи вафот этганини ва айнан шу кўнгилсиз фоизлар ичида бизнинг яқинларимиз ҳам бўлиши эҳтимолини эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш ва жамоат жойларига боришдан ўзини тийиш кабилар вирус юқиши ёки уни бошқаларга юқтириш эҳтимолини камайтиришда самарали бўлса-да, бу чоралар пандемияни жиловлаш учун етарли эмас».
Шу боис, юртимизда коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олиш мақсадида вакцина олувчи қатлам қамрови кенгайтирилди. Хусусан, хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳрида 18 ёшдан ошганлар оилавий поликлиникаларда ихтиёрий равишда коронавирусга қарши эмланмоқда.
Шунингдек, пойтахтдаги бозорлар, супермаркетлар ва бошқа аҳоли гавжум нуқталарда ҳам COVID-19га қарши эмлаш пунктлари ташкил этилди.
Шифокорларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда вакцина олиш коронавирус инфекциясидан ҳимояланишнинг ягона ишончли воситасидир. Шу сабабли, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан «Мен вакцина олдим» (#мен_вакцина_олдим) акцияси бошланди. Бу акция доирасида кўплаб юртдошларимиз оммавий эмлаш жараёнларида иштирок этиб, эмланишмоқда.
Ўзбекистонда нима сабабдан COVID-19га қарши эмлашга бу қадар жиддий эътибор берилаётганига Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов ҳам ойдинлик киритилди.
«Шуни айтиш керакки, эмланишнинг ҳимоя­­си – касаллик ўтказгандан кейинги ҳимоядан яхшироқ. Чунки эмлашда нейтралловчи антитаначаларнинг миқдори касалликни ўтказгандан кейин шаклланадиган антитаначалар миқдоридан анча юқори бўлади. Шу билан бирга, вакцина олмаган инсонларда касалликнинг оғир кечиши ва ўлим ҳолати кузатилишидан ташқари, уларни касалликнинг асоратлари қийнайди, бундай инсонларда нафас, юрак қон-томир тизими ҳамда бош миянинг шикастланиши узоқ вақт давом этиши мумкин», дейди Анвар Ҳусанов.
Маълум бўлишича, Зангиотадаги шифохонада даволанаётган беморларнинг 11 нафари биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозирда олинаётган барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қила олади. Энг асосийси, COVID-19га қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди.
«Тўғри, айрим ҳолларда вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақат биринчи босқичидан ўтган, яъни уни белгиланган тартибда тўлиқ олмаган инсонларда кузатилади. Хусусан, айни пайтда шифохонамизда даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг иммун тизимида нейтралловчи антитаначаларнинг (Nab) титри ҳали тўлиқ ­шаклланмаган даврда касалланиш юз берган», дейди Ҳусанов.
Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам, бундай беморларда хасталик енгил ва аломатларсиз ўтади. Яъни оғир асоратлар ва ўлимга олиб келмайди. Унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи ёки учинчи дозасидан сўнг 3 ҳафта давомида шаклланади. Шу боис, COVID-19га қарши эмланган одамлар ўзини эҳтиёт қилиши, карантин талабларига риоя этиши керак.
Мамлакатимизда коронавирусга қарши «Спутник V» ва «Astra-Zeneca» ҳамда «ZF-UZ-VAC2001» вакциналаридан фойдаланилмоқда. Айни пайтга қадар эмлаш жараёнларида фойдаланилган вакцина миқдори 3,8 миллион дозадан ошди. Жонс Хопкинс университетининг 2 июлдаги маълумотларига кўра, дунёда касалликни 182 миллион 645 мингдан ортиқ одам юқтирган, улардан 3 миллион 955 мингдан ортиғи вафот этган.
Ушбу рақамлардан хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Унга чалинмаслик учун, энг аввало, карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиб, зарурат бўлмаганда одамлар гавжум бўлган жойларга бормаслигимиз, ижтимоий масофани сақлашимиз, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишимиз, ниқоб тақишни унутмаслигимиз зарур. Эмланиш масаласи эса… Ҳозирча ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Натижаларни эса яна вақт кўрсатади…

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»