Алифбони нега такомиллаштириш зарур?

14

Ёзув тилни ифодалабгина қолмай, тафаккурни шакллантириш, дунёни ­англаш, билим тўплаш, уни кейинги авлодларга соғлом етказиш каби ­кўплаб муҳим вазифаларни ҳам бажаради. Ана шу жараёнлар мураккаб кечмаслиги учун алифбо қулай бўлиши керак.

Дунё тажрибасидан маълумки, мавжуд алифболарнинг ҳеч бири мукаммал эмас, ҳар қайси алифбо тилдаги товушларни ифода этади. Шундай экан, биз энг мукаммал алифбони яратамиз, қабилидаги муддао ўринсиз. Шу маънода амалдаги ўзбек лотин алифбоси ҳам, лойиҳа ҳам ўта мукаммалликка даъво қилолмайди. Ўтган чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида унда баъзи камчиликлар борлиги ҳам аёнлашди. Бугун биз ана шу камчиликларни тўғрилаш, ҳозирга қадар лотин ёзувида иш юритишда «қўлимизни боғлаб келган» нодурустликлардан қутулиш имконига эгамиз.
Президентнинг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривож­лантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги 61-сонли «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан алифбони такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида ташкил этилган ишчи гуруҳ (бу гуруҳга Ёзувчилар уюшмаси, ­Республика таълим маркази ва университетлардан мутахассислар жалб этилган эди) томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Дастлаб ушбу қонун лойиҳаси тайёрланишининг қандай заруриятлари борлигига тўхталиб ўтсак:
биринчидан – амалдаги алифбода o‘, g‘ ҳарфларини компьютерда ёзиш учун бир нечта ортиқча амалларни бажариш лозим эди. Бундан қочиш ёки кўпинча o‘, g‘ ҳарфларидаги ‘ белгисини ’ – апостроф деб тушунилиши натижасида O’zbekiston, o’zbek, o’lka, G’ayrat, g’alaba, g’olib каби имловий хатолар болалагандан болаламоқда. Яна бир жиҳат: она тили таълимда агар урғу тушган бўғин таркибида o‘, g‘ ҳарфлари бўлса, бу ҳарфлардаги ‘ белгиси билан урғу белгиси ёнма-ён жойлашади ҳамда сўзни ва урғу тушган бўғинни илғаш қийинлашади. Ушбу ҳарфларнинг ёзма шакли эса айни ҳарфларнинг амалдаги ёзма шакллари билан яқинлиги сабабли бошланғич синф ўқувчиларининг ўзгаришларни ўзлаштиришига тўсиқ бўлмайди.
иккинчидан – мавжуд тажриба алифбодаги sh, ch ҳарфий бирикмаларини бир товуш – бир ҳарф тамойилида тузатиш зарурлигини кўрсатди; тўғри, шу вақтга қадар бу ҳарфлардан фойдаланиб келдик, аммо қўш ҳарфлилик муаммоси «Имло қоидалари»га турли истисноларни киритди. Mo‘tabar, mo‘tadil, mo‘jaz, mo‘jiza cўзларининг тутуқ белгиси қўйилмай ёзилиши ҳам «Имло қоидалари»га киритилган истиснолардан биридир;
учинчидан – ўзбек тилидаги Исҳоқ, Асҳобиддин, асҳоб сўзларини Is’hoq, As’hobiddin, as’hob тарзида тўғри ёзиш учун, албатта, s ва h ҳарфлари орасига тутуқ белгисини қўйиш керак бўлиб, бу ҳам амалдаги алифбони ўзлаштиришда қийинчилик туғдирар эди. Бу қоидани билмаслик оқибатида Is’hoq, As’hobiddin исмларининг Ishoq, Ashobiddin тарзида ёзилиши ҳақида ҳам гапириб келинмоқда;
тўртинчидан – амалдаги ўзбек лотин алифбосида сўз бошида келмайдиган [ng] товуши учун Ng ҳарфи ажратилган эди. Шу боис ­лойиҳада сўз ичида ва сўз охирида келадиган [ng] товуши учун кичик ng ҳарфинигина алифбога киритиш зарурияти юзага келди.
«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади амалдаги ўзбек лотин алифбосидаги ёзилиши мураккаб ҳарфларнинг ёзилишини соддалаштириш, ҳарфий бирикмаларни бир товуш – бир ҳарф тамойилига кўра ифодалаш ва алифбони такомиллаштиришдан иборат.
Амалдаги алифбонинг тегишли ўзгартириш ва тўлдиришлар билан такомиллаштирилиши ёзув амалиётини осонлаштиради, «Имло қоидаларида» истисноли ҳолатлар юзага келишининг олдини олади, миллий алифбомизнинг илмий-таълимий жиҳатдан пухта бўлишини таъминлайди ва пировардида мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш борасидаги ишларни жадаллаштиради.
Энди ушбу лойиҳа юзасидан билдирилаётган мулоҳазаларни кўриб ўтсак (бунда биз билдирилаётган фикрларни ҳурмат қилишимизни ва ишчи гуруҳ томонидан лозим даражада эътиборга олинишини таъкидлаб ўтамиз):
1. Таклифларнинг бирида айтилишича, ­лойиҳада битта «принцип»га амал қилиб, учала ҳарфий бирикма учун ҳам бир ҳарф танланиши керак. Лойиҳада sh, ch ҳарфий бирикмаларига танланганидек, ng ҳарфи учун бир ҳарфдан иборат белги танланмаганлигининг бош сабаби қуйидагича: агар [ng] товуши лозим бўлган бошқа бир ҳарф билан ифодалангудек бўлса, кириллдан лотинга транслитерация қилишда менга, сенга, унга сингари н+г тарзидаги ҳолатларни таржимон/лингвистик дастурлар фарқлай олмайди ҳамда тонг, бонг, кўнгил, сингил сўзларидаги ng тарзида транслитерация қилади. Ўзбекча матнларда бундай ҳолатлар сон-саноқсиз. Бу муаммо таржима ёки яна бошқа лингвистик дастурларнинг тўла куч билан ишлашига тўсиқ бўлади.
2. Навбатдаги таклиф миллий алифбодан ng ҳарфини чиқариб ташлашдир. Биз узоқ йиллар давомида ўзбек кирилл алифбосининг тилимизнинг туркона табиатини ифодалай олмаётганини айтиб келдик. Кирилл алифбосидан воз кечилишида ҳам ана шу омил бирламчи бўлган эди. Шу боис устоз олимларимиз кирилл алифбосидан зўрлаб чиқарилган [ng] товушини ўзбек-лотин алифбосига киритган эдилар. Энди эса бу товушни ифодаловчи ҳарф бизга керак бўлмай қолди. Миллий анъаналар жуда тез унутилаётган бугунги глобаллашув замонида [ng] товушининг график ифодасини алифбодан чиқариб ташлаш ҳам, «Имло қоидалари» орқали тушунтириш ҳам хато бўлади. Бу товуш ҳам, унинг ҳарфий ифодаси ҳам ўзбекники, ўзбек тилиники, уни алифбодан чиқариш билан ниманидир йўқотишимиз тайин, бироқ унга алифбодан жой бериш билан ҳеч нарса йўқотмаймиз, камида тилимизнинг миллий тарҳини, тароватини сақлаб қоламиз.
3. Лойиҳага билдирилган таклифларда тутуқ белгисининг ортиқчалиги, ўзбек тили табиатига ётлиги эслатилмоқда. Ёки ўзбек тилида тутуқ белгили сўзларнинг сони кам экан. Ҳозирги ўзбек тили нуқтаи назаридан кам бўлса камдир (аслида ундай эмас, чунки сўз асоси (ўзаги) таркибида саноқли бўлса ҳам, нутқда бу сўзлар хилма-хил шаклларда келади, сўзнинг ҳақиқий ҳаёти ҳам ана шундай контекстда кечади), аммо ўзбек тили бадиият тили ҳам эканини унутмаслигимиз лозим. Она тили таълимини бу белгисиз эгаллаган авлод мумтоз адабиётни, минг йиллик ёзма анъаналаримизни ўзлаштира оладими?! Менимча, йўқ. Низомиддин Маҳмудовнинг гапларида шу маънода жон борки, тилнинг мукаммаллиги нафақат синонимларга бойлиги, балки ёзма анъаналарга содиқлиги билан ҳам белгиланади. Ёзма анъаналарга содиқлик сўзнинг асосини тирик сақлашни, қандай эшитса, шундай ёзиб кетавермасликни таъминлайди. Сўз асосини тирик сақлаш ўқувчига, тил ўрганувчига сўз маъносини осон англашга ёрдам беради. Ёзма анъаналардан чекиниш, четга чиқиш тил тараққиётининг ­даврлари аро фарқланишларини катталаштириб, узоқлаштириб юборади.
4. Ҳ ва х ҳарфларини бирлаштириб юбориш юзасидан билдирилган таклифга нисбатан ҳам юқоридаги мулоҳазамизни айтамиз. Хўш, бугун ҳ ва х ҳарфларини фарқлашни истамаймиз, аммо инглизча «w», «y», «z» товушларини айтишнинг ҳадисини олишдан чарчамаймиз. Ёки хитой иероглифларининг мағзини чақишга, бу тилни пухта эгаллашга бор кучимизни сафарбар этамиз. Аммо қадимдаёқ тилимизга ўзлашган ҳарфга келганда оғриниб қоламиз… Эртага к ва қ товушларини ҳам бирлаштириш ҳаракатига тушмаймизми?!.
5. Билдирилган таклифларда жирафа, гижда, гараж сўзларидаги сирғалувчи «ж» товуши учун ҳам алоҳида ҳарф танланиши айтилмоқда. Аммо бугун алифбо амалиётида бу товушни ёзувда ифодалаш билан боғлиқ муаммо учрамагани сабабли ишчи гуруҳ томонидан бу товушга алоҳида ҳарф бириктирилмаган.
6. Таклифларда лойиҳада «ч» товуши учун берилган Ҫҫ ҳарфининг бош шакли Сснинг айни алифбонинг ўзида йўқлиги сабабли бош шаклни русча сўзлардаги «ц» товушини ифодалаш ёки жўжа, жажжи, жўра сўзларидаги қоришиқ «ж» товушини акс эттириш учун ишлатиш кераклиги билдирилмоқда. Мазкур мулоҳазалар ҳам муҳокама жараёнлари якунлангач, ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади.
Айтилганлардан мурод зинҳор ўзиникини маъқуллаш эмас, алифбо фақат лойиҳа ижодкорларининг мулки ҳам эмас. Алифбони ёзув қуроли деб ҳам тушунмайлик. Алифбо бу тилнинг тириклигини таъминлайдиган восита, унга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур. Бизнингча, қонун лойиҳаси шундай тутумга ­таяниб тайёрланган. Билдирилган таклифларни кўриб чиқиб, кенгашиб Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида: 1) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қулай алифбога айланади; 2) айрим ҳарфларни компьютерда ёзаётганда пайдо бўладиган мураккабликлар бартараф бўлади; 3) илмий-таълимий жиҳатдан такомиллашади; 4) алифбонинг такомиллашуви мамлакатимизда лотин ёзувига тўлиқ ўтилишини таъминлайди.
Албатта, мазкур қонун лойиҳаси муҳокама учун ҳавола қилинди, бу борада билдирилган фикрлар йиғилади ва ўрганилади. Унинг қабул қилинишида тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилади.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, мазкур қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки ўз кучини йўқотиш ҳақида ҳуқуқий нормани киритиш назарда тутилган. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча харажатларни талаб қилади.
Табиийки, «юртдошларимизда яна паспорт алиштирамизми?», «ҳайдовчилик гувоҳномасини ўзгартириш керак экан-да», каби ўйлар ҳам бор. Фикримча, бу жуда ташвишли эмас, чунки паспорт ва бошқа ҳужжатлардаги алифбо ўзгаришига алоқадор ҳолатлар бирданига, инқилобий йўл билан алмаштирилмайди. Масалан, паспорт ёки ҳайдовчилик гувоҳномалари ёхуд бошқа ҳужжатларни муддати келганда алмаштириш билан ечим топилаверади.

Ёрқин ОДИЛОВ,
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти бўлим мудири,
филология фанлари доктори, профессор