Ҳоким Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларни тақдирлади

784

Шу йил 2 июль куни Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида “Ёшлар — бизнинг келажагимиз!” шиори остида тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Унда иштирок этган Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ёшларга ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди.

Шунингдек, тадбирда Д.Ҳидоятов томонидан Токио-2020 ёзги Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган бир гуруҳ Тошкент вилояти спортчиларига уй, “Спарк” русумли автомобиллар ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Тантанали байрамда эл ардоғидаги санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Жумладан, тадбирда парасузиш спортидан Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма олган Ислам Аслановга 2 хонали уй, таэквондо WT бўйича терма жамоа аъзоси Светлана Осипова ҳамда юнон-кум курашчиси Элмурод Тасмурадовларнинг ҳар бирига «Спарк» автомобили, паралимпиячиларимиз Шаҳноза Мирзаева ҳамда Ҳаитмурод Шерқўзиевларга 50 миллион сўмдан пул мукофоти, Саиджаббор Дадахоновга эса замонавий спорт велосипеди совға қилинди.