Нодавлат хусусий таълим муассасаларига ҳам 7 ёшга тўлганлар 1-синфга қабул қилинади

559

Бу ҳақда АОКАда Умумтаълим мактабларнинг 1-синфига ҳамда ихтисослашган мактабларнинг 5-7-синфларига қабул бўйича саволлар ва мурожаатлар юзасидан ХТВ мутасаддилари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига болалар “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 9-моддасига асосан етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Шунингдек, мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир.

Олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш Мактабгача таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Умумтаълим мактабларига бириктириладиган микроҳудудлар  маҳаллаларнинг жойлашуви ва аҳолининг демографик ўсишини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида белгиланади.

Ҳудудларда янги уй-жойларнинг қурилиши ёки маъмурий ҳудудий чегараларнинг ўзгариши сабабли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим мактабларига бириктирилган микроҳудудлар қайта  ўзгартирилиши мумкин.