Аномал иссиқликни йиғилиш ўтказиб енгамиз(ми?)

995

Шу кунларда ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши ҳақида тез-тез бонг урилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай пайтда иссиқдан қандай сақланиш кераклиги ҳақида тавсия берган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кўпроқ сув ичиш, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни уқтирмоқда. Аммо…

Аслида одамлар тушлик маҳали иложи борича кўчада юрмаслик, кўпроқ суюқлик ичишни шундоқ ҳам яхши билишади. Шу боис, қайта-қайта эслатишнинг асло ҳожати йўқ. Ундан кўра, аҳоли соғлиғи учун бошқа чораларни кўриш керак.
Биринчидан, ҳозир ҳамма айтаётганидек, автомобиль ойналари тонировкасини, ҳеч бўлмаса, ёз фаслида бепул қилиш керак. Ҳар ҳолда куннинг иссиғида машинада унниқиб юриш ҳеч кимга ҳавас бўлмаса керак?
Иккинчидан, республика деганда фақат пойтахт назарда тутилмайди. Газ-свет муаммо бўлган қишлоқларда ҳам одамлар яшайди. Ўша ҳудудлардагиларни асраб-авайлаш учун, энг аввало, уларни сув билан таъминлаш зарур. Айни пайтда сунъий равишда тўхтатиб ­қўйилган анҳор, каналлар сувини очиш зарур. Мисол учун, Тошкент вилоятининг Паркент каналида, қарийб бир ойдирки, сув йўқ. Аҳолининг сувсизликдан азият чекаётгани ҳам майли, аммо умид билан эккан экинининг сувсизликдан нобуд бўлишига шунчаки томошабин бўлиб қараб туриш виждони бор мардумнинг иши эмас. Бу биргина Паркент туманидаги ҳолат эмас, бошқа ҳудудларда ҳам шундай вазият кузатилмоқда…
Шундай экан, мутасаддилар мамлакатимизда кутилаётган аномал иссиқликдан аҳоли жабр чекмаслиги учун шу икки масалани зудлик билан кун тартибига олиб чиқиши зарур.
Акс ҳолда, иссиқликка қарши кураш фонида ўтказилаётган фавқулодда йиғилишлару шошилинч хабарлардан ҳеч қандай наф йўқ!

Абдулла АҲМЕДОВ