Путин ва Байден учрашуви: ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИЛДИ?

553

АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия раҳбари Владимир Путиннинг Женевадаги илк юзма-юз учрашуви, айтиш мумкинки, дунё тинчлиги ва стратегик барқарорлиги учун муҳим омил вазифасини ўтади. Аммо қарашлардаги мавжуд тафовут сақланиб қолди. Шунга қарамай, «Тўрт соатлик учрашувларимиз яхши, ижобий кайфиятда ўтди», деди Байден. Владимир Путин ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди.

Икки тараф стратегик барқарорлик ва киберхавфсизлик ҳақида мулоқот бошлашга келишди. Бунинг ўзи ҳам катта гап. Чунки бир ой олдин АҚШ ва Россия муносабатлари ­кескинлик ёқасига келиб қолганди. Ўзаро жазолаш ва дипломатик алоқаларни торайтириш одатига барҳам берилгани муҳим ва ҳар икки тараф учун фойдалидир. Айниқса, АҚШ ва Россия элчиларининг ўз фаолиятларига қайтиши мақбул иш бўлди. Лекин саммит қандай натижа билан якун топганини вақт кўрсатади.
Икки мамлакат тўпланиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал қилиши осон кечмаслиги аниқ. Масалан, Украина масаласи. АҚШ Россияни Украина шарқидаги исёнчиларга ёрдам бераётганликда айблаб келади. Президент Байден Вашингтоннинг Украина суверенитети ва ҳудудий дахлсизлигига қатъий содиқлигини билдириб ўтди. Украина НАТОга киришга интилмоқда, бироқ Москва бунга қарши.
Байден инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам кўтариб, Россияда қамалган мухолифат етакчиси Алексей Навальний тақдиридан хавотирда эканини айтди. Путин сиёсий рақибларига тазйиқ ўтказилаётганини инкор этаркан, АҚШда «Қора танлилар ҳаёти муҳим» ҳаракати намойишларидаги тартибсизлик­ларга ишора қилди. «У Россияга атайлаб ҳибсга олиниш учун қайтди. Истаганини қилди», деди Путин Навальнийнинг исмини тилга олмасдан.
Байден АҚШ равзедкасининг Россия 2016 йилда Америкада президент сайловларига аралашгани ҳақидаги хулосаларига қўшилмай, Путинга ишонган собиқ президент Дональд Трампдан фарқ қилишини айтди. «Президент Путин бу ишга аралашмаганини қатъий сўзлади», деган эди ўшанда Трамп. «Демократик суверенитетимизни бузиш ёки демократик сайловларимизни издан чиқариш ҳаракатларига тоқат қилмаймиз. Чора кўрамиз», деди Байден. АҚШ раҳбари Россия киберҳужумларга қўл урса, қарши жавоб бўлиши ҳақида ҳам огоҳлантирди.
Тахминан, тўрт соат давом этган мулоқотдан сўнг президентларнинг ҳар бири алоҳида матбуот анжумани ўтказди. Қўшма баёнотга кўра, муносабатлар таранг бир ҳолатда ҳам томонлар умумий мақсадлар сари олға қадам ташлай олади.
«Яқинда муддати узайтирилган Янги СТАРТ битими ядровий қуролларни назорат қилиш истагимизни кўрсатади. Ядровий урушда ҳеч бир томон ғалаба қилмайди ва бундай урушга асло йўл қўймаслик тамойилини тасдиқлаймиз», ­дейилади унда. Владимир Путиннинг айтишича, учрашув адоватдан холи муҳитда ўтиб, икки лидернинг бир-бирини тушунишга интилишини намойиш этган. Алоқалар бундан буён яхшиланадими, йўқми, айтиш қийин, бироқ ўзаро ишонч пайдо бўлишига оз бўлса-да, умид бор. Саммитдан ­кейинги матбуот анжуманида мухбирлар билан мулоқот қилган Путиннинг айтишича, у Байден билан элчиларни элчихонага қайтариш, барқарорлик, минтақавий можаролар, савдо алоқалари ва Арктикада ҳамкорлик хусусида ­гаплашган, киберхавфсизлик ­масаласида консультациялар бошлашга келишган.
НАТО саммитидан сўнг мухбирлар Байдендан Путин ҳақидаги фикрини сўраганида, АҚШ президенти уни «қаттиқ, ақлли ва муносиб рақиб» деб атади. Байден муаммоларни муҳокама қилишдан ташқари ўзаро манфаатли ва икки давлат ҳамкорлигини талаб қилувчи масалалар хусусида ҳам гап кетишини маълум қилди. Масалан, COVID-19 ва иқлим ўзгаришига қарши кураш, қурол назорати.
Ҳар икки раҳбар тан олганидек, АҚШ – Россия муносабатлари айни дамда энг қуйи нуқтада. Алоқалар 2014 йилда Россия Қримни ўзига қўшиб олиши ортидан ёмонлаша бош­лади. Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари, собиқ рус жосусининг Британияда заҳарлангани, АҚШда 2016 йил президент сайловларига аралашиш билан боғлиқ даъволар, киберҳужумлар, Россия газини Европага етказувчи «Шимолий оқим-2» газ қувури билан боғлиқ машмашалар, мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамалиши ва бошқа воқеалар ҳам муносабатларнинг совуқлашишига, Россияга қарши қатор санкцияларга сабаб бўлди.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Байден Хитойга қарши сиёсатни кучайтириш мақсадида Россия билан ярашишга интилаётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки шу кетишда ривожланса, яна 5-10 йилдан кейин Хитой барча соҳаларда ўсишлар, ҳатто юқори технологиялар соҳасида АҚШни қувиб ўтади. «Буюк шахмат доскаси» китоби муаллифи Генри Киссинжер АҚШ раҳбарларига «ҳеч қачон Россия ва Хитой иттифоқи тузилишига йўл қўйманг», дея айтиб кетган эди. Байден ва Путин нимага келишгани ҳозирча номаълум. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу учрашувдан кўп нарса кутманг, дея таъкидлаган. Шунга қарамасдан, айрим масалаларда, масалан, маҳбуслар­­ни айирбош­лаш ва элчихоналар ишини жонлантириш хусусида келишувга эришилди, ҳисоб.
2016 йилда ҳокимиятга келиши билан Дональд Трамп ҳам дунё муаммоларини ечишда Россия билан мулоқотларни кучайтиришга уринганидан хабардорсиз, албатта. Муносабатларни қайта қуришга уриниш охир-оқибат зиддиятларнинг кес­кинлашувига олиб келди, холос. Айниқса, Сурия ва Украина масаласида томонлар қарашлари умуман тўғри келмади. АҚШ давлат котиби ва Россия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг ушбу мавзулар юзасидан олиб борган ўнлаб мулоқотлари самарасиз тугади.
АҚШнинг 46-президенти Жо Байден ҳукумати Россия билан муносабатларни яхшилаш устувор вазифалардан бири эканлигини эътироф этаётгани қувонарли, албатта. Бу дунёда умумий тинч­лик ва барқарорликка эришиш ишига хизмат қилади. Аммо муносабатлар ривожи Байденгагина боғлиқ эмас. Бунинг учун АҚШ Конгресси Сенати ва Вакиллар палатаси аъзоларининг ҳам хоҳиш-иродаси керак бўлади. Москва ва Вашингтон дипломатик борди-келдилари совуқ уруш даврида бир-бирига ашаддий душман ҳисобланган Россия – Америка муносабатларининг яхшиланишини таъминлайди, деган умиддалар. Ҳатто уларнинг Афғонистон, террорчиликка қарши кураш соҳаларида муштарак манфаатлари борлиги ҳам эътиборга молик.
Аммо дипломатик тилёғламачиликка қарамай, Оқ уй ва Кремль бир-бирига рақиб кўзи билан қараётгани, ҳатто айрим ҳолларда душман сифатида муносабатда бўлаётгани кўзга ташланади. Тўғри, Америка ва Россия муносабатлари совуқ уруш авж олган йилларга қараганда анчайин мўътадиллашган. Аммо кўп ҳолатларда икки давлатнинг айрим масалалар бўйича нуқтаи назарларида ихтилофлар учрайди.
Ваҳоланки, СССР деб аталмиш қудратли давлатнинг парчаланиши каби оғир сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий силсилаларни бошидан кечирган Россия ХХI аср бошларида ўзини дунёнинг буюк қудратларидан бири сифатида ҳис қила бош­лади. Бу Вашингтонга ёқмади, албатта. Президент Владимир Путиннинг чуқур мулоҳазали ички ва ташқи сиёсати, тарқоқ мамлакатни жипслаштира олиши, халқаро саҳнада Россия манфаатларини дадил ва изчиллик билан ҳимоя қила олиши унга куч бағишлади. Суриядаги аксилтеррор операцияларидан кейин Кремлдан Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг қатор мамлакатларидан ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қиладиганлар сони кўпайди. Узатилган қўллар кўпинча бўш кетмаяпти. Россия хусусий ҳарбий компанияларининг ана шу минтақаларда ҳарбийлари пайдо бўлди.
Қолаверса, Россия энергетик компанияларининг ҳам оёғи етмаган давлат қолмади ҳисоб. Табиийки, бу халқаро миқёсда ўз сўзига эга АҚШни хавотирга солмай қўймади. Бу нарса Шарқий блок парчаланишидан 20 йил ўтгач, Америка ва Россиянинг бир-бирларига яна рақиб нигоҳи билан қарашига сабаб бўлди.
Бир томондан, НАТОнинг Шарққа қараб кенгайиши, Америка ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа қалқонларини Европанинг шарқий қисмига ўрнатиш каби лойиҳалар Россияни хавотирга солди. Иккинчи томондан эса, Россия ғарбий чегараларига янги русумдаги ядровий ракеталар ўрнатиш, Европада қуролланишни назорат қилиш ташкилотидан чиқиши каби амаллари билан америкаликларнинг тараддудларига жавоб қайтармоқда.
Бундай куч синашиш натижалари Яқин Шарқ, Шарқий Осиё ва ҳатто Лотин Америкаси каби минтақаларда ҳам кўзга ташланяпти. Ана шундай бир шароитда Америка ва Россия расмийларининг ўзаро дипломатик муносабатлари ва телекамералар қаршисидаги зўрма-зўраки табассумлари икки мамлакатнинг шиддатли рақобатини яширолмайди. Ҳатто Америка дипломатия машинасини бошқарган Хиллари Клинтоннинг «янгидан бошлаш» назарияси ҳам бу рақобат шиддатини пасайтира олмаган эди.
Оқ уй ва Кремль ўртасидаги ихтилофларни назарда тутган ҳолда шундай хулосага келиш мумкин: Америка ва Россия мулозимларининг ўзаро самимий баёнотларига қарамай, совуқ уруш тугаганидан бери Россия ва Ғарб бу қадар юзма-юз қарама-қаршиликка бормаганди. Қрим референдумида аҳолининг 97 фоизи Россияга қўшилишни маъқуллаб овоз бергани ­эълон қилингани зиддиятлардаги авж нуқта бўлди. Россия Ғарбнинг Қримдан қўшинларни олиб чиқиш ва у ердаги референдумни тўхтатиш борасидаги чақириқларига писанд қилмас экан, муносабатлар дипломатиядан қарама-қаршиликка айланиши муқаррар эди. Шундай бўлди ҳам. АҚШ ва Европа Иттифоқи қатор жазо чоралари билан жавоб қайтарди. Бундан кейин ҳам Россия расмийлари ва компанияларига нисбатан жазо чоралари кучайтирилди ёки кенгайтирилди.
Шу ўринда 2005-2008 йилларда АҚШнинг Россиядаги элчиси, Давлат котибининг собиқ ўринбосари Уильям Бернснинг АҚШ – Россия муносабатлари тўғрисидаги айрим фикрлари билан ўртоқлашишни лозим топдим. У «Биз ўзимизни Россия борасида қандай алдаяпмиз?» номли мақоласида шундай фикр билдиради:
«Совуқ уруш тугаганидан кейин ўтган 25 йил ичида АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар бир-биридан чуқур гина қилиш, хатога йўл қўйиш ва умидсизликка берилиш манзарасини тез-тез касб этди. Борис Ельцин даврида камситилган, келажакдан умид қилиб турли мушкулотларга чап берган, кейинроқ Владимир Путин етакчилигидаги Кремлнинг дағал жиззакилиги ва қаттиқ назорати муҳитида ўзлигини топишга уринган ўша йиллар Россиясидаги кескинлик оқибатини ­Москвада дип­ломат бўлган кезларимда ўз бошимдан кечирганман. Ўзаро муносабатлардаги кескинликка Вашингтонда, республикачилар ва демократлар маъмуриятида ишлаб юрганимда ҳам гувоҳ бўлдим.
Дарвоқе, ўша йилларда ҳар икки томон ҳам хом хаёллар оғушида эди. АҚШ узоқ таназзулга учраган, қовоғи солиқ Россия билан ҳисоблашмаслик ёхуд Москва билан мустаҳкам шериклик қилиш тўғрисидаги орзу-хаёллар ўртасида иккиланар эди. Аввалига Вашингтон билан стратегик шерикликка кўз тиккан Москва эса охир-оқибат уни итоатда бўлишга маҳкум этган АҚШ бошчилигидаги жорий дунё тартиботига нуқта қўйишга қатъий енг шимарди.
Эндиликда асл воқелик шундай: яқин келажакда Россия билан муносабатларимиз рақиб­лик, кези келса, душманлик руҳида қолади. Бу, энг аввало, мамлакатларимиз дунёқарашида мавжуд асосий фарқлар ва бир-бирининг дунёдаги ўрнини қандай кўриши билан изоҳланади.
Икки давлат етакчиларининг мустаҳкам муносабати ўртадаги узилишга чек қўйиши ва муроса санъати катта битимга асос бўлиши мумкин эди, деб фараз қилиш қулоққа мойдек ёқади. Бироқ бу нуқтаи назар оқилона сиёсат бўлишини тахмин қилиш тўғри эмас».
Дипломат фикрича, Путин нефть нархи қиммат бўлган кезларда фурсатни бой бермай, турмуш даражаси тобора яхшиланиб бораётган халқи билан ижтимоий келишувни мустаҳкамлади. «Агар у Россияни мустаҳкамлашни осонликча уддалай олмаса, айнан ўз характерига хос тактик эпчиллик, кес­кин ўйин ҳамда таваккалга шайлиги билан АҚШни бирмунча кучсизлантириши мумкин. Агар Сурия­­да мавжуд тузумнинг алмашишига йўл қўймаса, у ерда Россиянинг ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиши, Ғарбнинг мавқеини кучсизлантириши ва Халаб (Алеппо) вайроналари устида Башар Асад тузумини сақлаб қолиши мумкин. Агар у Европа Иттифоқини тўғридан-тўғри чўчита олмаса, унинг ичидаги миллатчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва муҳожирлар оқими орқали таъсир кўрсатишга уриниши бор гап. Имкон бўлди дегунча, у ғарб демократиясининг зоҳиран калондимоғ ва ожизлигини реал факт ҳамда уйдирмалар ўртасидаги чегарани бузиб ташлаган ҳолда фош қилишга интилади.
Таъсир доирасига эга, мағрур ва ҳануз жудаям улкан, куч ишлатиш борасида дунёда АҚШга бас кела оладиган ягона ядровий мамлакат – Россияни менсимасликнинг иложи йўқ. Зеро, у бугун Арктикадан тортиб Эрон ва Шимолий Кореягача дахлдор муаммоларни ҳал этиш жараёнида муҳим иштирокчи бўлиб қолмоқда.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи