Булунғур сув омборида: камчилик тузатилиб, жиддий ўзгаришларга қўл урилмоқда

813

«Ishonch» газетасининг 27 майдаги сонида «Булунғур сув омбори қурилиши: «Ҳаммаси яхши кетаётгани» ростми?» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Мақолада Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани аҳолисида сув омборида олиб борилаётган қурилиш сифатидан хавотирлар борлиги, одамлар орасида турли миш-мишлар тарқалгани ва унинг юзага келишига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида фикр юритилганди.

Ушбу мақолага яқинда Сув хўжалиги вазирлиги ва Қурилиш вазирлигидан жавоб хатлари келди. Хатларда гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳақиқатан ҳам, яширинча арматура ва цемент, ёқилғи сотиш ҳолатлари кузатилгани ва айбдорларга тегишли чоралар кўрилгани айтилган. Шу билан бирга, айни пайтда сув омбори қурилишида назорат ишлари тизимли йўлга қўйилгани, ишчилар махсус кийим билан таъминлангани баён этилган.
Хат билан танишиб бўлгач, масалага янада ойдинлик киритиш учун Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюнов ва Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Рамзиддин Эгамбердиев билан боғландик. Суҳбатда маълум бўлишича, иккала вазирликнинг махсус ишчи гуруҳи Булунғур туманига бориб, омбор қурилиши бўйича вазиятни ўрганишибди. Йўл қўйилган хатолар ва раҳбарнинг олдин ҳам бир неча бор ҳайфсан олгани боис ишдан бўшатилибди. Бош пудратчи – «Зарафшонмахсуссувқурилиш» МЧЖга янги раҳбар тайинланибди.
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюнов янги раҳбар барча ишни тартибга солаётганини, энди олдинги хатолар такрорланмаслигини таъкидлади. Шундан сўнг «Зарафшонмахсуссувқурилиш» МЧЖнинг янги раҳбари Зоҳиджон Усмонов билан ҳам боғланиб, айни пайтда мақолада тилга олинган муаммоларни бартараф этиш учун нима ишлар қилинаётгани билан қизиқдик.
– Мақолани синчковлик билан ўқидим. Ҳақиқатан ҳам, Булунғур сув ­омбори қурилишида тартибсизликлар, хусусан, ёқилғи сотилиши ҳолатлари кузатилаётган экан, – дейди Зоҳиджон Усмонов. – Бунинг боиси ёқилғи сарфи аниқ механизм асосида назорат қилинмаган. Оқибатда ҳайдовчилар меъёридан кам ишлатилган ва ортган ёқилғиларни сотган. Июнь ойида битта шундай ҳолат аниқланди. Бунга йўл қўйган ходим ишдан бўшади. Ҳозирда ҳар бир литр ёқилғи сарфини ҳисоб-китоб қилиб, назоратни кучайтирганмиз. Бетон заводи, ёқилғи ва хомашё базасига камералар ўрнатдик. Олдин 9 та камера бўлган бўлса, эндиликда уларнинг сони 16 тага етди. Илгари камера бўлгани билан, у текширилмаган, назорат ҳам қилинмаган экан. Ҳозир шахсан ўзим камераларни кузатиб боряпман.
Бундан ташқари, ишчилар учун махсус кийимлар ҳам берилмаган. Иш бошлаганимдан сўнг 200 та махсус кийим-бош олиб келдик. Ёзги махсус оёқ кийимга ҳам буюртма бериб қўйдик. Яна 20 нафар одамни ишга олдик. Ишчиларнинг маошини 15-20 фоизга оширдик. Август ойида яна маошни оширишни режалаштиряпмиз. Чунки ходимлар қанча яхши маош олса, шунча сифатли ишлашга ҳаракат қилади, қинғир ишларга қўл урмайди, – ­дейди З. Усмонов.
Янги раҳбар қисқа фурсат ўтганига қарамай, амалга ошираётган ишларини завқ билан, тўлиб-тошиб гапирди. Улардан бири шуки, Пахтабоши қиш­лоғи аҳолисининг сув омборига энг яқин ҳудуддаги кўчасига ичимлик сув қувури тортиб берилибди. Яна бири эса сув омборидан то Фозил Йўлдош қишлоғигача бўлган ҳудуддаги шу пайтгача чанг туп­роқ бўлган йўлга 200 машинадан ошиқ шағал тўкилибди. Сув ­омбори лойиҳасидаги айланма каналга 200 метр. кв. сифатсиз ётқизилган бетон буздирилиб, қайтадан ётқизилибди. Муҳим ишлардан яна бири шуки, биз сув омборига борганимизда омборнинг ички сув урилиб турадиган тупроқ билан чегара чекка қисмига, ­тупроқни сув ювмаслиги учун 15-16 см. қалинликда майда харсанг тош­лар ётқизилаётгани айтилганди. Энди бу усулдан-да мустаҳкамроқ усул – 25 см.ликдаги бетон ётқизиладиган, унинг тагидан сув ўтказмайдиган плёнкали замонавий мато ётқизиладиган бўлибди. Қурилишга республикамизнинг бошқа вилоятларидан ҳам малакали сув инженерлари жалб қилинибди.
Хуллас, Булунғур сув омборида ўзгаришлар яхши томонга бурилганидан, мақоламизда тилга олинган муаммолар ўз ечимини топаётганидан хурсанд бўлдик. Янги раҳбарга ишларни ана шу йўсинда давом эттириш, мустаҳкам ва ишончли сув омбори қуриб, халқнинг дуосини олишга муяссар бўлишини тиладик. У бизга «Барча ўзгариш­ларни келиб, ўз кўзингиз билан кўринг, халқ билан суҳбатлашинг», деб қолди. Ажабмас, ҳали қурилиш битганида ҳам ўша манзилдан мақолалар, репортажлар тайёрлармиз.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»