Тиббиёт дунёсининг қуёши

1123

ёхуд ҳақиқатнинг ривоятга дўниши

Бир ривоятда айтилишича, Ибн Сино туғилган эрта тонгда одамлар чақалоқ йиғисини эмас, кулгисини эшитишган, қишлоқдаги барча қушлар сайраган, уй ҳайвонлари мароқли маъраган. У эндигина ­дунёга келганида онаси Ситорабону устини кўрпа билан ёпган вақтдаги вазият тўғрисида кейинчалик шогирди Абу Убайд Жузжонийга шундай деган экан: «Мен бирдан ёруғликни кўрдим, сўнгра яна зулмат чўкди».

Бу бир ривоят. Аммо Абу Али ибн Сино дунёга келганидаёқ сезилган фавқулодда фаҳмлаш қобилияти, сезгирлик ва кузатувчанлик кейинги ҳаётида янада ёрқин намоён бўла бошлаган. У умри давомида 450 дан ортиқ асар ёзган. Шундан бизгача 276 таси етиб келган. Улар орасида ўрганилгани, ўрганилаётгани ва ўрганилиши кутилаётганлари ҳам кўп. Тиббиётга оид 43 та қўлёзма асаридан эса 30 дан зиёди бизга маълум. Энг машҳурлари «Китаб аль-Канун ­фи-т-Тиб» («Тиб қонунлари»), «Уржуза ­фи-­­­­т-тиб»(«Тиббий уржуза») ҳисобланади.
Замондошлари уни «Донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи», «Ростлик далили, обрўси», «Донишмандлар вазири», «Буюк табиб» деб атаганлар. Ўн аср давомида эса олимлар ва тадқиқотчилар томонидан «Тиббиёт ­дунёсининг қуёши», «Халқ табобати осмонидаги қуёш», «Файласуфлар доҳийси ва султони», «Чуқур хотира, ўткир зеҳн ва оловли қалб соҳиби», «Шарқ ва Ғарбнинг юраги» деб улуғланиб келинмоқда. Европада уни Галенга тенг­лаштирилиб, ислом Галени ва шифокорлар султони деб атаганлар. Доктор Де Пур «Тиббиёт мавжуд эмасди – Гиппократ уни яратди, ўлик эди – Гален унга жон киритди, тарқоқ эди – Ар-Розий ­тўплади, мукаммал эмасди – Авиценна бутунлай такомиллаштирди», деган эди.
Абу Али ибн Сино ўз даврида мавжуд фанларнинг деярли барчаси билан шуғулланди. Уларга доир асарлар ёзди ва жаҳон фанлари тарихида қомусий олим сифатида тан олинди.
Яҳудий ҳамда испан олимлари ва шифокорлари уни «Абен Сена» деб аташган. Кейинчалик бу исм лотин тилига нотўғри ўгирилган ва XII асрдан бошлаб Ғарб давлатларида «Авиценна»га, Қадимги Русда «Ависен»га айланиб кетган. Жаҳон тинч­лик конгресси эса қуйидагича таъриф берган: «Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-­идрок талаб­ларига асосланган эди».
У бир вақтнинг ўзида жуда катта ҳажмдаги ахборотни хотирасида сақлаш, тез ёдлаш, ҳодисалар ва ахборотни ўта аниқлик билан эслаш, керак бўлганда қайта тиклаш қобилиятига ҳам эга эди. Бу хусусият унда жуда ёшлигида пайдо бўлган ва ўсмирлик чоғлари ўта юқори даражагача ривож­ланган. Қиёфавий хотирлаш қобилияти яхши ривож­лангани сабабли ўқиган китоблари ва саҳифаларнинг аниқ кўринишини ойлаб-йиллаб ёдда сақлаган. Эҳтиёж туғилганда, керакли китоб ёки саҳифани ҳақиқий ҳолатидан қолишмайдиган шаклда қайта тиклай олган. Бу эса кўплаб ўлмас асарлар ёзишида қўл келган.
Сомонийларнинг Бухородаги «Савону-л-ҳикмат» деб аталган, Ўрта ва Яқин Шарқдаги энг катта ва энг бой саналган кутубхонасида қадимги олимлар ва файласуфларнинг ноёб асарлари сақланган. Ибн Сино улардан узоқ йиллар фойдаланган, шу зайл олган билимларини умрининг охиригача хотирасида сақлаган. Бироқ Қорахонийлар Бухорони эгаллаган пайтда кутубхонада ёнғин бўлиб, китоб­лар ва қўлёзмаларнинг аксарияти ёниб кетади. Бу «Савону-л-ҳикмат»даги барча китобларни ўқиб улгурмаган ибн Сино учун мислсиз йўқотиш эди. Хайриятки, ўқиганлари хотирасига муҳрланиб қолгани унга бирмунча тасалли бўлди. Кейинчалик Хоразмда яшаган даврларида сарой хаттотларини бир жойга тўплаб, ҳар қайсисига бир китобни ёддан айтиб туриб, талайгина қўл­ёзмаларни қайта тиклади.
Абу Убайд ал-Жузжоний ибн Синонинг иш фаолияти ҳақида шундай деган эди: «Устоз ҳар куни маълум бир вақтда қоғоз, сиёҳдон ва пат қалам сўрайдилар… Сўнгра уюм қоғозни олдиларига ёядилар, улардаги битикларни ўқиб, ҳар бир муаммони кўриб чиқадилар, ечимини тушунтириб ёзадилар. Ҳар куни эллик саҳифа ёзишга улгурадилар. Бу пайтда устознинг қўл остида бирор-бир асар бўлмайди, илм манбаига қарамайдилар, барчасини ёддан, хотираларига ишониб битадилар».
Алломанинг Исфаҳондаги уйида ҳар кеча шогирдлари тўпланиб, унинг китобларини мутолаа қилишар, янгиларини устоз­нинг айтиши бўйича қоғозга туширишарди. Баъзан шифохоналардаги оғир беморлар аҳволини таҳлил қилишарди.
Кунларнинг бирида Шероз шаҳридан юборилган чопар ибн Синога бир қанча саволлардан иборат мактуб келтирди. Шу асно «Устоз, мен эртага барвақт қайтмоқчи эдим. Агар жавобларни бир неча кун ичида ёзсангиз ҳам, майли, мен кутаман», деди.
Ибн Сино унга рухсат бериб, шогирдлари билан мулоқотни давом эттирди. Шу орада саволларга кўз югуртирди. Кечки намоздан сўнг эса эллик дона қоғоз, мойчироқ, сиёҳдон ва пат қалам сўради. Сўнг­­ра саволларга жавоблар ёзишга киришди. Абу Убайд ал-Жузжоний тонг саҳарда чақирувга кўра унинг хонасига кирганида, барча қоғозлар устознинг майда ҳуснихати билан ёзиб тўлдирилганди. «Бутун бош­­ли бир китоб бўлди, – ­дейди ибн Сино хижолат тортгандай бўлиб. – Меҳмон чопарни тўхтатиб, Шероздаги олимларни куттириб қўймаслик учун барча саволларга бирваракайига жавоб ёзиб қўя қолдим».
Ибн Синонинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти, ўз касбига меҳр-садоқати бугун Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўяётган ёшлар учун ҳар томонлама мактаб вазифасини ўтайди.

Дамин АСАДОВ,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор,
Мавлуда ТАБИБОВА,
Исроил ИСМОИЛОВ,
шифокорлар