Мегаполис муаммолари: ТИРБАНДЛИКЛАРНИНГ ЕЧИМИ БОРМИ?

1246

Кичик ҳалқа йўлидаги чорраҳаларнинг бирида тирбандликда туриб қолдик. Кўпчилик ишдан қайтяпти ёки қаергадир ошиқяпти… Бир томондан баланд овоздаги сигналлар қулоқни қоматга келтирса, бошқа томонда ҳайдовчи ёнидаги автомашина эгасига «ўтказвор» ишорасини қилади, яна биров бошқасига дўқ урди…

Шу аснода бошқа қаторга ўтмоқчи бўлган автомашиналардан бири ёнидагисини «туртиб» юборди. Машинадан 24-25 ёшлар чамасидаги йигит тушиб, балога қолган машина эгаси – 60 ёшлардаги отахонга чунонам бақирдики, гувоҳи бўлганлар йигитнинг гаплари ва ўзини тутишидан ҳам уялди, ҳам жаҳллари чиқди. Воқеа­­ни кузатиб турган одамлар қўпол муносабат ва хунук манзарадан «Эҳ, чакки бўлди», дегандек бошларини чайқаб, қўл силтаса, яна бировлар йўллардаги тирбандликнинг олдини олиш чораси кўрилмагани учун ЙПХ ходимларини айблар, яна бошқа биров эса одамларимизда бир-бирини ҳурмат қилиш маданияти йўқолиб бораётганини айтарди. Беихтиёр бугунги кўнгилсизликни келтириб чиқараётган тирбандликнинг сабаблари ҳақида ўйлаб қолдим…

Жамоат транспорти энг биринчи омил

– Пойтахтимизнинг Кичик ҳалқа йўли, Шифокорлар, Ислом Каримов кўчалари ва Юнусобод туманининг «Mega planet» мажмуаси, «Самарқанд дарвоза» савдо маркази атрофлари, «Чилонзор» метро бекати, «Шуҳрат» чорраҳаси, «Фарҳод» ва «Қўйлиқ» бозорлари яқин ҳудудларида бот-бот, кўпинча эса тонг­­ги ва кечки пайтларда катта тирбандликлар кузатилади, – дейди Тошкент давлат транспорт университетининг ­Техносфера хавфсизлиги кафед­раси ассистенти, тадқиқотчи Ботир Исмоилов. – Тошкентда 500 дан ортиқ чорраҳа бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини тезкор ўтказиш даражаси пастлиги аниқланган. Автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги сабабли йўлларнинг биринчи қаторида машиналар йиғилиб қатновга халақит бермоқда. Ҳайдовчилар учун маълумот берувчи белгилар етишмаслиги ёки пиёдалар учун мўлжалланган йўлакчаларнинг аксарият ҳолларда ранги ўчиб кетгани, вақтида таъмирланмаётгани каби омиллар шаҳарда йўл-транспорт ҳодисаларининг кўп учрашига, жамоат транспорти тизими яхши ривожланмагани эса тирбандликларнинг кўпайишига олиб келмоқда.
Ботир Исмоиловнинг фикрича, Тошкент шаҳрида 2,7 миллиондан зиёд аҳоли расмий рўйхатдан ўтган. Аммо вақтинчалик ва рўйхатдан ўтмаган аҳоли сони анчагина. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтда йўловчиларнинг 33 фоизигина жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Сабаби жамоат транспортининг қатнов вақти оралиғи 30 дақиқадан ошиб кетиши ҳолатлари мавжуд, бу эса аҳоли учун ноқулайлик туғдиради. Шунга кўра, одамлар такси хизматлари ва шахсий автотранспортдан фойдаланишни маъқул кўришади. Натижада кўчаларда турнақатор тирбандликлар пайдо бўлиб, улар ҳаракатни қийинлаштириш билан бирга, ўзидан чиқараётган зарарли моддалар таъсирида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошмоқда.
Масалан, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармасининг маълумотларига кўра, 2019 йилда олиб борилган ўрганишларда ҳаводаги зарарли моддаларнинг 90 фоизи автотранспорт воситаларидан чиққан. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, бир йил давомида ҳавога 426 минг тонна зарарли моддалар ажралиб чиққан ва уларнинг 395 минг тоннаси, яъни 90 фоизидан ортиғи автотранспортлар туфайли ҳосил бўлган. Гидрометеорология маълумотларида айтилишича, ҳавонинг ифлосланиш даражаси ҳар куни ўлчаб борилади. Бу кўрсаткич белгиланган меъёрдан ошса, аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилади. Ўзбекис­тонда ҳавонинг энг паст ифлосланиш кўрсаткичи Денов, Қўқон, Гулистон, Самарқанд ва Сариосиёда кузатилса, Олмалиқ, Ангрен, Бухорода юқори, қолган шаҳарларники эса (Тошкент шаҳри ҳам) ўрта кўрсаткичга эга.
Ўзбекистон Республикаси атроф-табиий муҳити ифлосланиши мониторинги сайтида берилишича, 2021 йилнинг 15 июнь кунги атмосфера ҳавосининг ифлосланиш кузатувлари пойтахтдаги 13 та стационарда олиб борилган. Унда суткалик кўрсаткичлар азот диоксидининг 1,5 марта, водород фторид ва чангнинг 2 марта, углерод оксидининг 1,3 марта ортгани қайд этилган. Бошқа ифлослантирувчи моддалар санитар меъёрлардан ошмаган. Соҳа ходимларининг хавотирли, огоҳликка чақирувчи чиқишларини эса, афсуски, кўпчилик жиддий қабул қилмаяпти. Зарарли моддаларни ҳавога чиқарувчи завод ва фабрикалар, филтирация мосламаларини ўрнатишга ҳаракат қилиб, зарарланиш кўрсаткичини камайтириш устида бош қотирмоқда. Аммо кун сайин ортиб бораётган автотранспортлардан чиқаётган зарарни камайтиришнинг йўли ҳозирча уларни ёқилғидан газга ўтказиш ва одамларга шахсий транспортда эмас, жамоат транспортидан фойдаланиш учун қулайлик яратишдир. Зеро, ривожланган давлатлар пойтахтида аҳолининг 70-80 фоизи ишга жамоат транспортида боради. Тошкентда эса юқорида айтганимиздек, бор-йўғи 33 фоиз. Жами енгил автомашиналар сони эса 2019 йилги қайд билан республикамизда 2 миллионта бўлиб, уларнинг 500 мингга яқини Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Қандай ўзгаришлар ёрдам беради?

Тошкент давлат транспорт университетининг талабаси Иван Бондаренко ўз қизиқишлари билан ушбу мавзуда ўрганиш олиб борганини таъкидлаб, мавзуга оид хулосалари билан ўртоқлашди:
– Бундан ўн йиллар олдин Россия, 15 йиллар олдин эса Лондон каби шаҳарларда ҳам троллейбус ва трамвайлардан гўёки эскилик сарқити сифатида воз кечилганди. Эндиликда эса жуда кўплаб давлатларда, хусусан, Германия, Англия, Австралия, Россия, Туркияда ҳавонинг ифлосланганлик даражасини камайтириш учун имкон қадар экологик соф жамоат транспортини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Масалан, Беларусь ва Германияда, Минск ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларида электр токи орқали ҳаракатланувчи трамвай ва троллей­буслар фаолияти қайта йўлга қўйилди. Берлин, Прага, Туркиянинг Молотия шаҳрида ҳам троллейбуслар фаолиятидан самарали фойдаланилмоқда. Санкт-Петербург ва Минск шаҳарлари 2025 йилгача ёқилғисиз жамоат транспорти, электробусларни йўлга ­қўйишни мақсад қилган.
– Албатта, мамлакатимизда янги велосипед ихтиро қилишга ҳожат йўқ, –дейди Иван Бондаренко. – Айни ­пайтда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан самарали ишлайдиган электро­буслар синовдан ўтказилмоқда. Уларнинг сонини ошириш, шу билан бирга, трамвай ва троллейбуслардан тўғри фойдаланиш керак. Жамоат транспорти тизимини ривожлантирмас, аҳоли шахсий автомашинасидан кўра, жамоат транспортида юришни афзал биладиган шароитни яратмас эканмиз, автоҳалокатлар ва тирбандликлар, асаббузарликларга чек қўйиш қийин кечади. Бундан ташқари, шаҳарлар марказидаги бўш майдонларга фақат уй эмас, аксинча, паркоматлар қуриш, уйларни шаҳар чеккасидан кўтариш керак. Чунки шаҳар ичидан қурилаётган уйлар аҳоли оқимининг бир жойда йиғилишига, келгусида янги тирбандликлар ва муаммоларнинг ошишига олиб келади.

Яна пиёдалар йўлакчаси ва паркоматлар ҳақида

Ўтган йили юртимизда 6982 та ЙТҲ содир этилиб, унда 1962 нафар одам ҳалок бўлган. Автоҳалокатларнинг аксарияти пиёдалар ўтиш жойлари ёки аҳолининг белгиланмаган жойлардан ўтиши чоғида юз берган. Бу шаҳарда пиёдалар учун инфратузилма ноқулай эканини ҳам англатади. Боиси кўчаларимиз кенгайиб, таъмирланяпти. Аммо пиёдалар ўтиш жойлари кам, ораси узоқ ёки ранглари ўчиб кетган. Оқибатда йўловчилар белгиланмаган жойлардан ўтишга мажбур бўлмоқдалар. Ички ишлар вазирлиги айрим аҳоли вакилларини қоидаларга риоя этмасликда айблайди, аммо аҳоли учун инфратузилмани ривожлантириш борасида ўзларининг ёки тегиш­ли ташкилотларнинг масъулиятини жуда кам эсга олади. Айтинг-чи, бугун кўчалардаги одам англамайдиган, сезмайдиган, аллақачон ранги ўчиб кетган пиёдалар йўлакчасини таъмирлашни, бўяшни ким, кимга эслатиши керак? Қачонгача эслатилади?
Масалага доир яна бир муҳим жиҳатга тўхталмасак бўлмайди. Аллақачон жуда кўплаб давлатлар шаҳар ичида рухсат этилган тезликни 50 км/с, мактаб, боғча, поликлиника каби ижтимоий аҳамиятга эга ҳудудларда эса 30 км/с. этиб белгилаган. Ўзбекистонда амалдаги бу меъёр 70 ва 50 км/с. Юртимизда ҳам депутатлар бу тезликни 50-30км/с. қилиб ўзгартириш ҳақида тегиш­ли қарорни қабул қилишлари лозим. Зеро, бу ҳам йўллардаги автоҳалокатлар сонини камайтиришга хизмат қилади. Чунки тезлик қанча паст бўлса, юз берган ЙТХда ўлим хавфи ҳам шунчалик кам кузатилади. Дунё давлатлари – Германия, Нидерландия, Россия, Япония, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Англия, Корея ва яна бош­­қа кўплаб мамлакатлар бугун биргина одамнинг жонини сақлаб қолиш илинжида ҳам ана шу паст тезлик билан кифояланишмоқда. Биз эса минг­лаб юртдошларимизнинг ҳалок бўлаётганидан хулоса чиқармай, одамлардан бўлаётган бу каби таклифларни инобатга олмай, шахсий автомашинамизда манзилга тезроқ етиб боришнигина ўйлаяп­миз, холос.

Зебунисо ЯНГИБОЕВА