Сочида ўтказиладиган шахмат бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон шарафини 7 нафар спортчи ҳимоя қилади

483

Сочи шаҳрида ўтадиган мусобақада жами 7 нафар шахматчимиз ғолиблик учун дона суради ва иштирокчилар сони бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўринни эгаллаб турибди

Жорий йилнинг 10 июль санасидан Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги баҳсларига старт берилади ва мусобақа 8 августга қадар давом этади.

Кеча Халқаро шахмат федерацияси расмий сайти ушбу нуфузли мусобақада қатнашадиган спортчилар рўйхатини тақдим этди.

Унга кўра, Жаҳон кубогининг эркаклар ўртасидаги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ёш ва умидли шахматчиларимиздан Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Шамсиддин Воҳидовлар ҳимоя қилишади.

Қизлар ўртасидаги мусобақаларда эса Нилуфар Ёқуббоева ҳамда Умида Омоновалар ғолиблик учун дона суришади. Умумий ҳисобда Жаҳон кубогида Ўзбекистон номидан жами 7 нафар шахматчи иштирок этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, бу Ўзбекистон тарихида рекорд кўрсаткичдир, чунки бунгача ҳеч қачон шахмат бўйича Жаҳон кубогида бу қадар кўп шахматчимиз иштирок этмаган.

Юртимиз шахматчилари Россияга 9 июль куни кечга томон учиб кетишади.