“E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади

490

“Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6256-сон, 05.07.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Фармон билан Ўзбекистонда суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда концепция бўйича 2021–2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланди.

Фармонга кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Институт суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади.

2021 йил 1 сентябрдан:

➖ давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади;

➖ иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади;

➖ нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳар 3 йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинади.

➖ 2022 йил 1 мартдан аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

Шунингдек, соҳада кадрларни тайёрлаш ОТМларида дуал таълим принципига мувофиқ, камида 6 ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширилиши мумкин.

Фармон билан шунингдек, 2021–2025 йилларда жорий этиладиган экспертиза ва тадқиқот турлари рўйхати (16 та) тасдиқланди.