Қумқўрғондаги эгасиз кўприк…

78

Қумқўрғон туманидаги «Тўғон» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтаётган Сурхон дарёси устида узунлиги 60, эни 4 метрлик кўприкдан аҳоли деярли 35 йилдан буён фойдаланиб келаётган эди. 2000 йилда ана шу кўприк М.Қорабоев номидаги Жанубий Сурхон сув омборидан сувнинг кўп келиши оқибатида қулаб тушди-ю, таъмирлаш ҳамманинг ёдидан чиқиб кетди. 2003 йил август ойида «Жарқўрғоннефть» акциядорлик жамиятининг савобталаб ходими, марҳум Ж.Ашурматов кўприкни ўз ҳисобидан таъмирлатди.

Кўприкдан одамлар ўта бошлади. Ҳаттоки, автотранспорт воситалари ҳаракати ҳам тикланди. Аммо 2005 йилга келиб, кўприк яна қулади.
Мана орадан яна ўн беш йилдан кўпроқ фурсат ўтмоқда. Афсуски, мутасаддилар шунча вақтдан бери маҳалла аҳолисининг мурожаатларига беписанд муносабатда бўлиб келишмоқда.
– Кўприк нафақат Лалмикорнинг, балки Қўмқўрғон туманининг Ш.Мирзаев, Қумқўрғон, Н.Мирзаев, С.Бойматов номли сув истеъмолчилари уюшмаларидаги 30 дан ортиқ маҳалла аҳли учун туман марказига қатнайдиган тўғри ва қисқа йўли эди, – дейди Абдурашид Чориев. – Мана шунча вақтдан буён 13-15 километр йўлни 2-3 та автоулов орқали айланиб ўтишга мажбурмиз.
– Маҳалламизда 4000 нафардан ортиқ аҳоли яшайди, – дейди «Тўғон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоир Жўраев. – Дарёнинг нариги томонидаги «Имомтепа», «Қарсакли», «Чаёнтепа», «Гулистон», «Бўстон» каби маҳаллалар аҳолисининг асосий қисми бизнинг маҳалладан кўчиб борган одамлар. Кўприкнинг йўқлиги одамларимизга қийинчилик туғдирмоқда. Муаммони ҳал этиш учун қатор йиллардан бери турли идораларга, туман ва вилоят ҳокимликларига мурожаат қилавериб чарчадик. Кўприк на туман ҳокимлиги, на туман ободонлаштириш бошқармаси, на «Сурхон пармалаш ишлари» акциядорлик жамияти балансида эмиш.
Кўприк қурилишга маблағ топилмаётгани етмагандек, аҳоли дарёнинг турли жойларидан қурилиш ишлари учун тадбиркорларга тош қазиб олишга рухсат берилганига ҳайрон-у лол. Тош қазилгач, чуқурлар ўрни атрофдаги тошлар силжиши эвазига тўлади ва кўприк остидаги тошлар ҳам ўз-ўзидан пасаяди. Оқибатда, сел келиши ёки тошқинлар кўприкларни яроқсиз ҳолатга келтириб ташлайди.
Наҳотки, Қумқўрғонда қулаб тушган кўприкни янгидан бунёд этиш ишларини амалга оширадиган мард топилмаса? Мутасаддилар бунга нима дер экан?

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»