Коронавирус касаллиги билан бирга зотилжам (пневмония) касаллиги ҳам кўпаяётганлиги ростми?

621

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева бу борада берилган саволга батафсил жавоб қайтарди.

— Ҳа, рост. Шифокорлар коронавирус билан бир вақтда бошқа инфекцион омил, яъни турли бошқа вирус ва бактериялар чақирган зотилжам касаллиги билан ҳам курашишига тўғри келмоқда. Тўғри, бу касаллик худди коронавирусга ўхшаб шамоллаш аломатларидан бошланади, лекин унинг кечуви ва организмдаги ўзгаришларида тафовутлар бўлади.

Ҳозирги мавсумда зотилжам касаллигининг ортиши инсон организмида мойиллик бор ҳолатда, бугунги жазирама иссиқ кунлари ҳаддан ортиқ муздек душ қабул қилиб ёки бассейнда чўмилиб, сўнг меъёридан ортиқ кондиционерлардан фойдаланиш, музлатгичдан яхлатилган ичимликларни истеъмол қилиш оқибатидандир.

Шу билан бирга, аномал иссиқ кунлар инсонда қон қуюлиш ҳолатларини кўпайтиради, бу эса ўз ўрнида юрак қон-томир касалликларининг кўпайишини ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Қон қуюлиши эса коронавирус инфекцияси учун жуда қулай шароитдир ва агарда вирус организмга тушса, оғир даражага ўтиб кетиши осон бўлади.

Шу сабаб, коронавирус инфекцияси билан бирга, иссиқ кунларда инсон организмида келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа касалликлардан ҳам ўзингизни ҳимоя қилишингизни сўраймиз.

Бунда, доимий равишда илиқ ёки иссиқроқ суюқликларни ичиб туриш керак, шунингдек, соғлом овқатланиш, яъни овқат рационида мева ва сабзавотларни кўпайтириш, енгил ҳазм бўлувчи овқатларни истеъмол қилиш, куннинг қуёш тик турган вақтларида ташқарида юришдан сақланиш, спиртли ичимликлар истеъмолини чеклаш ҳамда кондиционерлардан унумли ва самарали фойдаланиш зарурдир.