Президентга мактублар: «БИЗ ҲАЁТДАН РОЗИМИЗ!»

1642

Ҳаётда турфа тақдирлар бор. Тақдир зарбалари баъзан одамни эсанкиратиб қўяди, баъзан тақдир раво кўрган ҳаёт билан яшашга маҳкум бўлади инсон. Нима бўлганда ҳам, ҳаёт учун курашдан чекинмаслик, матонат ва сабот билан олға интилиш керак. Аммо баъзан бунга етарли куч тополмай қоламиз. Ўзимиз билиб-билмай атрофдан бир мадад, бир меҳр кутамиз. Шундай вазиятда бир кичик туртки ҳам инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва инсонпарварлик сиёсати бугун «Аёллар дафтари»ни варақлаганда яққол сезилади.
Амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилганда обод бўлаётган ҳаёт, обод бўлаётган кўнгиллар манзаралари намоён бўлади.
«Ishonch» газетасига «Аёллар дафтари» сабаб нурафшон бўлган кўнгилларнинг дил изҳорлари – миннатдорлик мактублари келмоқда. Улар ҳаётбахш ташаббус эгаси – Президент номига битилган.
Таҳририят ушбу дилномаларнинг баъзиларини эълон қилган эди. Бу сафар ҳам айрим дилномалар билан танишасиз. Зеро, матбуот – жамият кўзгуси, жамият минбари. Мактубларда эса битта муҳим маъно бўй кўрсатиб турибди: биз ҳаётдан рози бўляпмиз!

МЕН ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАЯПМАН

Ассалому алайкум,
ҳурматли Шавкат Миромонович!
Мен сизга Жиззах вилоятининг Фориш туманидан мактуб йўлламоқдаман.
Ёзяпман-у, кўзларим ёшга тўлиб, қўлларим қалтириб кетмоқда. Боиси, мен бошимдан кўп оғир кунларни ўтказдим. Шундай дамларда дунё кўзимга қоронғи кўринди. Шукрки, бугун ёруғ кунларга етдим. Бунга Сизнинг оқилона сиёсатингиз сабаб… Кўзимдаги ёш, қўлимдаги титроқ ана шу ёруғ кунлар ­шукронаси…
Гап шундаки, бундан 6 йил бурун ёлғиз ўғлим билан бева қолдим. Эрим кутилмаганда вафот этгандан кейин бошимга бутун дунёнинг ташвишлари тушди. Ишонасизми, лалмикор ҳудудда яшаганимиз учун қишлоқдош­ларим баҳорда ёмғир ёғса хурсанд бўлса, мени ташвиш босарди. Сабаби чала қолган уйимдан ўтаётган томчидан уйларим сувга тўлар эди. Ўғлимнинг китоб-дафтарларини қўйишга жой тополмасдим. Эрим яшаган маҳаллага, ҳокимиятга ёрдам сўраб боравериб, тинкам қуриди. Мен бечора билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Бирорта инсон «қандай яшаяпсан», «нега бу ерга келдинг», деб сўрамади.
Кунларнинг бирида жонимга қасд қилмоқчи бўлдим. Ризқим бор эканми, ўғлимни ёлғиз ташлаб кетолмадим. Кейин яшаш учун Тошкент шаҳрига йўл олдим. Аммо у ерда ҳам омадим чопмади. Баттар қийналдим. Уйсиз, жойсиз сарсон-саргардонлик… Топганимиз нон билан сувга етмайди. Яна Форишга қайтишга мажбур бўлдик.
…Кунларнинг бирида оғилхонадан фарқ қилмайдиган уйимизга одамлар келди. Орасида ички ишлар ходимлари ҳам бор эди. Энди мени қамашса керак, фарзандим қандай яшайди, деб ўйладим. Улар менга ёрдам беришларини, бунинг учун расмга тушишим зарурлигини айтишди. Ишонмадим, мени қамаб, ўлдириб юборсалар керак, деб ўйладим ҳатто… Сабаби ўшанда руҳий тушкун ҳолда эдим. Амалдорларнинг барчасини ёлғончи одамлар деб ҳисоблардим. Оилавий аҳволимни ўрганганлардан бири келиб, «Мен шу туманнинг ҳокими Абдували Мустанов бўламан. Синглим, ҳаммаси яхши бўлади, томингизни ҳам шиферлаймиз, ишли ҳам бўласиз. Бу Президентнинг топшириғи», деди. Шундагина ишондим… Мен «Аёллар дафтари»га киритилган эканман. Бу ишлар Сизнинг ҳаётбахш ташаббусингиз самараси экан…
Эртаси куни эса… ­Уйимнинг олдига шифер ортилган юк машинаси келди.
Ҳурматли
Шавкат Миромонович!
Сизга катта раҳмат. Мени йўқдан бор қилдингиз, ўғлимни, менинг ҳаётимни сақлаб қолдингиз. Ўлгунимча сизни дуо қиламан. Бугун одамга ўхшаб яшаяпман. Барака топгурлар бир дона тикув машинаси беришди, сўнг уйим ҳам таъмирдан чиқди. Ҳозир ўнта тикув машинам, ўзимнинг тикув цехим бор. Ўзимга ўхшаб қийналган аёллар билан ишлаяпман. Сизга мингдан-минг раҳмат, менинг Президентим! Сиз учун, шу Ватаним учун ҳам яшайман. Ўлгунимча Сизни дуо қиламан!
Чексиз ҳурмат билан,

Сарвиноз РАҲИМОВА
Жиззах вилояти,
Фориш тумани,
«Ойбек» маҳалласи

 

СОВҒАНГИЗДАН ЧЕКСИЗ МИННАТДОРМАН!

Ассалому алайкум, ҳурматли Президент!
Мен Сурхон воҳасининг Олтинсой туманидаги «Қумпайкал» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 20 йилдан зиёд вақтдан бери, яъни турмуш ўртоғим вафот этганидан буён, яккаю ёлғиз яшайман. Кўзларим кўрмайди, I гуруҳ ногирониман. Фарзандим йўқ. Бу кўргиликларни ичимга ютиб, ҳеч кимга айтмай, ҳеч кимдан кўмак сўрамай, кун кечириб келяпман. Ёшим 66 дан ошган. Турмуш ўртоғим яхши кунларда хом ғиштдан уй-жой қуриб берган. Бу не кўргиликки, шу кулбам ожизлигим сабаб тўкилай деб қолганди.
Кўзларим кўрмаса ҳам, ногирон бўлсам-да, уй юмушларимни ўзим қиламан. Кўрпа-ёстиқ қавийман. Товуқ ва жўжалар боқаман.
Бир куни маҳалламиз раиси билан кириб келган, ўзини Мухторжон Анорбоев деб таништирган йигит шундай деди: «Холажон, мен аёллар муаммоларини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг вакилиман. Энди туманингизда бироз муддат ишлайман. Сизни маҳалла раҳбарлари «Аёллар дафтари»га рўйхатга киритишган. Нимаики муаммоингиз бўлса, имконият даражасида кўмак берамиз».
Тўғриси, аввалига ҳеч нарсани тушунмадим. Ҳатто у кишининг гап-сўзларига ҳам ишонмадим. Эртаси тонг саҳарда қурувчилар келиб, уйимни таъмирлай бош­лади. Барака топишсин. Қўллари енгил уста йигитлар экан. Ўн кунда бошпанамни, ошхона, ҳожатхона ва ташқи деворларни ҳавас қиладиган даражада қайта таъмирдан чиқаришди. Уйни менга тантанали равишда топширишди. Ўша куни Мухторжон Анорбоев ёнимга келиб шундай деди:
– Бу – сизга Президентимиздан совға. Муборак бўлсин!
– Қуллуқ, – дедим. Шу пайт кўзимга ёш келди. Ахир бу кўзлар кеча кўрмай қолгани йўқ. Шундай яшаб келаётганимга 20 йилдан ошди. Кўзимдан ёш оқарди… Бу севинч кўз ёшлари эди…

Ҳурматли Президент!
Олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли халқингизнинг бугуни фаровон, эртаси ёруғ. Сўнгги йилларда, энг аввало, Сизнинг ташаббусингиз ила инсон қадди, қадри баланд бўлди. Эзгу ишларнинг бошида турган Сиздек меҳрибон ва ғамхўр Юртбошимиз бор экан, нафақат мен, яна минглаб, ўн минглаб кўнгли ўксик қалблар ­эъзоз топаверади.
Гарчи кўзларим ёруғ дунёни кўрмаса-да, ғамхўрлик ва эътибордан нур эмиб, қалб кўзларим билан ҳаётни кўр­япман. Юртимизда рўй бераётган оламшумул ўзгаришларни, Сиз олиб бораётган эзгу ишларни радио орқали доимо эшитиб бораман. Кўрсатган ғамхўрлик ва эътиборингиз учун минг бор ташаккур!

Ҳурмат ва эҳтиром ила,
Қурбонсулув ПАРДАЕВА

Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани,
«Қумпайкал» маҳалла фуқаролар йиғини

 

НУРЛИ КУНЛАР ШУКРОНАСИ

Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Мен Сизга оқилона сиёсатингиз сабаб ўз қадрини топган бир фуқаро, бир аёл, бир она сифатида нома битишга қарор қилдим… Зеро, эзгуликларнинг шукронаси ҳам бўлиши керак, деб ҳисобладим.
…Эл севган санъаткор, раҳматли Охунжон Мадалиевнинг «Еганин ош деманг, ёлғиз аёлнинг», деган қўшиғи бор. Мен авваллари бу сўзларнинг маъносини яхши тушунмаган эканман. Ёлғизлик бошимга тушгач, унинг азоб-уқубатларини тўла-тўкис англаб етдим…
Биз оилада олти фарзанд эдик. Мен мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, техникумда ҳисобчилик йўналиши бўйича ўқидим. Уни битириб, қизил диплом олгач, ота-онамнинг норозилигига қарамай, ўзим ёқтирган йигитга турмушга чиқдим. Аввалбошда аҳил-иноқ ва тинч-хотиржам яшадик. Аммо умр йўлдошим ичкиликка ружу қўйди-ю, муносабатларимизга дарз етиб, хонадонимиздан файз-барака кўтарилди. Охири эримнинг тобора авж олаётган ножўя қилмишларига дош беролмадим. Норасида икки қизимни олдим-да, қайнонамнинг «ҳай-ҳай»лашига қарамай, ижара уйга чиқиб кетдим. Тўғри, қийналган вақтларимда ота-онам ва бошқа жигарларим ёрдам бериб туришди.
Кўп ўтмай турмуш ўртоғим ичкилик оқибатида оламдан ўтди. Мен эса қаровчиси йўқ кекса бир аёлнинг парвариши билан шуғуллана бошладим. Шу тариқа 17 йил болаларимни ва ўзимни боқдим. Вақти-соати етиб, онахон ҳам вафот этди. У ўлими олдидан икки хонали турар жойини менга мерос қилиб қолдирди. Бироқ энди оғзим ошга етди, деганда яна бурним қонади. Кампирнинг маҳалласидаги аёллар мени уйга эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритишди. Қўлимда зарур ҳужжатлар, жумладан, нотариус тасдиқлаган васиятнома бўлишига қарамай, дастлабки суд хулосасига кўра, мен меросдан маҳрум этилдим.
Алалоқибат, умримнинг кўп қисми ижарама-ижара яшашу сарсон-саргандонликда ўтди. Бу вақт оралиғида қўл урмаган ишим қолмади ҳисоб. Кези келганда, мардикорлик қилдим, кези келганда, тўй-ҳашамларда идиш-товоқ ювдим. Ҳамиша ҳалол ишладим, аммо бирим икки бўлмади. Ўзимдан ўтган биргина хато туфайли бошимга тушган азоб-уқубатлардан юрак-бағрим қонга тўлиб, яшагим келмай қолган вақтларим ҳам кўп бўлди…
Кейин эса… Фарзандларимни ота-онамга қолдирдим-да, ишлаш учун Россияга кетдим. Бу орада онам фарзандларимга ҳунар ўргатди. Катта қизим моҳир пазандага айланган. Кичиги эса спортнинг каратэ тури бўйича йигирма саккиз марта Ўзбекистон, олти марта халқаро, бир марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Дилбандларимнинг бу ютуқлари менга далда бўлди, қалбимда яшашга қайтадан иштиёқ жўш урди.
Ўзимни бироз ўнглаб олгач, бурноғи йили Ватанга қайтиб келдим. Рўзғорни тебратиш, қизларимни ўқитиш мақсадида аввалги ишларимни давом эттира бошладим. Аммо пандемия деган бало бошланди-ю, моддий аҳволимиз яна ночорлашди. Шу боис, уй-рўзғор буюмларини, кўрпа-тўшак ва кийим-кечакларни сотиб, тирикчилик ўтказишга мажбур бўлдик.
Доно халқимиз «Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ», деб бежиз айтмаган экан. Қийинчиликлар жонимдан ўтиб, яна хорижга ишлаш учун кетиш тараддудини кўраётган кунларимнинг бирида ­масъуллар йўқлаб келишди. Мени олдин Сизнинг ташаббусингиз билан жорий этилган «Аёллар дафтари»га киритишди. Шу асно зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, моддий ёрдам кўрсатишди.
Бундан ташқари, мен мутасаддилар кўмагида тадбиркорликка ўқидим. Шунга кўра, банкдан имтиёзли кредит олдим. Бу маблағ ҳисобига қандолат маҳсулотлари сотиладиган мўъжазгина дўкон очдим.
Яратган Эгам шунча чеккан азобларим мукофотини берди, шекилли, ишларим тез юришиб кетди. Ўзимдан ташқари, яна икки нафар аёлни доимий иш билан таъминладим. Яқин орада фаолиятимни янада кенгайтириш ниятидаман.

Ҳурматли Президент!
Бундан икки-уч йил муқаддам ҳеч вақоси йўқ, оғир шароитда аранг кун кечираётган мендек хокисор аёлни қўллаб-қувватлаганингиз учун минг бор ташаккур! Сиз сабаб ҳаётим қайта изга тушди. Қолаверса, мен қараган онахон мерос сифатида қолдирган уйнинг барча ҳужжатлари қонунийлиги инобатга олиниб, суд яқинда менинг фойдамга ҳал қилув қарори чиқарди.
Ҳозир ҳеч қандай камчилигим, ортиқча муаммо-ташвишим йўқ. Янги Ўзбекистонда, Сиздек ғамхўр раҳбаримиз борлигидан ғурурланиб яшаяпман.
Эҳтиром билан,

Гулбаҳор АСҚАРОВА
Тошкент вилояти,
Оҳангарон шаҳри

 

ҚАДРИМИЗ ҲАМ, ҚАДДИМИЗ ҲАМ ЮКСАЛДИ

Муҳтарам Президент!
Сизга хат ёзишдан аввал кўп мулоҳаза қилдим… Қимматли вақтини олмайманми? Менинг ёзганларимни ўқирмикан? Шу каби саволлар қўлимга қалам олганимда кўнглимдан ўтар ва яна иккиланар эдим. Кейин яна ўйладим: ахир миннатдорликни қандайдир изҳор этиш керак-ку, эзгуликнинг ҳам жавоби бўлиши керак. Сизнинг бир ташаббусингиз мен каби минглаб аёлларнинг ҳаётини ўзгартиргани рост-ку! Шуларни кўнглимдан ўтказдим-у, ёзишга қарор қилдим.
…Болаликдан II гуруҳ ногирониман. Кўзим яхши кўрмайди. Тақдир ўз аччиқ қисматини эрта бошимга солди. Шу сабабми, болалигимнинг ширин хотираларини ҳам эслай олмайман. Ўн ёшимда отамдан айрилдим. Орадан йиллар ўтиб, тоғдек суянган акам оламдан ўтди. Фарзанд доғи ёмон экан, бу кўргиликлардан кейин онам сиқила-сиқила касалманд бўлиб, тўшакка михланди.
Ҳали мактабни тамомламай, рўзғорнинг юки мен ва синглим Севаранинг гарданига тушди. Ҳамма тенгдошларим мактабга борса, мен синглим билан кунлик ишларга чиқардик. Онамнинг дори-дармонига етарли маблағ топиш учун иш танлаб ўтирмас эдик. Иш чиқса бас, эркаклар қиладиган оғир юмушларга ҳам бораверардик. Баъзан пул билан, баъзан эса қуруқ қўл билан қайтардик.
Тақдир экан, онам ҳам оламдан ўтди. Ёлғиз синглим билан чор-­атрофи очиқ, йиллар давомида таъмир кўрмаган, ёмғир ёғса, чакки ўтадиган уйда қолдик. Қўлимиз ҳеч ишга бормас, устига-­устак ўзим ҳам хасталаниб, ғам ботқоғига ботиб қолдим.
Яқинларимизни йўқотганимиздан кейин шу чоққача бизни ҳеч ким йўқлаб келмаган эди. Шу куни бетоблигим сабаб кунлик ишга чиқа олмаган эдим. Кутилмаган чақириқдан ташқарига чиқиб қарасам, уч-тўрт нафар киши турибди. Салом-аликдан кейин улар хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиб юришганини айтишди. Мен билан савол-жавоб қилиб, муаммоларимни қайд этишди, яшаш шароитимни ўрганишди. Суҳбат асноси «неча йилдан буён шу уйда яшайсиз?», деб сўраб қолишди. Уялиб кетдим. Елка қисиб,«болалигимдан», деб жавоб бердим. «Яна озгина сабр қиласиз, янгисини қуриб бергунимизча», дейишди. Очиғи, бу гапларга ишонишимни ҳам, ишонмаслигимни ҳам билмай қолдим. Ахир бу биз учун ақлга сиғмайдиган гаплар эди-да. Шундан сўнг синглим иккимиз «Аёллар дафтари»га киритилдик. Қисқа муддат ичида бўш ер ўрнида икки хонали иморат қад ростлади.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
40 ёшимгача деворлари лойсувоқ, ёмғир ёғса, томидан чакка ўтадиган, хароба бошпанада яшадим. Мен бу тақдирдан асло норизо эмасман. Аммо Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, Сизнинг ғамхўрлигингиз туфайли мана бугун шундай шинам уйга эга бўлдик. Ҳозир дунёдаги энг бахтли аёллардан бириман, десам адашмаган бўламан. Бу яхшиликларингиздан кейин яшашга бўлган ишончим, умидим янада ортди.
Энди хотиржамман. Сизга мактуб ёзяпман-у, қувончим ичимга сиғмаяпти. Бу яхшиликларингизни, оталарча меҳрибонлигингизни ҳеч қачон унутмаймиз.
Қачон Фарғонага келсангиз, бизнинг уйга ҳам, албатта, меҳмонга келинг! Чунки бу Сизнинг ҳам уйингиз.
Биз, Сиздек Президентимиз борлигидан инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган табаррук юрт фуқароси эканимиздан фахрланамиз.
Эҳтиром билан,

Мақсуда СОБИРОВА
Фарғона вилояти,
Ўзбекистон тумани,
«Шодлик» маҳалласи

БАХТИЁР ФАРЗАНДЛАРИМ НИГОҲИДА МЕҲРИНГИЗ НАМОЁН

Ассалому алайкум, ҳурматли Юртбошим!
Сизга ушбу мактуб орқали миннатдорлик туйғуларини етказиш мақсадида қўлимга қалам олдим.
…Мен шу кунгача уйсизликдан қийналиб юрган бир аёл эдим. Уч нафар қизалоғим билан жуда кўп жойларга кўчганмиз, ҳатто бировларнинг қўрасида яшашга ҳам мажбур бўлганмиз. Хароб аҳволдаги том остида уйнинг девори болаларимни босиб қолишидан қўрқиб, ухламай тонг оттирган кунларимни бугун ҳам унутганим йўқ.
Фотима ва Зуҳра қизларим «Онажон, қачондир бизнинг ҳам чиройли уйимиз бўлади, ўша уйда туғилган кунимизни бирга нишонлаймиз», дея ҳар таваллуд кунларида қилган ниятлари ушалишига унчалик кўзим етмаса-да, қизалоқларимнинг оппоқ тилакларига қўшилиб, доим дуо қилардим.
Сабр ва яхши ниятларимиз, энг муҳими, Сизнинг биз, аёлларга оталарча ғамхўрлигингиз туфайли бугун орзуимиз ушалди. «Аёллар дафтари» рўйхатига тушганимдан сўнг, менинг ҳақиқатан уй-жойга муҳтожлигимни билган яхшилар дарҳол ёрдам қўлини чўзишди. Биз учун қурилаётган уйнинг ҳар ғишти қўйилаётганда болаларимнинг севинчдан сакрашларини кўриб, Сизга бўлган меҳрим ва ҳурматим янада ошиб борарди.
Ҳурматли Юртбошим!
Бугун Сиз сабабли менинг ҳам ўз уйим бор. Уйимизга янги гилам олиб келиб, тўшашганида учала қизалоғим хурсанд бўлиб, устида думалаб яйраганлари, стол-стул, мебеллар олиб келишганида яна ҳам севинганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Уйимизни жиҳозлаб, яшашга тайёр қилиб беришган барча яхши инсонлардан чексиз миннатдорман.
Камбағалликдан чиқариш учун товуқ ва икки совлиқ қўй беришди. Менга ажратилган ерни ҳам экинга тайёр қилишгач, турли экинлар экдим. Энди помидор, пиёз, картошка, тухумни бозордан сотиб олмайман. Ҳаммаси ўз уйимда бор. Бир қишлоқ аёлига нима зарур бўлса, бугун ҳаммасига эришдим. Фарзандларим ҳам бахтиёр. Фотима ва Зуҳраларимнинг ниятлари бугун ушалди. Янги ва чиройли уйда туғилган кунини ўзлари истагандек нишонладик. Шу баҳона ёзилган катта дастурхон атрофида қизалоқларим, қўни-қўшниларим билан дуога қўл очиб, яратгандан Сизни ўз паноҳида асрашини сўраб дуо қилдик.
Илоҳим, халқимиз бахтига соғ-саломат бўлинг! Яхшиликлар қилишдан асло чарчаманг! Эзгу ишларингизда Аллоҳ мудом мададкор бўлсин!

Ҳурмат билан,
Барнохон ОҚБОЕВА
Наманган вилояти, Поп тумани,
Чиғаноқ қишлоғи

ЭЗГУ ТАШАББУСЛАРИНГИЗДАН ШИЖОАТ ОЛМОҚДАМИЗ

Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизнинг ёшларни, тадбиркорларни, айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлашингиз доимо менга руҳан мадад беради. Мен бугун ана шу мадад учун Сизга миннатдорлик мактуби ёзмоқдаман.
Тадбиркорлик фаолиятимни 19 ёшимда бошлаганман. 2016 йилда «Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси» танловида ғолиб бўлиб, 4 фоизлик имтиёзли кредит сертификатини ютиб олдим ҳамда 2 миллион сўм билан тадбиркорликни бошладим. Уй шароитида кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқариб, аҳолига тарқата бошладик. Онам ва ўзим иш билан банд бўлдик. 2019 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган «Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси» танловида ғолиб бўлиб, «Халқ банки»нинг 25 миллион сўмлик 8 фоизлик имтиёзли кредитини олишга муяссар бўлдим ва тикувчилик цехини ташкил этдим. Ишчилар сони ўзимиз билан бирга 4 нафарга етди.
Ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 4 йилга берган 200 миллион сўмлик фоизсиз субсидияси мен бошқараётган «Шаменай» аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази фаолиятини янада ривожлантирди. Ишчилар сонини 26 нафарга етказдик.
Корхонамизда «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизларга бепул ҳунар ўргатиб, кейинчалик уларни иш билан банд қилиш амалиётини ҳам йўлга қўйганмиз. Масалан, 2020 йилда 15 нафар хотин-қизни тикувчиликка ўқитган бўлсак, бу йил 43 нафарини ҳунарга ўргатдик. Корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириб, уларни доимий иш билан банд қилиш устида иш олиб боряпмиз.
Тўғри, бизнинг туманимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш жуда қийин. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Шахсан ўзим ҳам бир неча бор мураккаб вазиятларга дуч келганман. Аммо ушбу туманни мен ривожлантирмасам, унда ким, деган савол хаёлимдан кетмайди. Қийинчиликларга дуч келган пайтларимда менга Сизнинг шижоатингиз, бизга бўлган ишончингиз далда беради ва «Ғалаба сари олға» шиорим билан келажакка интиламан. Сизнинг эзгу ташаббусларингиздан илҳом оламан.
Барчаси учун миннатдормиз!

Чуқур эҳтиром билан,
Шаҳрибону ЮСУФБОЕВА
Қорақалпоғистон Республикаси
Шуманай туманидаги «Шоманай-Шаменай»
МЧЖ раҳбари

 

КЎЗЛАРИМГА НУР БЎЛГАН МАДАД

Ассалому алайкум, меҳрибон Президент!
Сизга хат ёзиб, бирор нарса сўрамоқчи эмасман. Яратганга шукр, сиз билан учрашмасак ҳам, сизнинг ташаббусингиз билан тузилган Ишчи гуруҳ мени «Аёллар дафтари»га киритгач, томлари тешилиб, деворлари нураб, шифтлари чириб тамом бўлган ­уйимни баҳор фаслида яп-янги қилиб беришди.
Тўрт мучам соғ бўлганида ҳам, ўзим асло шундай иморат қилолмас эдим. Қани энди, кўзим кўрса-ю, сиз қуриб берган уйни кўролсам, эшигидан ўзим кириб-чиқсам, ҳовлисини ўз қўлларим билан супурсам…
Мана ўн йилдирки, иккала кўзим кўрмай қолган. Агарда ёнимда келиним, набирам бўлмаса, дастурхонга қўйилган бир парча нонни ҳам топиб, ея олмайман.
…Катта фарзандим 42 ёшида Зарафшон шаҳридаги заводда ёниб кетиб, оламдан ўтди. Куйган бағрим совимасдан ўғлимнинг ортидан 14 ёшли набирам ҳам бизни ташлаб кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай турмуш ўртоғим инсультга чалиниб, бу дунёни тарк этди. Мана шу айрилиқлар, азоблар кўзларимни кўр қилди…
Аллоҳга шукр, кичкина келиним ақлли, инсофли чиқди. Оқ ювиб, оқ тарайди, тўйларга, байрамларга қўлимдан етаклаб олиб боради. Жонимни ҳам, кўнглимни ҳам оғритмайди.
…Бугун уйимнинг чиройли бўлганини ич-ичимдан ҳис қилиб турибман. Сиз туфайли эски ҳовлимга жуда кўп одам ҳол-аҳвол сўраб келишади. Ҳаммаси «Холажон, мен фалончиман, фалон жойда ишлайман. Сизга Президентнинг саломини олиб келдим», деб кетма-кет кириб келаверишади. Шундан билдимки, сиз билан бирга ишлаётган одамларнинг ҳаммаси худди ўзингиздек меҳрибон, ширинсухан одамлар экан, барака топишсин.
Бизга шунчалик меҳрибонлик кўрсатдингизки, айтишга сўз тополмайман, муҳтарам Президентим!
Ҳамиша дуоимиздасиз, бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!

Чуқур миннатдорлик ила,
Пўлатхон ИСОҚОВА
Навоий вилояти, Хатирчи тумани,
Тамабаҳрин қишлоғи