Яшил майдон сабоқлари: БИЗГА НИМА ЕТИШМАЙДИ?

716

Бугунга келиб футбол Ватан шарафи, эл-юрт шаъни учун курашнинг энг ёрқин ва афзал кўринишларидан бирига айланди. Айни кезларда кўҳна қитъа яшил майдонларида ўтаётган «Евро – 2020» баҳслари, назаримизда, худди шу ўзига хос жиҳатларни бор бўйича намоён этмоқда.

Бунга мисол тариқасида ўн олтинчи бор ўтказилаётган Европа чемпионатининг дастлабки кунларидаги баҳслардан бирини, аниқроғи, Финляндия ва Дания учрашувини эсга олайлик. Унинг 42-дақиқасида ногаҳон рўй берган нохуш ҳодиса ўша лаҳзаларда миллионлаб томошабинлар қалбини ларзага солди. Даниялик­ футболчилар етакчиси Кристиан Эриксен ҳушидан кетиб йиқилгани, ҳаёти хавф остида қолгани футбол оламидаги яна бир қатор жиҳатларни ҳам очиб берди. Шифокорлар кенг жамоатчилик кўз ўнгида футболчининг ҳаётини сақлаб қолиш учун зўр бериб курашгани бир тараф, бу жараён ёзиб олинмаслиги учун афтодаҳол етакчи атрофини ҳалқа шаклида ўраб олган жамоадошларининг бирдамлиги бир тараф бўлди. Инсон ҳаёти қил устида турган ўша қалтис дамларда Кристиан учун рақиб жамоа футболчиларию мухлислари ҳам Яратганга илтижо қилганлари рост. Қолаверса, Дания терма жамоа­­си сардори Симон Кьер ўз вақтида Эриксенга биринчи тиббий ёрдам кўрсатгани, шериклари ва Кристианнинг рафиқасига далда бергани ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Буни ҳақиқий якдиллик, ҳақиқий матонат деса бўлади!
Футболнинг ҳақиқий мухлислари ва мутахассислари яхши билишадики, клуб таркибида ўйнаш билан терма жамоа сафида тўп суриш бир-биридан жиддий фарқ қилади. Ҳатто ўртамиёна ўйинчи ҳам миллий терма жамоа либосини кийганида, агар юрагида ўти бўлса, чинакам жангчига айланади. Бундай вазиятда у билан курашиш ҳар қандай рақиб учун осон кечмайди.
Ирода, матонатнинг бундай намуналарига Хорватия ва Швейцария терма жамоалари иштирокидаги баҳсларда ҳам гувоҳ бўлдик. Хорватлар Испания билан учрашувда икки тўп фарқи билан орқада бораётиб, ­сўнгги беш дақиқа ичида ҳисобни тенглаштирдилар. Алқисса, гарчи мағлуб бўлган эсалар-да, чемпионатни бошларини тик тутган ҳолда тарк этдилар.
Айнан шу куни бошқа бир баҳсда сенсация юз берди. Амалдаги жаҳон чемпиони Франция қўшнилари тўсиғидан ўтолмади. Швейцариялик­лар худди хорватлар сингари икки тўп фарқини йўққа чиқариб, ғалабага эришдилар. Таркиби «юлдуз» футболчилардан иборат Франциядан кўра ўрта даражадаги Швейцария терма жамоаси аъзоларидаги ғайрат, курашчанлик ва ирода устун чиқди.
Европа спорт майдонларидаги баҳслар ҳали давом этади. Биз яна қизғин курашларнинг, инсонпарварлик, юртпарварлик руҳи билан тўйинган ҳақиқий олишувларнинг гувоҳи бўламиз. Ўз нав­батида, беихтиёр хаёлга толамиз. Чунки юқоридаги ижобий фикрларни мундиалга чиқиш йўлидаги етти уринишнинг бирортасида ҳам ҳали муваффақият қозона олмаган биз учун азиз бўлган терма жамоага нисбатан айтишга истиҳола қиласан киши.
Нима ҳам дердик, турли коррупцион ҳолатлар, таниш-билишчилик, терма жамоа либосини ­кийишга нолойиқ кишиларнинг муҳим баҳсларга жалб қилиниши, болалар футболидаги оқсаш ва бош­­қа ­кўплаб сабаблар бутун бошли мамлакат футболига болта ураётгани аччиқ ҳақиқат. Албатта, кўпчиликка маълум бу сабаблар алоҳида таҳлилни талаб этади.
Биз эса оддий бир ҳақиқатни эслатмоқчимиз: юқорида тилга олинган муаммолар ва хато-камчиликлар бартараф қилинмас экан, мухлисларнинг кўнгли бундан кейин ҳам футболдан совийверади.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»