Дунё янги «пандемия» қаршисида(ми?)

993

БМТ махсус вакили Мами Мизутори яқинда шундай пессимистик маълумотларни маълум қилди: қурғоқчилик навбатдаги пандемияга айланиш арафасида ва ундан даволаниш учун вакцина йўқ.

Маълумот берилишича, 1998 йилдан 2017 йилгача қурғоқчилик камида 124 миллиард доллар зарар келтирган ва 1,5 миллиарддан ортиқ киши ундан азият чеккан. Айни вақтда глобал исиш сабабли Европа жануби ва Ғарбий Африкада қурғоқчилик кучайган. Қурғоқчилик ҳам пандемия каби узоқ вақт давом этади, кенг географик кўламга эга ва сезиларли даражада зарар келтиради. Бу омил қурғоқчиликка дуч келмаган мамлакатларга ҳам озиқ-овқат етишмовчилиги ва уларнинг нархи ошиши орқали таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, Африка, Марказий ва Жанубий Америка, Марказий Осиё, Жанубий Австралия, Жанубий Европа, Мексика ва АҚШда қурғоқчилик тез-тез ва кучли бўлиши кутилмоқда.
Дастлабки хавотирлар эса бўй кўрсатмоқда. Тайвандаги иқлим муаммоси сабабли дунё бўйича микросхемалар етказиб беришдаги узилишлар ва электроника ҳамда автомобиллар нархи ошишига олиб келиши мумкин. Яримўтказгичли чиплар етказиб берувчи дунёдаги энг йирик экспортёр мамлакат сув ва электр танқислиги боис ишлаб чиқаришдаги муаммолар кучайганини маълум қилди. Тайванда бир йилдан бери давом этаётган қурғоқчилик миллий иқтисодиётни жиддий зарба остига қўйди. Глобал исиш мамлакатда электр энергияси ва сув ресурслари етишмовчилигига олиб келди. Бу эса Тайвандаги микросхема ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Тайвандаги иқлим ўзгаришини мониторинг қилувчи «Taiwan Adaptation Platform» сайтига кўра, 1957 йилдан 2006 йилгача бўлган давр ичида мамлакатда ёз фасли бир ойга узайди, қиш эса мос равишда 30 кунга қисқарди. Охирги юз йил давомида ўртача ҳарорат 1,3 даражага кўтарилди.
Яна хавотирли рақамлар: ҳар дақиқада дунё бўйлаб 23 гектар майдон чўлланиб боряпти. Бу ҳолат давом этаверса, 2050 йилга бориб, Ер юзининг 95 фоизи чўлланиши ва бу 3 миллиарддан зиёд одамни озиқ-овқат танқислигида қолдириши мумкин. Ўтган асрдан бери геоэкологик муаммолар қаторига чўлланиш ҳам қўшилди. Жуда ҳам ёмони, чўлланган ўлкаларда экологик тизимлар бузилади, органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашади. Бу дунёни табиий иқтисодий инқирозга олиб келади. Чўлланиш қашшоқликни келтириб чиқаради. Ҳозир яхши яшаётган 3,2 миллиард одам яқин келажакда озиқ-овқат танқислигидан азият чекишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар йили дунё бўйлаб 12 миллион гектар, 1 дақиқада эса 23 гектар ер чўлланади. Шу кунларда Ер юзининг 75 фоизи чўлланган. Aгар бу таҳдид давом этаверса, 2050 йилга бориб Ер юзининг 95 фоизи яроқсиз ҳолга келади. Чўлланган сувли ҳудудларнинг 87 фоизи охирги 300 йил ичида шундай ҳолга келган. Яна ҳам яқин тарихга қарайдиган бўлсак, чўлланишнинг 54 фоизи охирги 100 йилга тўғри келган. Жануби-шарқий Осиё ва Aфрикада бу жараён ҳамон давом этмоқда. Ўзбекистонда эса ҳар дақиқада 9 квадрат метр ҳудуд чўлланиб боряпти. Охирги ҳисоботларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи чўлланган. Чунки бу ҳудуд жуда қуруқ ва унда сув ресурслари етарли эмас. Чўлланишга олиб келадиган омиллардан бири – қишлоқ хўжалигининг оқилона ташкил қилинмагани. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги чорва молларининг нотўғри ўтлатилиши ҳам бунга сабаб бўлади. Чорва моллари ўтлатишга юборилганда улар ўсимликларни илдизи билан еб юборади. Бу эса деградация жараёнини тезлаштиради. Шунинг учун Ўзбекистонда экинларни томчилаб суғориш технологияси бошланган.
Об-ҳаво рекорд даражада исиб кетиши Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига жиддий талафот етказмоқда. Сўнгги ойлар Марказий Осиёга қаттиқ қурғоқчилик бостириб келаётганидан дарак бермоқда. Қирғизистондаги «Тўқтағул» сув омборидаги вазият бунга ёрқин мисол бўла олади. 2021 йилнинг мартидаёқ Қирғизистон расмийлари омборда сув миқдори хавотирли даражада камайиб, атиги 8,7 миллиард куб метрга тушиб қолганидан огоҳлантиришган эди. Умумий сиғими 19,5 миллиард куб метр бўлган сув омбори учун бу, дарҳақиқат, жуда кам. Омборга сув Норин дарёсидан келади. Норин эса Тожикистон ҳудудидан ўтувчи ирмоқларидан йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга етказиб берувчи, Марказий Осиёда энг узун бўлмиш Сирдарёга ­қуйилади. «Тўқтағул» – айни чоғда Қирғизис­тондаги электр энергиясининг қарийб 40 фоизини етказиб берувчи энг йирик ГЭС жойлашган жой ҳамдир. Қирғизистонлик­лар шлюзларни ёпиб қўйиб, сув омборини тўлдириб олиш ҳақида гапира бошлашганди. Аммо 16 июнь куни мамлакатнинг энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев сув миқдори 10,9 миллиард кубга етганини маълум қилди. Қозоғистоннинг Сирдарё сувига эҳтиёжи кундай равшан. «Қозгидромет» мамлакатнинг 14 вилоятидан 6 тасида кучли қурғоқчилик бўлишини башорат қилмоқда. Хусусан, Сирдарё сувининг катта қисмини оладиган Қизил Ўрда вилоятида бу йил маҳаллий маъмурлар шоли майдонларини қисқартиришган, аммо чорва моллари учун ем-хашак етиштириш борасида ҳам вазият жуда оғир, ҳайвонлар ҳам жазираманинг жабрини тортишига тўғри келяпти. Қизил Ўрдадан ғарбда – Манғистов вилоятида ҳам шу аҳвол. Қозоғистон ҳукумати Қизил Ўрда ва Манғистов вилоятларида икки минг бошдан ортиқ уй ҳайвонлари, асосан йилқи сув ва ем-хашак танқислигидан нобуд бўлганини тан олди. Тожикистоннинг Хатлон вилоятига қарашли Ёвон туманида ҳам айни вазият кузатилмоқда. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ўт йўқ, жазирама, қурғоқчилик.
Қирғизистоннинг Чуй вилоятида айрим фермерлар бу йил ҳосилдан буткул айрилганини айтишмоқда. Сув танқислиги, бунинг устига, суғориш тизимларининг эскириб кетганлиги майдонларнинг тез намсизланишига олиб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат сув ресурс­лари агентлиги директори Алмазбек Сокеев вилоятдаги айрим кичик сув омборларида ва дарёларда сув сатҳи улар меъёр даражасининг ярмидан камроғини ташкил этишини таъкид­лаган эди. Қурғоқчилик Туркманис­тоннинг Марв ҳамда Лебап вилоятлари қиш­лоқ хўжалигига ҳам зарар етказмоқда, кўп­лаб фермерлар ҳосилнинг катта қисми бой берилишини тахмин қилишмоқда. Туркманис­тонда сув ҳатто Ашхобод туманларида ҳам йўқ – пойтахт аҳолиси баъзан Цельсий бўйича 45 даражага чиқиб кетадиган ҳароратда деярли кун бўйи сувсиз қолмоқда.
Айни қурғоқчилик ва чўлланиш туфайли Марказий Осиёнинг кўп туманларида озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, мавсумий сабзавотлар қимматлашаётгани кузатилмоқда. 2020 йил бош­ларида коронавирус пандемияси таъминот занжирига салбий таъсир этиб, минтақага жиддий зарба берган бўлса, бу йил қурғоқчилик ортидан хавф солаётган озиқ-овқат танқислиги Марказий Осиёни анча ҳолдан тойдирадиган кўринади. Ўтган ярим йил ичида Қирғизистонда ўсимлик ёғи икки бараварга, тухум ва гўшт ҳам қарийб шунчага қимматлади. Лекин энг катта «сюрприз» – саб­­зи бўлди: «Настоящее время» канали маълумотига кўра, унинг нархи икки ҳафтада тўрт карра – килосига 25 центдан бир долларгача ошган. Телеканал намойиш этган лавҳада, шунингдек, Қозоғистон савдо вазири Бахит Султоновнинг «картошка ва сабзи излаб» Тошкентга боришга ҳозирланаётгани ҳақида хабар қилинганди. Турк­манистонда бир кило гўшт 65 манат ёки расмий курс бўйича қарийб 20 доллар туради, беш литр ўсимлик ёғининг баҳоси эса 250 манат ёки расмий курс бўйича 70 доллардан ортиқ. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ – Тожикистоннинг энг йирик вилояти, аҳолиси сони 250 минг киши бўлиб, катта қисми Россияда яшайди ва ишлайди. Камбағаллик даражаси бошқа минтақаларда 20-30 фоиз бўлса, ушбу вилоятда 40 фоизга яқин) одамлар нарх-наво Москвадаги билан тенглашиб қолганидан шикоят қилишмоқда. Айни пайтда, шунча муаммоларга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларининг ўзаро муносабатлари яхши. Юзага келган мураккаб вазиятда беш мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар муаммо ечимининг бош калитидир.
Дунёда чўлланишнинг олдини олиш учун қатор тажрибалар бошланган. Масалан, «Хитойнинг Буюк яшил девори» лойиҳаси Гоби саҳроси ҳудудига дарахт ўтказиб, у ерни 2050 йилгача тўлиқ ўрмонга айлантиришдан иборат. Хитой бу ­лойиҳани 1978 йилда бошлаган ва унга 9,9 миллиард доллар пул ажратган. Натижада Хитойнинг сунъий ўрмони 2009 йил ҳолатига кўра, 12 фоиздан 18 фоизга ўсган. Бу – Ер юзидаги инсон таъсирида яратилган энг катта ўрмон ҳисобланади. Чўлга қарши кураш ва кўпроқ дарахт­ларни кўпайтириш мақсадида Хитой тупроқ кам ҳудудларга тепадан уруғ экиш ва кўпроқ қурғоқчил бўлган ҳудудларга дарахт ва буталар экиш учун фермерларга маблағ ажратяпти. Бироқ бу Хитойда яна бир муаммони келтириб чиқараётгани айтиляпти. Aгар саҳрога экилган дарахтлар илдиз отиб, ҳудуд­­га мослашадиган бўлса, бу ­тупроқ таркибидаги намлик камайишига олиб келади. Чунки ўрмондаги сув ернинг бошқа ҳудудларига қараганда кўпроқ буғланади.
Исроил ҳам чўлланишга қарши янги тажриба қўллади. Исроил давлатининг 95 фоиз қисми қуруқ ва қурғоқчил иқлимга эга. Мамлакатнинг 60 фоиз ҳудуди Негав чўлидан иборат. Шунинг учун ҳам Исроил чўлланиш ва тупроқ деградация муаммолари билан доим курашиб яшашига тўғри келади. Исроилнинг чўлланишга қарши кураш­дастури сувни марказлаштирилган бошқарув асосида йўналтиришга қаратилган. Бундай бошқарувга, сув нисбатан кўп ҳудудлардан сув танқис минтақаларга етказиш, сув кўп бўлган йиллари захирада сув ғамлаб, қурғоқчил йилларда сарф қилиш, чиқинди сувларни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун қайта тозалаш, чўл ҳудудида дарахт­ларни кўпайтириш, сув хусусиятига мослашган ўсимликларни иқлим ва тупроқ шароитига мослаштириш киради. Исроил бу вазифани амалга оширишни Қиш­лоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юклаган. Вазирлик тупроқ эрозия­­си бўйича деҳқонларга кўмаклашиш учун мутахассислар юборади. Охирги 50 йил ичида Исроил 200 га яқин майдонда 260 миллиондан ортиқ дарахт экди. Бу майдонларнинг аксарияти иқлими қурғоқчил, тоғли, қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ерлар эди. Шунингдек, Исроил ўрмонзорлаштиришнинг янги технологиясини ишлаб чиқди. Бу ярим қуруқ ва қурғоқчил ерларни «саванналаштириш» дейилади. «Саванналаштириш» амалиётида атрофи дарахт­лар билан ўралган тоғ ёнбағирларида ҳосил етиштирилади. Бу – биохилма-хилликни сақлаб қолиб, тупроқ унумдорлигини оширади.
Энг муҳими, қурғоқчилик ва чўлланишнинг олдини олиш учун инсоннинг табиатга бўлган муносабатини яхшилаш керак. Бунда экологик маданиятни, инсонларнинг табиатга меҳрини ошириш зарур. Инсон – табиатнинг бир бўлаги. Табиатдан унга зарар етказмасдан фойдаланиш лозим. Табиатдан оладиган ресурсларимиз эртага тикланиши шарт. Aгар тикланмайдиган ресурсларни олсак, бу – ернинг қашшоқланиши ва чўлланишига олиб келади.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи