Кластерлар тўғрисида алоҳида қонун керак!

1075

Шу йил баҳор фаслининг бошида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармаси ўзининг 2020 йилги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани уюштирди. Унда масъуллар йил давомида ўтказилган назорат тадбирлари, аниқланган қонунбузарликлар, қабул қилинган маъмурий қарорлар ва киритилган тақдимномалар хусусида батафсил маълумотлар беришди.

Бизни эса инспекция ҳисоботидан кўра кластерлар ва фермерлар муносабатларига оид айрим масалалар қизиқтирарди. Шу боис, мутасаддиларга мурожаат қилдик:
– Маълумки, фермер қишлоқ ва сув хўжалигига доир қонунларга риоя қилмаса, ресурслардан оқилона фойдаланмаса, унга нисбатан тегишли чора кўрилади. Буниси тушунарли, аммо кластер фермер манфаатларини бузганда, инспекциянинг «қўли» қаергача етади? Бундай дейишимизнинг боиси, кластерлар тадбиркорлик субъектлари сирасига киритилган. Қонунчилигимиз эса тадбиркорни унча-мунча идора безовта қилишига йўл қўймайди.
Айтишларича, инспекцияга кластер мутасаддилари устидан шикоят келиб тушса, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсманга хабар берилади. Унинг розилиги олингач, кластер фаолияти текширилиб, можарога ойдинлик киритилади. Масалан, шу асосда ўтказилган текшириш жараёнида аниқланишича, бултур Пахтаобод туманидаги кластер масъуллари бир фермернинг пахтадан орттирган даромадидан қуритиш-тозалаш харажатлари учун 22 миллион сўм ортиқча пул чегириб қолишган. Туман бўйича фермерлар ҳисобидан ноқонуний ушлаб қолинган жами маблағлар миқдори эса 1 миллиард 953 миллион сўмни ташкил этган.
Жорий меъёрларга биноан, пунктга топширилган пахтанинг намлик даражаси 9, ифлослик даражаси эса 2 фоизга тенг бўлиши керак. Ҳар иккала кўрсаткич меъёрдан ортган тақдирда, кластер қуритиш-тозалаш харажатларига ҳар тонна пахта учун фермер ҳисобидан ўртача 50-55 минг сўмдан ушлаб қолади. Бу нормал ҳолат. Марҳамат тумани пахта кластери эса айни масалада ҳар тонна ҳосил учун етиштирувчиларга қўшимча равишда 30 минг сўмдан «солиқ солган». Табиийки, бундай вазиятда фермерлар ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ҳақли.
Аслида бундай ҳолатлар кластер-фермер муносабатларига оид кемтикликларнинг бир қирраси, холос. Чунки сўнгги икки йил ичида турли ташкилот-идораларга кластерлар устидан арз қилувчи фермерлар кўпайди. Кузатувлардан аён бўлишича, пахта ҳосилига давлат буюртмачи бўлган даврга нисбатан ҳозир фермерлар томонидан судга даъво аризалари киритиш ҳам анча кўпайган.
Дарвоқе, фермерлар дардига қулоқ тутсангиз, уларнинг фиғони фалакка чиқади: «Кластерга шартномавий қараммиз. У пахта даромадини вақтида ҳисоб-китоб қилмаяпти. Ҳақимизни бераётганда эса ҳали у, ҳали бу хизматини рўкач қилиб, катта суммадаги пулларимизни ушлаб қоляпти. Қисқаси, кластер биз кутган ва орзу қилган тузилмага айлана олмади. Қайтага, пахтага давлат буюртмачилик қилган кезлар деҳқонларга муносабат яхшироқ эди…».
Пиллачилик кластерларига нисбатан ҳам шунга ўхшаш жиддий эътирозлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Ёдингизда бўлса, ўтган йили «Ishonch» газетасида «ANDIJAN SILK CO» МЧЖ пилла кластери фаолиятига дахлдор «Матмуса неча марта уйланади?» сарлавҳали танқидий мақола ёритилганди. Натижада Марҳамат туманининг Бирлик маҳалласида яшовчи элликка яқин пиллакор таҳририятимизни ўзлари учун «танка»га айлантиришди. Йўқ, улар бировдан ош-нон сўрашмади, фақат битта дардларини айтишди. «Илтимос, топширган пилламиз ҳақини – пешона теримиз маҳсулини ундиришда кўмаклашинглар. Чунки кластер масъулларига ялинавериб чарчадик», дейишди.
Мана, иккинчи мавсумдирки, таҳририят вакили «Ўзбекипаксаноат»га сим қоқиши, уюшма эса кластер мутасаддисининг «қулоғидан тортиб қўйиши» туфайлигина туман пиллакорларига меҳнат ҳақлари етказиб бериляпти. Энди, бир ўйлаб кўринг, шу масала аслида вазирлик мақомидаги уюшма миқёсида ҳал этиладиган муаммоми?
Энди фермерларни қийнаётган энг асосий саволга жавоб излаб кўрайлик: эзгу орзу-ниятлар билан тузилган кластерлар нега кутилган натижани бермаяпти? Улар нима учун ўзларига билдирилган ишончни оқламаяпти?
Кузатувлар асосида чиқарилган хулосалар эса қуйидагича: аввало, фермерлар клас­терга шартномавий қарам бўлиб қолишмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, фермер мус­тақил фаолият юритиш ҳуқуқига эга. Амалда эса кластерлар билан муносабатларда танлов имконияти йўқ ҳисоби. Айтайлик, Андижон вилоятида ҳозир МЧЖ шаклидаги 13 та пахта-тўқимачилик, 5 та пиллачилик клас­тери фаолият кўрсатяпти. Улар маълум туманларга бириктирилган. Шундай экан, муайян ҳудуддаги фермерлар ўша тумандаги кластер билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Ҳақ-ҳуқуқи учун астойдил курашишга қодир саноқли фермерларни истисно қилсак, қолганлари маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларининг маъмурий буйруқбозлиги остида кластерлар билан шартнома имзолашади.
Албатта, шартнома – томонлар ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини англаган ҳолда онгли равишда тузиладиган ҳужжат. Не дейсизки, шартлари кластер томонидан шакллантириладиган шартномаларни имзолаш жараёни баъзан пайсалга солиниб, йил охирига қадар атайин кечиктирилаётгандай. Ҳолбуки, бу вақтда ҳамма байрам ташвиш­лари билан андармон бўлади. Ана шундай бир вазиятда маҳаллий ҳокимиятнинг «Масала бугундан қолмаслиги керак!» қабилида иш тутиб, шартномани имзолатишга аралашуви кластерга жуда қўл келади.
Барча фермер бир жойга йиғилган, шартномани дўппини бошдан олиб, бафуржа ўқиб чиқиш имкони бўлмаган пайтда кўпчилик «Бор-э!», деб имзо чекиб юборади. Келаси йил якунида эса кўпинча кластер ва фермер ўртасида молиявий низо келиб чиқади. Судда, турган гапки, аксарият ҳолларда кластер байроқни илиб кетади. Чунки унинг қўлида фермернинг икки оёғи бир этикка тиқилган дамларда муҳрланган ҳужжат бор. Бу фикримизни исботлайдиган далиллар истаганча топилади.
Ўзаро гурунглар чоғи кўпчилик фермерлар «оқ олтин»га давлат буюртмачилик қилган кезларда пахтадан олинган даромад ҳар йили 31 декабргача хўжаликнинг ҳисоб­рақамига келиб тушганини таъкидлашади. Кластер тизими жорий этилгандан буён эса аксарият ҳолларда бундай ҳисоб-китоблар вақтида амалга оширилмаяпти. Фермернинг ҳақини тўрт ой, олти ой, ҳатто бир йил кеч бериш анъанага айланиб улгурди. Қолаверса, кластерлар томонидан фермерга топширган ҳосили ҳисобидан кунжара, шелуха каби маҳсулотлар бериш масаласи ҳам деярли йўққа чиқарилмоқда.
Албатта, фермернинг ҳам ўз режалари бўлади. Қўл остида ишловчи деҳқонларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдан ташқари, давлат томонидан илгари сурилаётган самарали ташаббусларни ҳаётга тат­биқ этиши учун унга катта маблағ керак. Дейлик, бу йил деҳқончиликка сув тежовчи технологияларни жорий этиш устувор аҳамият касб этмоқда. Кластердан ўтган йилги даромадини ҳануз ололмаган фермер қандай қилиб, қайси маблағи эвазига бу янгиликни фурсат ғаниматида амалиётга жорий эта олади?
Пахтани қуритиш-тозалашга боғлиқ тарифларни кластер фермер билан келишган ҳолда ёки уларнинг фаолиятини ҳимоя қилувчи органлар, жумладан, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари иштирокида ишлаб чиқиши зарур. Амалда эса ҳар бир кластер бу борада ўз билгича иш тутмоқда. Собиқ «Пахтасаноат» тизимидан мерос қолган низомларни ўз йўриғига мослаб, тарифларни шу асосда ­шакллантирмоқда. Оқибатда икки ўртада можаро авж оляпти. Фермерлар дала юмушлари билан шуғулланиш ўрнига турли идораларга мурожаат этишга мажбур бўлишяпти.
Бинобарин, бу масалаларни тартибга соладиган, барча кластерлар бирдай риоя қилиши шарт бўлган ҳужжат ишлаб чиқилиши зарур. Бу – давр тақозоси!
Бизнингча, кластерлар фаолиятини текшириш масаласида ҳам янгича ечимга эҳтиёж бор. Матбуот анжуманида эслатилишича, клас­тер фаолиятини текширмоқчи бўлган идора вакиллари қўлида, албатта, талабгорлардан тушган шикоят хати ва Бизнес-омбудсманнинг рухсатномаси бўлиши шарт.
Албатта, биз мамлакатда тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўймаслик борасидаги ҳаракатларни олқиш­лаймиз. Аммо тадбиркорлик субъекти саналмиш кластер фермер билан ўзаро муносабатда «Шум бола» асаридаги бой отанинг Қоравойга муомаласидан андаза олган бўлса-чи? У фермернинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини поймол қилишда давом этаверса-чи?..
Тўғри, халқимиз андишали. Айниқса, машваратларда кластер мутасаддисини маҳаллий ҳокимнинг биқинида кўрган ҳар қандай фермер ҳам унинг устидан шикоят битмоққа жазм қилавермайди. Негаки ҳоким тўнини тескари кийса, ерини олиб қўйи­­ши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолатга мисоллар камми? Муҳими, бу масалани ҳам жиддий ўйлаб кўриш даркор.
Ўрни келганда яна бир гап. Бизда ҳар гектар ердан 40 центнердан ҳосил олган хўжалик раҳбарларини «Олтин фермер» деб олқишлаш анъанага айланган. Чунки бундай ютуққа эришиш ҳамма деҳқоннинг ҳам қўлидан келавермайди.
Энди, манави мисолга бир эътибор қаратинг. Яқинда ҳосилдорликни кўтариш бобида ҳамкорлик қилаётган фермерларга намуна бўлсин, деган эзгу ниятда кластерларнинг ўзларига ҳам давлат томонидан катта ишонч билдирилиб, экин майдонлари ажратиб берилди. Биргина Андижон вилоятида 13 та пахта-тўқимачилик кластерига 16 минг 184 гектар майдон бириктирилди. Белгиланган режа ҳам ҳазилакам эмас: гектар ҳисобига нақд 50 центнердан! Таассуфки, бошқаларга ибрат бўлиши умид қилинган айрим кластерлар далаларидаги бугунги манзара, парваришланаётган ғўзаларнинг ривожи ўртамиёна фермернинг экинзоридан деярли фарқ қилмайди. Элак сувдан кўтариладиган дамлар эса тобора яқинлашмоқда…
Албатта, ҳукуматимизнинг жорий йил март ойида эълон қилинган «Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги қарори лойиҳасида юқоридаги каби бир қатор муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилган жиҳатлар ҳам бор. Аммо, бизнингча, мамлакат аграр секторининг келажаги клас­терларга боғлиқ экан, ушбу соҳани тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжати керак. Йўқса, аксарият кластерлар фаолиятидан кутилаётган умидлар бундан кейин чиппакка чиқавериши эҳтимолдан холи эмас.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»