Кулол қўлларида яралган мўъжиза

693

Кулолчилик – қора лойдан мўъжизакор гўзаллик яратган энг қадимий ҳамда навқирон санъат. Хоразм кулолчилиги узоқ тарихга, ажойиб анъаналар, шакл, мазмун, ижодий жараён ва ўзига хос услубга эга. Сопол буюмлар содда бўлса-да, унинг кўриниши, қисмларининг сақланиши, нақшларнинг бадиий жонланиши, шакли, мазмунининг бирлиги Хоразм кулолларини жаҳонга танитиб келган.

XX аср бошларида Хоразмда Кўҳна Урганч (Эшмурот уста), Хива, Мадир (Хонқа яқинидаги қишлоқ) ва Каттабоғ (Янгиариқ) кулоллар мактаби фаолият кўрсатган. Хоразм кулолчилик мактаби Риштон (Фарғона), Тошкент, Самарқанд, Ғиждувон (Бухоро) ва бошқа кулолчилик мактабларидан ўзига хос ясаш услуби, технология­­си, нақш композиция­­си, ранги, динамиклиги (ўйноқилик), эстетик таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Хоразмда бу қадимий санъат авлоддан авлодга анъана тариқасида ўтиб келган ва ҳозирги кунда ҳам ривожланиб, такомиллашиб келмоқда.
Хоразм кулолчилик мактаби ривожланишида Раҳимберди Матчановнинг ўрни тенгсиздир. Раҳимберди Матчанов Хоразмнинг қадимий кулолчилик марказларидан бири Мадир қиш­лоғида 1909 йил кулоллар оиласида ­дунёга келди. Шу давр­­да қиш­лоқда 27 та кулолчилик устахонаси бўлиб, 80 нафардан ортиқ кулол ишлаган. Матчон кулолнинг ўғли Раҳимберди отасидан кулолчилик сир-­асрорларини ўрганди. Сўнгра ўзи мустақил идишлар ясаб, кошинларга нақшлар чизиб, ижод қила бошлади. 1930 йилларда артелга кириб, кулолчилик ишларини давом эттирди. Устани Хоразмда сермева дарахтга ўхшатишади. Чунки жуда кўп шогирдлар етиштирган. Зарип Латипов, Даврон Саъдуллаев, Амин Мирзаев, Марямжон Матчанова, Мукаррама Саъдуллаева, Султонбой Отажоновлар ҳозирги кунда бадиий кулолчилик санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Тарихий обидаларни таъмирлашда уста кулолнинг хизматлари катта. 1956 йилда Хивадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини таъмирлашда қатнашди. У гумбаз учун зангори рангда кошинлар тайёрлаб берган (ташқи қисми), яна Кўҳна Арк дарвозасининг 2 минорасини ва бошқа меъморчилик ёдгорликларини таъмирлашда қатнашган. Ҳозирги кунда уста Раҳимберди Матчановнинг яратган ишлари Мос­ква, Ленинград, Тошкент, Хива шаҳарларидаги музейларнинг доимий экспонатига айланиб қолган.
Шу кунда каттабоғлик Отажон уста Матёқубов ва ўғиллари Султонбой уста, Одилбек уста, Мадирлик Аминбой, Матчон, Одилбек, Ойбек усталарнинг ясаган буюмлари харидоргир бўлиб, маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни ҳайрон қолдирмоқда.
Хивалик кошинпаз уста ­Ру­­­стам Тоиров эса ота-боболарнинг бой меросини ривожлантириб, 20 йил давомида изланиб, 1997 йилда Хива шаҳрининг 2500 йиллик тўйи арафасида шаҳримиздаги қатор обидаларга қайта ҳаёт бағишлади. Жумладан, Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси, Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва минораси, Матниёз девонбеги мадрасаси, Нуруллабой, Қибла Тозабоғ, Кўҳна Арк, Тош ҳовли саройлари ва бир қанча биноларнинг кошинларини қайта таъмирлади.
Хулоса шуки, қимматбаҳо маданий ва маънавий бойлигимизга айланган Хоразм кулолчилик мактаби ўзининг жозибали анъаналари, ўзига хос усули ва техникасини йўқотмаган ҳолда янада сайқалланиб, ривожланмоқда.

Бобожон КОМИЛОВ,
«Ичан-Қалъа» давлат
музей-қўриқхонаси
бош мутахассиси