Белеули карвонсаройини излаб…

34

2018 йил сентябрь ойида Устюртга қилган икки кунлик саёҳатни ҳеч унута олмайман. Ўшанда Орол денгизи ва Устюртдаги Белеули карвон саройига борамиз, деб режа қилган эдик. Ҳамроҳларимиз бор. Иккита йўлтанламас автомашинага «Нукус винозаводи» корхонаси ҳомийлик қилган. Бирида мен, марҳум археолог Муҳаммад-Шариф Қидирниязов, шоир Бахтиёр Генжемуратов ва фотограф Арислан Қанназаров. Иккинчисида телевидение оператори, режиссёри ва дрон учирувчиси.
Нукусдан чиқаверишда Муҳаммад-Шариф оға «Воҳ, аттанг, уйдан курак олиб чиқишимиз керак эди. Ҳа, майли йўлдан ортга қайтмайлик, келгуси сафар олиб чиқармиз» деди.

– Курак нимага керак? – дедик қизиқиб.
– 1979 йилда Белеулини қазиганман, – деди археолог. – Карвон саройнинг деворига плитага ёзилган эски ёзувни топгандим ва бировлар олиб кетмасин, дея саройга яқин жойга кўмиб кетган эдим. Орадан 40 йилга яқин вақт ўтибди. Ҳали ҳам тургандир. Шу ёзувни қазиб олганимизда яхши бўлар эди-да…
– Ёзувни топсак, ҳақиқий сенсация бўлади-ку!, – дея ҳаяжонланамиз биз ҳам. – Балки, чўпонлардан курак олармиз…
Ҳа, ёзувни топиш иштиёқи сафаримиз мазмунига янада файз қўшди. Йўл бўйи Муҳаммад-Шариф оғанинг бир-биридан қизиқарли гурунгларидан баҳраманд бўлиб бордик.
Саёҳатимизнинг биринчи куни Орол денгизининг бўйида ўтовларда қўниб қолдик. Эрталаб Белеули карвон саройига йўл олдик. Қўлимизда аниқ бир харита ёки JPS ускунаси йўқ. Фақат автомашина ҳайдовчиларига ишонганмиз. Улар Устюртни беш бармоғидай биладиган моҳир шофёрлар. Аммо Белеулига Оролдан чиқиб бормаган экан. Таваккал, деб йўлга чиққанмиз, хуллас…
Устюртда дунёдан узилиб қолган битта қишлоқ бор. Ҳозир уни Қубла (Жанубий) Устюрт посёлкаси дейишади. Қишлоқнинг кенг тарқалган номи эса «КС-7» (компрессор станцияси №7). Собиқ Иттифоқ даврида «Комсомольск-на-Устюрте» деб аталган. Орол денгизи соҳилигача бу қишлоқ 55 километр масофада. Эрталаб соат 7:00да йўлга чиқиб, соат 10:00ларда «КС-7»га етиб келдик. Озгина тамадди қилиб, Белеулига йўл сўрадик.
– Белеули мана бу томонда. Йўлда қалин саксовулзор бор шундан ўтгандан сўнг айтилган манзилга етиб борасиз. У ерда чўпонлар бўлса керак, – деди йўлимизда учраган устюртлик Илёс Наврўзбоев ғарбни кўрсатиб. Унинг сўзларидан Белеули жуда узоқда эмасдек туюлди. Осонгина топа оладигандек руҳланиб кетдик.
Йўлга соат 12:00ларда тушдик. «КС-7» қишлоғидан чиққач бир соатларда бир қудуқ ёнидаги отарга келдик. У ерда чўпондан яна йўл сўраб олдик. У осонгина айтди: «Яна озроқ юрасиз, саксовулзорликдан ўтасиз, Белеули шу томонда».
Биз енгил тортдик. Манзилга оз қолибди. Яна 15-20 дақиқаларда етиб олсак керак…
Аммо яна мўл юрдик, орадан 4-5 соат ўтиб кетди. На қишлоқ бор, на Белеули. Йўл сўрай десак, телефонлар ишламайди, антенна йўқ. Ҳайдовчилар ҳам ҳадиксирай бошлади.
– Бу кетишда бензин тугайди. Нима қиламиз? – энг ишонган одамимиз – Виктор оға шу гапни айтганда ҳафсаламиз бирдан сўнди.

Аммо йўл юриш керак. Шунда, биласизми, ҳаммамизнинг кўзимизга сароб кўрина бошлади. Гоҳ, олисда водий кўринади, гоҳ кўп қаватли уйлар борга ўхшайди. «Ана, Белеули!» дея қичқириб юборамиз. Қошига борсак, бўйи ярим метр келадиган саксовул бўлиб чиқади. Бир пайт кўзимизга қўйлар кўринади. «Ана, сурув!» деб яна чинқирамиз. Борсак, бўйи бир қарич келадиган ёвшан новдаси бўлиб чиқади…
Ниҳоят кун кеч бўлаётганда трактор ва вагон кўринди. Ҳаммамизнинг қувончимиз чексиз эди. Чўпонлар Устюртда вагонларда яшайди. Трактор билан бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юради. Чўпоннинг исми Эсен экан. Биз жудаям бахтиёр эдик. Ахир, у халоскоримиз, ягона умидимиз эди.
– Белеули бу ердан 5 километрча нарида, – деди у мақсадимизни билгач. – Юринг, ўзим олиб борай. Мен у ерга ҳар куни бориб турибман.
Энди Белеулини топишга ишончимиз қатъий эди. Аммо «5 километр нарида» деган жойга уч маротаба бордик. Лекин карвон саройдан ном-у нишон йўқ. «Бу қанақаси бўлди?» дея Эсен оға ҳам ҳайратда эди. Кун эса ботмоқда. Энди карвон саройни топишнинг иложи йўқ эканини ҳаммамиз ҳис қилардик. Чўпонни вагонига элтиб қўйиш учун қайтдик. Йўлда ёрдамчи чўпонни кўриб қолдик. У ҳам вагон турган жойни тополмай, адашиб бошқа томонга кетиб бораётган экан. Нималар содир бўлаётгани бизга тушунарсиз эди. «Наҳотки, ҳар куни қатнаб юрган одам ҳам карвон саройни топа олмаса-я?».
Умуман олганда, шу кунги сафаримиз Устюртнинг нақадар шафқатсиз, беаёв эканини кўрсатиб қўйди. У бизга «тартибли бўлинг, қоидаларимга риоя қилинг» деяётгандек эди.
Устюртнинг Равшан қишлоғи (Қўнғирот тумани)дан келадиган жойи­­да «Чойхона» деган жой бор. Фақат шиша синиқлари сочилиб ётган тап-тақир жойга нега шундай ном қўйилган?
Билдикки, уни геологлар қўйган. Улар Устюртдан қайтганида «мана элга келдик, юрт кўринди» деб фақат шу ерга келгандагина «отамлашар» экан.
Ана энди бироз тин оламиз. Хўш, Белеули қандай жой?
Белеули – Марказий Осиёни Қуйи Волгабўйи ва Жануби-ғарбий Европа давлатлари билан туташтириб келган, Буюк Ипак йўлининг бир тармоғида жойлашган карвонсаройдир.
Олимларнинг таъкидлашича, ўрта асрларда Орол-Каспий оралиғи, Устюрт кенглиги нафақат кўчманчи қабилалар жойлашган саҳро бўлган, балки бу ҳудуддан минтақавий алоқадаги аҳамиятга эга карвон йўллари ҳам ўтган. Белеули карвон саройи ушбу аҳамиятли савдо йўлида асрлар бўйи тамаддунлар алоқаси учун хизмат қилиб келган.
Белеули карвонсаройи Қўнғирот тумани Жаслиқ посёлкасидан шимоли-шарқда 67 километр узоқликда жойлашган. Карвонсарой атрофида қудуқлар, сардобалар, қурилиш тош­лари чиқарилган карьерлар ва ўрта аср, янги давр қабристонлари мавжуд. Қабристонлардаги тошлар, ёзувлар, тошга битилган нақшлар яхши сақланган.
Ўрта аср, янги давр ёзма манбаларида Белеули обидаси ҳақида маълумотлар жуда кам. Лекин мароккалик буюк сайёҳ Ибн Баттута ўзининг «Саёҳатнома» (1333 йил) асарида: «Сарайчадан Гурганжга туяга қўшилган араваларда келиш мумкин. Устюрт паст текислигида ҳар икки ёки уч кунлик масофада қўниш жойлари мавжуд. Уларда қудуқлар жойлашган. Қудуқларга ёғин ва қор сувлари йиғилади» деб маълумот беради. Бундан ташқари, италиялик савдогар Франческо Пегелотти 1342 йилда савдо ишларига бағишланган «Савдогарларга амалий кўрсатма» номли асарида ҳам улар келган савдо карвони «Сарайчадан Устюрт-Гурганж йўналишида туя арбаларда 20 кунда етиб борди» дейилади. Устюрт кенглигидаги карвон саройлар Испанияда тузилган «Каталония атласи», оғайинли Пициганилер картасида (XV аср) лотинча атамаларда учрайди. Кейинчалик бу карвон йўли тармоғи «Нўғай йўли» номи билан аталган.
Обиданинг жануб томонида карвон йўли ҳанузгача чўп чиқмасдан тақир бўлиб ётибти. Бу йўлни «Нефрит йўли» деб ҳам аташган. Чунки бир пайтлар ушбу Буюк Ипак йўлидан нефрит ёки лазурит тошлари ҳам ташилган.
Белеули мажмуасида илк бор 1946-1947 йилларда археолог Сергей Толстов томонидан археологик кузатувлар ўтказилган. Обидадаги биринчи стационар қазиш ишларини ўтган асрнинг 80 йилларида нукуслик археологлар Юра Манилов, Муҳаммад-Шариф Қидирниязов, Базарбай Сайпановлар олиб борган.
Қазиш натижалари Ибн Баттутанинг барча маълумотларини тасдиқлади. Ҳақиқатдан ҳам Устюрт текислигида Белеули карвонсаройи қошида 100 гектардан ортиқ майдонда ёғин суви йиғиладиган теран тақирлик, 8 та сардоба ва 4 қудуқ мавжудлиги аниқланди.
Белеули карвонсаройи 1 метр қалинликдаги деворлар билан ўралган. Салмоғи 5-10 тонна келадиган плиталарни ота-боболаримиз қандай қилиб судраб келиб, юқорига кўтарган экан? Ҳайрон қоласан. Саройнинг деворлари бундан 30 миллион йил аввал ҳаёт сурган ­Тэтис уммонидан қолган чиғаноқтош­лардан қурилган. Карвон саройга кираверишда эни 3,8 метрлик дарвоза бор. Бир пайтлар портал-дарвозанинг олд томонида Регистондаги Шердор мадрасасидаги каби иккита шернинг расми бўлган. Белеулининг «шер»лари ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ номаълум йўловчилар томонидан олиб кетилган. Ҳозирги кунда портал-дарвозанинг юқори қисмидаги арка эса қулаб тушган.
Белеули карвонсаройи 19 та хона, омборхоналардан иборат бўлган. Карвонсаройнинг тош деворларида палеографик ёзувлар, петрог­лиф-расмлар бор. Уларни шу ерда қўнган йўловчи, сайёҳ, савдогарлар ёзиб қолдирган. Уларнинг орасида эски лотин ҳарфларида битилган ёзувлар ҳам бор.
Обиданинг шарқ томонида тақирлик бор. У ерда июнь ойигача қор ва баҳорги ёмғир сувлари йиғилиб туради. Сайғоқлар ҳам шу қоқ ерга йиғилган сувдан ичади. Чўпонлар баҳор ойларида сувдан фойдаланиш учун шу ерга кўчиб келади. Эрта давр­ларда ушбу тақирликларга йиғилган сув карвонсаройнинг атрофидаги 8 та сардобага йиғилган. Устюртда сув йиғишнинг бундан бошқа усули йўқ.
Биз Белеулидан ана шундай таассуротлар билан қайтдик. Яна билганимиз шуки, Белеули карвонсаройи эътиборга муҳтож. Олимларнинг ­фикрига кўра, у ерда қазиш ишлари ниҳоясига етмай қолган. Обида ­реставрация талаб қилади. Аждодлар яратган ажойиб обидадан сайёҳлик маскани сифатида фойдаланилса, нур устига нур бўлар эди.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»