«Тараққиёт стратегияси» маркази делегацияси Туркияда

423

«Тараққиёт стратегияси» маркази делегацияси айни кунларда ишчи ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб турибди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – Туркиянинг бир қатор нуфузли ижтимоий-иқтисодий таҳлил ва тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан амалий мулоқотлар ўтказиш, улар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда биргаликда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб боришдан иборат.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегация аъзоларини Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SЕТА) раҳбари – бош координатори Бурханеттин Дуран кутиб олди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, SETA – миллий, минтақавий ва халқаро муаммоларни инновацион тадқиқ этиб борувчи нуфузли нотижорат тадқиқот институти ҳисобланади. Мазкур жамғарма фаолиятининг асосий мақсади замонавий сиёсий ва иқтисодий тенденцияларни таҳлил қилишдан иборат.

Жамғарма халқаро мулоқот форумини тақдим этиш билан бир қаторда, тадқиқот ҳисоботлари, нашрлар, ақлий ҳужумлар, конференциялар ва сиёсий тавсиялар орқали сиёсий етакчиларнинг фаолиятига тузатишлар киритишга ҳам ҳаракат қилади. Шунингдек, SETAнинг асосий вазифаси давлат аппарати ва хусусий секторда қарор қабул қилувчилар учун эътиборга молик, ишончли, ва мустақил ахборотларни тақдим этишдан иборат.

Ушбу жамғарма илмий-таҳлилий йўналишдаги турли мавзулар билан боғлиқ мақолаларни доимий равишда чоп этиб боради. Учрашув аввалида Элдор Туляков Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, бу борада «Тараққиёт стратегияси» маркази ва бошқа нодавлат жамоат ташкилотларининг ўрни ва роли ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида, Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SЕТА) раҳбари ҳам Ўзбекистон билан Туркия муносабатлари кейинги вақтларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистонда сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар натижасини юқори баҳолади ҳамда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган минтақавий ва глобал даражадаги халқаро ташаббуслар Марказий Осиёда барқарор тараққиётга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Бурханеттин Дуран Марказий Осиё ва унга қўшни ҳудудларда ўзаро иқтисодий, транспорт ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг самарадорлиги ҳамда уларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таъсирини етакчи илмий тадқиқот марказлари томонидан таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.

Бу борада Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SЕТА) «Тараққиёт стратегияси» маркази билан фаол илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдириб, биргаликда қўшма лойиҳаларни бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ахборот хизматининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда истиқболда ўзаро манфаатли, долзарб мавзуларда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Файзулло Яҳёев,
ЎзА